Намоз: Жамоат намозининг ҳукми

0

Жамоат намозининг ҳукми

Уламолар жамоат намозининг ҳукми хусусида тўрт хил фикр билдиришган:

1 – Суннати муаккада: ҳанафий ва моликий мазҳаби;

2 – Фарзи кифоя: шофеий мазҳаби;

3 – Фарзи айн: ҳанбалий мазҳаби;

4 – Намоз дуруст бўлиши учун жамоат шарт: зоҳирийлар мазҳаби.

Мазкур фикрларнинг тўғрироғи учинчи фикрдир. Унга кўра, азонни эшитган ва жамоат намозига бормасликка бирон шаръий узри бўлмаган киши жамоат намозига бориши фарзи айндир.

Жамоат намозининг фарзлигини кўрсатувчи далиллар кўп. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

1) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Дарҳақиқат, бир кишини (намоз учун) иқомат айтишга, бошқа бир кишини (ўрнимга) одамларга имом бўлиб намоз ўқиб беришга буюриб, сўнг ўзим боғ-боғ ўтин кўтариб олган бир қанча одамларни олиб жамоат намозига келмаган кимсалар уйига бориб, устларидан ўт қўйишни қасд қилдим!»[1]

Маълумки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат вожибни тарк қилган кимсаларга бундай катта жазо беришни қасд қилишлари мумкин. Шунга қарамай, у зот бу жазони қўлламаганлар. Чунки жамоат намозига келмаган кимсаларнинг уйларида мазкур жазога ҳақли бўлмаган узрли инсонлар бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам.

2) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кўзи ожиз бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, мени масжидга етаклаб олиб борадиган киши йўқ», дея у зотдан уйида намоз ўқишга рухсат беришларини сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга рухсат бердилар. Қайрилиб кетаётган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақирдилар ва: «Азонни эшитасанми?» деб сўрадилар. «Ҳа», деди кўзи ожиз киши. «Ундай бўлса, азонга лаббай деб, жамоатга бор», дедилар»[2].

3) Аллоҳ таоло уруш ҳолатида ҳам жамоат намозини фарз қилди. Агар суннат бўлганида уруш ҳолатида фарз қилмаган бўлар эди. Шунингдек, фарзи кифоя бўлганида мусулмонлардан бир тоифаси жамоат намозини адо этиши билан қолганлардан соқит бўлган бўлар эди. Ҳолбуки, ундай бўлмади.

Аёллар учун жамоат намозининг ҳукми

Юқорида баён этилган ҳукм фақат эркакларга хос. Бинобарин, аёллар жамоат намозида иштирок этиш учун масжидга келишлари вожиб эмас. Шундай бўлса-да, аёллар очиқ-сочиқ кийиниш ва хушбўйланиш каби эркакларни фитналантирувчи омиллардан четланиш шарти билан жамоат намозини адо этиш учун масжидга келишлари жоиздир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳнинг аёл бандаларини масжидлардан тўсманглар. Масжидга хушбўйланмасдан чиқсинлар»[3].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Аёллар хоҳ кекса, хоҳ ёш бўлсин, модомики шаръий одобларга риоя қилган ҳолда масжидга чиқар эканлар, эркаклар уларни жамоат намозига ҳозир бўлишдан қайтаришлари жоиз бўлмайди.

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёл киши масжиддан ман қилинмайди. Бироқ бунинг учун аёл киши уламолар ҳадислардан олиб зикр қилган шартларга риоя этиши лозим. Бу шартларга кўра, у атир-упа ишлатмаслиги, зийнатланмаслиги, оёғига овоз чиқариб эркаклар эътиборини жалб этадиган тақинчоқлар тақмаслиги, дабдабали либослар киймаслиги ва эркаклар билан аралашмаслиги лозим…»[4].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ тўғрироқ деб билган фикрга кўра, мусулмонлар билан намоз ўқиш учун масжидга бормоқчи бўлган аёлни валийси масжидга чиқишдан ман қилиши ҳаромдир[5].

Бироқ аёлга масъул бўлган валий уни атир-упа сепиб масжидга чиқишдан ман этиши жоиз, балки вожиб бўлади.

  1. Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, аёллар уйларида намоз ўқиши афзалдир. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аёлларингизни масжидга чиқишларидан ман қилманглар. Бироқ улар учун уйда намоз ўқиш яхшироқдир»[6].

  2. Аёлларнинг жамоат намозига чиқиши жоизлиги тўғрисидаги юқоридаги ҳукм барча намозларга, ҳатто бомдод ва хуфтон намозларига ҳам тегишлидир. Зеро, аёллар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бомдод намозига чиқишар эди. Намоздан сўнг ёпинчиқларини ўраниб уйларига қайтар эканлар, ғира-шира қоронғида кимса уларни таниёлмас эди[7].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Қайси аёл хушбўй тутатқи (ёхуд атир) ишлатган бўлса, биз билан бирга хуфтон намозига ҳозир бўлмасин»[8].

  1. Аёлларнинг уйларида намоз ўқиши афзаллигини айтиб ўтдик. Аммо улар уйларида ўзаро жамоат бўлиб намоз ўқишлари мустаҳабми, йўқми?

Жавоб: ҳа, аёллар уйларида жамоат бўлиб намоз ўқишлари мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жамоат билан ўқилган намознинг савоби ёлғиз ўқилган намознинг савобидан йигирма етти даража ортиқ бўлади»[9], деганлар. Ушбу ҳадиснинг умумийлиги аёллар учун ҳам жамоат бўлиб намоз ўқиш мустаҳаб эканини кўрсатади. Қолаверса, Ойша разияллоҳу анҳо аёлларга имом бўлиб фарз намозни ўқигани, намозда улардан олдинга ўтмасдан, балки ўрталарида тургани собит бўлган. Шу каби воқеа Умму Салама разияллоҳу анҳодан ҳам собит бўлган[10].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Авзоий, Суфён Саврий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ва Абу Саврларнинг фикрича, аёллар ўзаро жамоат бўлиб намоз ўқиши, имом бўлган аёл уларнинг ўртасида туриши мустаҳабдир»[11].

Шунингдек, Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ҳам аёллар ўзаро жамоат бўлиб намоз ўқишини мустаҳаб санаган[12].

  1. Аёллар ўзаро жамоат бўлиб намоз ўқиганда имом бўлмиш аёл олдинга ўтмасдан аёлларнинг ўртасида туради. Юқорида айтиб ўтилган Ойша ва Умму Салама разияллоҳу анҳумонинг иши шуни кўрсатади. Бу борада иккисига ҳеч ким хилоф қилмаган.

  2. Имомга ўтган аёл жаҳрий қироат қиладими?

Собит бўлишича, Ойша разияллоҳу анҳо шом намозида аёлларга имом бўлиб намоз ўқир экан, уларнинг ўртасида турган ва жаҳрий қироат қилган[13].

Мазкур ҳадис аёлларга имомлик қилган аёл жаҳрий қироат қилиши жоизлигини ифода этади. Бироқ Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ бунинг учун атрофда имомнинг овозини эшитадиган номаҳрам эркаклар бўлмаслигини шарт қилган. Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имомга ўтган аёл жаҳрий намозда овоз чиқариб қироат қилади. Аммо атрофда номаҳрам эркаклар бўлса, жаҳрий қироат қилмайди. Бироқ эркаклар имомга маҳрам бўлса, жаҳрий қироат қилишининг зарари йўқ»[14].

  1. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Эркаклар сафларининг энг яхшиси олд саф, энг ёмони эса охиридир. Аёллар сафларининг энг яхшиси охирги саф, энг ёмони эса олдидир»[15].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дарҳақиқат, намозда биринчи сафда туриш, сўнг навбатдаги сафда, сўнг ундан кейингисида ва ҳоказо имкон қадар олд сафларда туриш мустаҳаблигини айтиб ўтдик. Бу ҳукм ҳар қандай ҳолатда эркаклар сафларига тегишли бўлган доимий ҳукмдир. Шунингдек, эркаклардан холи бўлган аёллар жамоатига ҳам тегишли бўлади. Аммо аёллар эркаклар билан битта жамоатда намоз ўқиётган бўлсалар ва улар ўртасида бирон тўсиқ бўлмаса, у ҳолда аёлларнинг энг афзал сафи охирги саф бўлади»[16].

Бунга сабаб, охирги сафдагилар эркакларни кўриш, уларга аралашиш ва уларнинг сўзларини эшитишдан узоқ бўлганидир[17].

  1. Масжидда аёллар кириши учун алоҳида эшик ажратилиши мақсадга мувофиқдир. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (масжид эшикларидан бирига ишора қилиб): «Шу эшикни аёлларга ажратсак яхши бўлар эди», дедилар». Нофеъ айтади: «Ибн Умар то вафот этгунча (масжидга) шу эшикдан кирмади»[18].

[1] Бухорий (644), Муслим (651), Абу Довуд (548, 549), Ибн Можа (791) ривояти. Ҳадис матни Муслимга оид.
[2] Муслим (653), Насоий (2/109) ривояти.
[3] Ҳасан. Абу Довуд (565), Аҳмад (2/438) ривояти. Шунингдек, ушбу ҳадисни Бухорий (900) ва Муслим (442) Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан «Масжидга хушбўйланмасдан чиқсинлар» деган қўшимчасиз ривоят қилишган.
[4] Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 4/161-бет.
[5] Ибн Усаймин. «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/254-бет.
[6] Саҳиҳ. Абу Довуд ривояти, 567. Ушбу ҳадисни аслида «Бироқ улар учун уйда намоз ўқиш яхшироқдир» деган қўшимчасиз Бухорий ва Муслим «Саҳиҳайн»да келтирган.
[7] Бухорий (372, 578), Муслим (645), Абу Довуд (423), Термизий (153), Насоий (1/371), Ибн Можа (669) ривояти.
[8] Муслим (444), Абу Довуд (4175), Насоий (8/154) ривояти.
[9] Бухорий (645) ва Муслим (650) ривояти.
[10] Саҳиҳ лиғайриҳи. Ибн Ҳазм («Ал-муҳалло», 4/309-311), Абдураззоқ (3/140-141), Дорақутний (1/404-405) ривояти.
[11] «Ал-муҳалло», 4/309.
[12] Қаранг: «Эълом ал-муваққеийн», 2/376-бет.
[13] «Ал-муҳалло», 4/309.
[14] «Ал-муғний», 2/202-бет.
[15] Муслим (440), Абу Довуд (678), Термизий (224), Насоий (3/93) ривояти.
[16] «Ал-мажмуъ», 4/301-бет.
[17] Қаранг: Нававий. «Шарҳу саҳиҳ Муслим», 440-ҳадис шарҳи; Санъоний. «Субул ас-салом», 1/429; Шавконий. «Найл ал-автор», 3/184-бет.
[18] Саҳиҳ. Абу Довуд (462), Табароний («Ал-авсат», 1/303), Ибн Ҳазм («Ал-муҳалло», 3/177) ривояти.

Изоҳ қолдиринг