Ҳавво онамизнинг қабри Жиддадами? (2)

0

239 – Башарият онаси Ҳаввога нисбат бериладиган Жиддадаги қабр афсонадир

(Давоми)

Муаррих Шайх Ҳусайн ибн Ғанном раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жиддада қилинаётган ишлар оммавий балога айланди, залолат ва бузуқлик авжига чиқди. У ерда узунлиги олтмиш газ келадиган қуббали қабр бор. Уни Ҳаввонинг қабри деб даъво қилишади. Аслида у айрим инс шайтонларининг иши бўлиб, қадим замондан шу иш учун ҳозирлангандир. Қабр хизматчилари ҳар йили у ердан ақл бовар қилмас даражада кўп мол-мулк йиғиб олишади. Қабрга кириб, онаси Ҳаввога салом беришни хоҳлаган ҳар бир кимса албатта қўлида пул билан киради. Ахир олийжаноб кишилар у ёқда турсин, пасткаш одам ҳам озгина пулни қизғаниб, онасига салом беришдан қочармиди?!»[1]

Тарихчи Батнуний айтади: «Ибн Жубайр ҳижрий 587 йилда амалга оширган саёҳати давомида айтган гап мазкур қабр кейинчалик пайдо қилинганига яққол далиллардан биридир. Ибн Жубайр бундай дейди: “У ерда, яъни Жиддада бир жой бор. Айтишларича, устига эски қубба тикланган бу макон одамзод онаси Ҳавво Маккага кетаётганида истиқомат қилган уйи бўлган экан”»[2].

Шайх Али Маҳфуз айтади: «Ботил эътиқодларга оид бидъатлардан бири айрим ҳикоячилар айтадиган гаплардир. Эмишки, Каъбаи мушаррафа Одам алайҳиссалом замонида осмондан тушган, Одам алайҳиссалом унга бориб ҳаж қилган экан. Арафотда Ҳавво билан топишишган, чунки ерга тушганидан кейин уни йўқотиб қўйган экан. Бу гапни тасдиқлаш учун Жиддада Ҳавво учун сохта қабр пайдо қилишади. Уларнинг даъволарига кўра, Каъба тўфон вақти осмонга кўтарилган, кейинчалик ерга қайта туширилган…»[3]

Тарихчи генерал Иброҳим Рифъат Пошо айтади: «Мақбара ўртасида Ҳавво онамизнинг сохта қабри бор. Қабрнинг узунлиги юз эллик, эни тўрт, бўйи эса бир метрга тенг. Тепасида учта қубба бор. Иддао қилишларича, қуббаларнинг бири бош, бири киндик, яна бири оёқлар устига тўғри келади»[4].

Устоз Абдулқуддус ал-Ансорий Жидда шаҳри нега «Жидда» (ёки «Жудда») деб номлангани ҳамда бу қанчалик тўғри экани ҳақида сўзлар экан, жумладан бундай дейди:  «Шаҳар номини «Жудда» деб айтган мутақаддим (илгари яшаб ўтган) олимлардан бири Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Башорийдир. У бундай деган: “«Жудда» денгиз бўйида жойлашган шаҳар. Шаҳар номи денгиз номидан олинган”.

Ибн ал-Мужовир ад-Димашқий ҳам «Жудда» деб келтирган. У айтади: “Жудда шаҳрининг бундай номланишига сабаб у ерга башарият онаси Ҳавво алайҳассалом кўмилганлигидир. Чунки Ҳавво бутун оламнинг «жадда»си, яъни бувисидир. Бу шаҳар қурилганида башарият отаси Одам алайҳиссаломнинг аёли Ҳаввога нисбатан «Жадда» номи билан танилган”.

Эътибор берилса, Ибн Мужовир шаҳар Ҳавво онамиз номига «Жудда» деб аталгани ҳақидаги ривоятни заиф санайди. Чунки у ривоятни араб тилида маълумотнинг заифлигини англатувчи «айтишларича» деган сўз билан келтиради. Аслида у қуруқ афсонадан бошқа нарса эмас. Ишончли ва мўътабар олимлар унинг ҳақиқат эканини кескин рад этганлар. Ҳавво онамизнинг қабри бугунга қадар маълум бўлиб қолиши ақлга сиғмайди. Қолаверса, Ибн Мужовирнинг ўзи ҳам бу ривоятни келтиришда ўзи сезмаган ҳолида зиддиятга тушиб қолган. Яъни у дастлаб шаҳар номи «Жудда» эканини айтиб, сўнг одамзод момоси (араб тилида «жадда» буви маъносини англатади) Ҳавво шу ерга кўмилгани учун «Жудда» деб номланганини айтади. Ҳолбуки, араб тилида момога «жадда» дейилади, «жудда» эмас. Ушбу зиддият мазкур афсонавий қисса яроқсиз эканига очиқ далил бўлади»[5].

Абдулқуддус Ансорийнинг юқорида келтирилган гапларига Шайх Исмоил ал-Ансорий раҳимаҳуллоҳ қуйидагича изоҳ ёзади: «Китобнинг 38-бетида муаллиф шаҳарнинг «Жудда» деб номланишига башарият момоси Ҳавво алайҳассаломнинг у ерга кўмилганини сабаб қилиб кўрсатганларнинг сўзларини келтиради. Кейин бу фикр луғавий жиҳатдан эҳтимоли узоқ эканини, шаҳарнинг «Жудда» деб номланиши араб тилида «момо» (ёхуд буви) маъносини англатувчи «жадда» сўзига уйғун эмаслигини баён қилади.

Бошқа томондан Ҳавво онамизнинг қабри Жиддада бўлиши асоссиз эканини очиқ айтади. Кўплаб уламолар бу масалага нисбатан шундай муносабатда бўлганлар. Жумладан, Шиҳобуддин ал-Хафожий «Шифо ал-алил» китобида «Жудда» исми ҳақида қуйидагиларни айтади: “Омма уни «Жадда» деб айтади ва шаҳар Ҳавво шарафига шундай номланган деб ўйлайди. Чунки Ҳавво шу ерга кўмилгани айтилади. Бироқ уламолар айтганидек, бу гапнинг асоси йўқ”.

Ал-Фосий «Шифо ал-ғаром» асарида (1/88) Ҳавво онамизнинг қабри Жиддадаги ўша жойда эканини иддао қиладиган кимсаларнинг сўзларини ҳақиқатдан узоқ санашини бундай баён қилади: “Ҳаввонинг қабри ўша айтилган жойда бўлиши эҳтимолдан узоқ деб биламан. Чунки Ибн Жубайр буни айтмаган. Ўша замонда у бу ҳақда билмагани учун индамаган. Демак, ҳозирга келиб у ҳақда билиш янада қийинлашган, валлоҳу аълам”.

Ҳавво онамизнинг Жиддага кўмилганига шубҳа уйғотадиган гаплардан бири Ибн Касир «Ал-бидоя ван-ниҳоя» китобининг 98-бетида айтган қуйидаги сўзидир: “Яна айтилишича, Нуҳ алайҳиссалом тўфон вақти келганида Одам ва Ҳавво алайҳимассаломни тобутга солиб, кемага ортади, сўнг уларни Байтул Мақдис яқинига дафн этади. Буни Ибн Жарир айтиб ўтган”.

Ибн Жарир Табарийнинг «Тарих» китобида (1/109) бундай дейилади: “Айтилишича, Ҳавво Одам алайҳиссаломдан кейин бир йил яшаган, сўнг вафот этган, Аллоҳ уни раҳматига олсин. Кейин Абу Қубайс ғорига эрининг ёнига кўмилган. Улар тўфон замонигача ўша ерга кўмилган ҳолда қолганлар. Сўнг Нуҳ алайҳиссалом уларни чиқариб олган, тобутга солган ва ўзи билан кемага ортган. Сув ерга сингиб кетгач, уларни ўша эски жойларига қайтарган”.

Ал-Фосий «Шифо ал-ғаром» китобида Заҳабий Одам ва ўғиллари яшаган давр тарихи ҳақида ёзган қисмга (1/272) оид қуйидаги сўзларни нақл қилган: “Одам алайҳиссаломдан сўнг ўғли Шис қолди. Шисга эллик саҳифа нозил бўлди, 900 йил умр кўрди. Кейин ота-онасининг ёнига – Абу Қубайс ғорига дафн этилди”.

Аллома Муҳаммад Жоруллоҳ ибн Заҳира ал-Қураший ал-Маккий ўзининг «Ал-жомеъ ал-латиф фи фазли Макка ва аҳлуҳа ва бино ал-байт аш-шариф» китобида Одам ва Ҳавво алайҳимассалом дафн этилган мазкур ғор тўғрисида: “Ғор ҳозирда маълум эмас”, деган»[6].

(Давоми бор)

[1] «Тарихи Ибн Ғанном», 1/180. Муаллиф: Шайх Ҳусайн ибн Абу Бакр ибн Ғанном (вафоти: 1225 ҳ.). Текширувчи: Сулаймон ал-Хароший. «Дор ас-салусия» нашри, биринчи нашр, 1431 ҳ.й.

[2] Ал-Батнуний. «Ар-риҳла ал-ҳижозийя», 13-бет.

[3] «Ал-ибдоъ», 306-бет.

[4] Иброҳим Рифъат Пошо (вафоти: 1353 ҳ.). «Миръот ал-ҳарамайн ав ар-раҳалот ал-ҳижозийя вал-ҳаж ва машоируҳу ад-динийя», 1/22. «Дор ал-кутуб ал-мисрийя» нашриёти, Миср, 1344 ҳ.й.

[5] Абдулқуддус ал-Ансорий (вафоти: 1403 ҳ.). «Тарихи мадинати Жидда», 38-бет. «Матобеъ дор ал-Асфаҳоний» нашри, биринчи нашр, 1383 ҳ.й.

[6] «Сойд ал-фавоид» веб сайти. Шайх Сулаймон ал-Хароший қаламига мансуб «Қубур ва машоҳид макзуба (4): Қабру Ҳавво фий мадинат Жидда» мақоласи (http://www.saaid.net/Warathah/Alkharashy/m/174.htm).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг