Ақлдан озган кишининг талоғи

0

Ақлдан озган кишининг талоғи:

Ақлдан озган кишининг талоғи тушмайди. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: “Уч тоифадан: то уйғонмагунча уйқудаги кимсадан, то эс-ҳушига келмагунча ақлдан озган кимсадан ва то балоғатга етгунига қадар ёш боладан қалам кўтарилган, (яъни уларга гуноҳ ёзилмайди)[1].

Дарҳақиқат, Ибн Мунзир, Ибн Қаййим ва Ибн Қудома ақлдан озган кишининг талоғи инобатга олинмаслиги тўғрисидаги уламолар ижмосини нақл қилганлар[2].

Мулоҳазалар:

  • Уламолар бирон узрли сабаб билан ақлини йўқотган ҳар қандай кишини бу борада ақлдан озган кишига таққослаганлар. Шунга биноан, ухлаётган киши, ҳушдан кетган киши ҳамда наркоз ёки кексалик туфайли ақлини йўқотган, шунингдек, васвасага чалинган кишининг талоғи инобатга олинмайди. Бироқ маст киши сингари узрсиз сабаб билан эс-ҳушини йўқотган киши тўғрисида уламолар ихтилоф қилганлар. (Бу борадаги ихтилоф сабаби ва устивор фикрни яқинда айтиб ўтамиз, иншааллоҳ).

  • Агар инсон баъзан ақлдан озиб, баъзан ўзига келиб турса, у ҳолда ҳушига келган ҳолатидаги талоғи инобатга олиниб, ақлдан озган чоғдаги талоғи инобатга олинмайди.

[1] Ҳасан саҳиҳ. Абу Довуд (4398), Ибн Можа (2041) ва Аҳмад (6\ 100) ҳасан ровийлар шажараси ила Ойша розияллоҳу анҳодан, Абу Довуд (4399) Ибн Аббосдан,  Абу Довуд (4403) ва Термизий (1423) Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[2] Қаранг: “Эъломул муваққеийн” (4\ 39), “Ал-муғний” (7\ 113) ва “Ал-ижмоъ” (44-бет).

Изоҳ қолдиринг