Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқ Умар ибн Хаттобни халифа этиб тайинлагани (2)

0

Ўз ўрнига Умарни қолдириши Абу Бакрнинг умматга қилган охирги яхшилиги бўлди. У мол-дунёнинг ёпирилиб келаётганини кўриб турарди, қавмида эскидан муҳтожлик ва фақирлик борлигини биларди. Агар улар дунёга мойил бўлиб қолсалар, унинг шаҳватларига асирга айланиб қолишларидан, дунё уларни тамоман ўзига қул қилиб олиши мумкинлигидан қўрқар эди. Зотан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундан огоҳлантирган эдилар. У зот: “Қасамки, мен сизларга камбағаллик зараридан қўрқмайман, балки дунё худди аввалгиларга мўл-кўл қилингани каби сизларга ҳам мўл-кўл қилиб қўйилишидан ва сизлар ҳам улардек дунё йиғишда мусобақалашиб, оқибатда дунё уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман”, деганлар[1].

Абу Бакр дардни кўра билди ва унга қарши фойдали давони бера олди. Дарҳақиқат, Умар разияллоҳу анҳу анча-мунча куч ўрнидан қўзғатолмайдиган улкан тоғ эди, дунё уни ўз домига тортишдан умиди узилиб, ортига қараб кетарди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Ибн Хаттоб, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон сизнинг йўлингиздан чиқиб қолса, албатта бошқа йўлга юриб кетади[2]”, деган гувоҳликларига эришган зот эди.

Дарҳақиқат, уммат бошига келган аламли ҳодисалар Умарнинг қатл этилиши ортидан бошланди. Шунинг ўзи ҳам Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг фаросати нақадар ўткирлигига ва Умарни ўзидан кейин халифа қилиб қолдириши тўғри бўлганига энг яхши шоҳиддир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади:

“Одамларнинг ақлу фаросатда энг кучлиси уч кишидир:

1) Мусо воқеасидаги отасига: “Эй ота, уни ишга ёлланг. Зеро, сиз ёллайдиганлар ичида энг яхшиси кучли, ишончли кишидир(Қасас, 26) деб айтган қиз;

2) Юсуф ҳикоясидаги: “Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз” (Юсуф, 21) деган киши;

3) Ўзидан сўнг Умарни халифа қилиб қолдирган Абу Бакр”[3].

Умар умматни улкан фитналар долғасидан тўсиб турган мустаҳкам тўғон бўлган эди.

Кейин Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўзининг бу қароридан Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуни хабардор қилди. Умар қабул қилишдан бош тортган эди, унга қилич билан пўписа қилди. Умарнинг олдида ушбу масъулиятли вазифани қабул қилишдан бошқа чора қолмади[4].

Сиддиқ ўзидан кейин одамлар ичида ҳеч қандай шубҳа-гумон қолмаслиги учун уларга қарорини ўз оғзи билан етказишни истади. У одамлар олдига чиқиб: “Мен сизларга кимни халифа қилиб қолдирсам, шунга рози бўласизларми? Аллоҳга қасам, мен бу учун бор имконимни сарфладим, ақлу кучимни аямадим. Бу ишга ўз қариндош-уруғимдан бирон кишини танламадим. Мен сизларга Умар ибн Хаттобни халифа қилдим. Сизлар унга қулоқ солиб, итоат қилинглар”, деди. Одамлар: “Хўп бўлади, бош устига”, деб жавоб бердилар[5].

Сўнг Сиддиқ Аллоҳга ич-ичидан дуо-илтижо қилди: “Эй Аллоҳ, мен уни пайғамбарингнинг амрисиз волий қилдим, мен бу билан фақат мусулмонларга яхшилик бўлишини кўзладим, уларга фитна етишидан қўрқдим, уларга фикрим билан ижтиҳод қилдим, улар учун ичларидан энг яхшисини, барча ишларда уларга ўрнак ва намуна бўлувчироғини бошлиқ қилдим. Менга сенинг амрингдан етган нарса (ажалим) етиб турибди, мен ўзимдан сўнг уларга Сени қолдирдим, улар Сенинг бандаларинг”[6].

Абу Бакр разияллоҳу анҳу фармонни муҳрлагач, унинг ҳеч қандай салбий асоратларсиз амалга ошишига ишонч ҳосил қилиш учун кўзи очиқлигидаёқ уни одамларга ўқиб эшиттиришни ва Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу учун байъат олишни Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳуга топширди. Усмон одамларга хитоб қилиб: “Мана шу фармонда айтилган кишига байъат берасизларми?” деди. Ҳамма бир овоздан “Ҳа”, деб жавоб берди, барча шунга рози бўлди[7]. Фармон ўқиб эшиттирилгач, одамлар келиб, Умар ибн Хаттобга байъат бердилар.

 

[1] Бухорий ривояти, 3158.
[2] Бухорий ривояти, 3683.
[3] “Мажмауз завоид”, 10/268. Ҳайсамий гувоҳлик беришича, Табароний икки санад билан ривоят қилган, улардан бирининг ровийлари “Саҳиҳ”нинг ровийларидир. Ҳоким (3/90) ҳам ривоят қилган ва саҳиҳ санаган, Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган.
[4]Қалқашандий.  “Маосирул инофа”, 1/49.
[5] “Тарихи Табарий”, 4/248.
[6] Ибн Саъд. “Табақот”, 3/199.
[7] Ибн Саъд. “Табақот”, 3/200.

Изоҳ қолдиринг