Ҳавво онамизнинг қабри Жиддадами? (3)

0

239 – Башарият онаси Ҳаввога нисбат бериладиган Жиддадаги қабр афсонадир

(Давоми)

Шайх Ҳаммод ал-Ансорий (вафоти: 1418 ҳ.) айтади: «Жудда шаҳрида Ҳаввонинг қабри борлиги асоссиздир»[1].

Шайхимиз Абдулмуҳсин ал-Аббод айтади: «Одамзод онаси Ҳаввонинг Жиддада, унга нисбат бериладиган мақбарада дафн этилгани ҳақидаги гап тўғри эмас. Зеро, шариатимизда бунга оид ҳеч бир далил келмаган.

Модомики ишончли далил топилмас экан, хабар асоссиз бўлиб қолаверади. Мазкур даъво тўғри эмаслигига қуйидагилар далолат қилади:

  1. Қабрнинг шунчаки Ҳаввога мансуб экани машҳур бўлиб кетиши ҳеч нимани ҳал қилмайди ва Ҳавво онамиз ўша ерга кўмилганини англатмайди. Зеро, кимларгадир мансуб бўлган талай қабрлар борки, аслида ўша одамларга алоқаси йўқ. Бунга Ҳусайн разияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган Қоҳирадаги қабрни мисол қилиш мумкин.

  2. Одамлар илк яратилган даврда гавдалари улкан, умрлари узун бўлган. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: “Биз Нуҳни қавмига элчи қилиб юбордик. У қавми ичида эллик кам минг (950) йил турди” (Анкабут, 14).

Аллоҳ Одам алайҳиссаломни яратганида бўйи олтмиш газ эди. Жаннат аҳли жаннатга оталари Одамнинг гавда бичимида кирадилар.

Бухорий (3326) ва Муслим (7163) «Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло Одамни бўйи олтмиш газ бўлган ҳолда яратди. Сўнгра унга қарата: “Бориб, анави фаришталар жамоатига салом бер. Уларнинг саломингга алик олишларига қулоқ тут. Зеро, уларнинг бу салом-аликлари сен ва зурриётингнинг саломлашувидир”, деди. Одам: “Ассалому алайкум”, деди. Фаришталар: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, дея (Одамнинг саломига алик олишар экан) «ва раҳматуллоҳ»ни қўшимча қилдилар. Жаннатга кирган ҳар бир киши Одам суратида бўлур. То ҳозирга қадар одамзоднинг қадди-қомати қисқариб келмоқда»”.

Бухорий (3327) ва Муслим (7149) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда жаннат аҳлининг жаннатга қандай киришлари баён қилинади. Ҳадис охирида бундай дейилади: “Уларнинг хотинлари ҳури ийнлардир. Уларнинг жуссалари бир хил, оталари Одамнинг кўринишида бўладилар. Унинг бўйи олтмиш газдир”.

Мазкур икки ҳадис Одамнинг бўйи олтмиш газ бўлганини очиқлайди.

У кишининг энига келсак, Имом Аҳмад «Муснад»да (10913) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан заиф санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Одамнинг бўйи олтмиш газ, эни етти газ бўлган эди”.

Юқорида ўтган икки ҳадисда ғайбга оид икки ишдан хабар берилди. Биринчиси Одам алайҳиссаломнинг бўйи олтмиш газ экани ҳақидаги мозийга оид хабар бўлса, иккинчиси жаннат аҳли Одам жуссасида, бўйлари олтмиш газ бўлган ҳолда жаннатга киришлари ҳақидаги келажакка оид бўлган хабардир.

Маълумки, турли замонларда аёллар ва эркаклар орасида бир-бирларига ўхшашлик ва яқинлик бўлиб келгани боис Ҳавво онамизнинг бўйи ҳам Одам алайҳиссалом бўйи билан тенг ёки шунга яқин бўлган. Демак, қабри ҳам шунга яраша олтмиш газ бўлиши керак. Ҳаввога нисбат бериладиган мазкур қабристондаги қабрлар билан бошқа қабристонлардаги қабрлар деярли бир хил, барчаси тўрт газ атрофида. Ҳавво эса ер юзида мавжуд бўлган илк аёл ҳисобланади.

Шундай экан, унинг қабри Жуддада деб хабар беришга ким жазм қила олади?! Бу гапларнинг барчаси қуруқ афсона ва ғайбга оид даъволардан бошқа нарса эмас»[2].

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Макка амири Авн ибн Муҳаммад ибн Авн раҳимаҳуллоҳни (вафоти: 1323 ҳ.) Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳнинг ислоҳотларга оид даъватини қабул қилишга муваффақ айлади. Аввало Аллоҳнинг фазли, сўнг тавҳид даъватчиси Шайх Аҳмад ибн Иброҳим ибн Исо раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1329 ҳ.) саъй-ҳаракатлари билан бу иш амалга ошди. Шайх амир билан қабрлар ва мозорлардаги қуббалар ва биноларни олиб ташлаш ҳақида суҳбатлашди. Бу ишлар Исломга зид эканини, ўликлар хусусида ножўя эътиқодларга олиб боришини, тириклар бошига фитна бўлишини, одамлар орасида бузуқ эътиқодлар ёйилишига сабаб бўлишини баён қилди. Бу гаплардан сўнг Макка амири Авн дарҳол қабрлар устидаги қуббаларни йўқ қилишга буйруқ берди. Фақат Хадижа разияллоҳу анҳога ва Жуддадаги Ҳавво онамизга нисбат бериладиган икки қабр қуббаси бузилмай қолди. Амир фитна чиқишидан қўрқиб уларга тегмади»[3].

Муаррих Батнуний бу ишга кофир давлатлар босими сабаб бўлганини қуйидагича баён этади: «Амир Авн Макка ва бошқа ерлардаги солиҳ кишиларга оид қабрлар қуббаларини бузганидан сўнг Ҳаввога нисбат бериладиган қабр қуббасини бузишга шайланганида бошқа давлатлар консуллари унинг йўлига тўғаноқ бўлишди ва қабр қуббасини бузишга йўл қўйишмади»[4].

Чунки бу каби сохта обидалар ва уларни безаб турган қуббалар ўз ҳолича қолиши ширк, бидъат ва уларга элтадиган воситалар давом этишига ва тарқалишига асосий сабаблардир.

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, «Саудия давлати Ҳижозни эгаллаб, ҳижрий 1344 йилда Қирол Абдулазиз Жидда шаҳрига кирганидан сўнг давлат тарафидан амалга оширилган энг биринчи ишлар қаторида Ҳавво қуббасини бузиш, сўфий тариқатларига оид такяларни беркитиш, ўша замонда авж олган бидъатларга чек қўйиш бўлди. Зеро, одамлар бу қабрлар бизларни Аллоҳга яқинлаштиради деб ўйлар эдилар. Аслида аввалроқ Биринчи Саудия Давлати тарафидан Ҳавво қуббаси олиб ташланган, кейин ҳижрий 1257 йили усмонлилар даврида Ҳижоз минтақасига Ҳожи Усмон Паша Қиримли волий бўлганидан сўнг мазкур қубба қайта қурилган эди. Шундай қилиб, қубба ҳижрий 1261 йилгача ўз жойида қолди»[5].

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Ҳавво онамиз (алайҳассалом) бу қабристонга кўмилгани асоссиз хабар бўлгани ҳамда қабристон зиёратчилари ва у ерга маййитларини олиб келувчилар зеҳнида бу афсона яшаб қолмаслиги учун қабристон номини «Ҳавво қабристони»дан бошқасига алмаштириш вожибдир. Аллоҳнинг Ўзи ёрдамчимиз бўлсин.

[1] Абдулаввал ибн Ҳаммод ал-Ансорий. «Ал-мажмуъ фий таржамат ал-аллома ал-муҳаддис аш-шайх Ҳаммод ибн Муҳаммад ал-Ансорий раҳимаҳуллоҳ», 2/756. Биринчи нашр, 1422 ҳ.й.

[2] Шайх Абдулмуҳсин ибн Ҳамад ал-Аббод қаламига мансуб «Лам ясбут анна ли-Ҳавво уммил башар қабран фи Жудда» мақоласидан олинди. Манба: http://www.ahlalhdeeth.com

[3] Шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ал-Бассом раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1423 ҳ.). «Уламои Нажд хилол саманият қурун», 1/440. «Дор ал-осима» нашриёти, иккинчи нашр, 1419 ҳ.й.

[4] Батнуний. «Ар-риҳла ал-ҳижозийя», 15-бет.

[5] Муҳаммад Али Мағрибий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1417 ҳ.). «Аълом ал-ҳижоз фил-қарн ар-робеъ ашар лил-ҳижра ва баъз ал-қурун ал-мозия», 3/138. Биринчи нашр, 1410 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг