Юсуф алайҳиссалом қабри Наблус шаҳрида, Ҳорун алайҳиссалом қабри Уҳуд тоғидами?

0

240 – Фаластиннинг Наблус шаҳридаги Юсуф алайҳиссалом қабри афсонадир

Доктор Исом Сисолим айтади: «Миллатчи сионизм ҳаракати мустамлака ва босқинчилик режасини тузди. Уларнинг мақсади ватанимизга душманлик қилиш, ерларимизни тортиб олиш, муқаддас меросимизни топташ, бизларни ер юзидан супуриб ташлаш, осору атиқаларимизга ҳужум қилиш ва тарихимизни сохталаштиришдан иборат эди. Бу йўлда заррача асос ва далили бўлмаган ёлғон иддаоларни кўтариб чиқишди. Қўлларидаги бор «далил»лари қолоқ ақлларга ин қуришдан бошқасига ярамайдиган тавротий афсоналар эди холос. Улар шу орқали Фаластинда ўзларига оид бир дона бўлса ҳам осори атиқа борлигини исботлашга жон-жаҳдлари билан беҳуда чиранадилар. Европа ва сионизм ҳамкорлиги остида сон-саноқсиз археологик экспедициялар XIX аср бошидан бугунгача олиб борган тадқиқот ва қидирув ишларига қарамай, улар кашф қилган иддаолар ҳеч бир далилга ва тасдиқланган тарихий ҳужжатга эга эмас. Дарҳақиқат, уларнинг даъволари пуч эканини кўплаб кўзга кўринган тадқиқотчилар, тарихчилар ва археолог олимлар исботлаб берган. Жумладан, америкалик тадқиқотчи Кетлин Кенон ва сионизмдан кейинги давр яҳудий тадқиқотчиларини мисол қилиб келтириш мумкин…

Уларнинг асоссиз иддаоларидан бири мужоҳидлар юрти Наблус шаҳри остонасида Юсуф алайҳиссалом қабри бор деган даъволаридир. Юсуф алайҳиссаломнинг Иброҳим алайҳиссалом ҳарамида қабри бор деган гумонга ҳамда Фаластиннинг бир неча қишлоқларида Юсуф исмли мусулмон авлиёлар қабрлари борлигига қарамай, сионизм ҳаракати исмлар ўхшашлигидан унумли фойдаланиб қолмоқчи бўлди; мусулмон шайхи Юсуф ад-Дувайкот қабрини Юсуф алайҳиссалом қабри деб даъво қилди. Мақсад Наблус остонасида ҳарбий казарма учун стратегик аҳамиятга эга жой ҳозирлаб олиб, шаҳарни таҳдид остида ушлаб туриш ҳамда адаштириш ва сохталаштириш ишлари учун диний мадраса қуриш эди. Ваҳоланки, Исломий вақфлар идораси томонидан мазкур қабрга кўмилган киши мусулмонларнинг солиҳ кишиларидан бири экани қайд этилган, унинг қабри исломий осорлар рўйхатига киритилган ва бу маълумот кўплаб катта тадқиқотчилар ва тарихчилар тарафидан тасдиқланган эди. Жумладан, мисрлик олим Аҳмад Усмон «Ғарибун фий водий ал-мулук» китобининг 87-бетида сионистларнинг иддаолари пуч даъволар эканини баён қилган»[1].

241 – Ҳорун алайҳиссаломнинг қабри Уҳуд тоғида деган гап тўғри эмас

Айрим илмсиз одамлар Мадинаи мунавварадаги Уҳуд тоғида Ҳорун алайҳиссаломнинг қабри бор деб даъво қиладилар. Улар бу сўзларига Ибн Шабба «Тарих» китобида келтирган қуйидаги ривоятни далил қиладилар: «Менга Абдулазиз Даровардий ансорлардан бўлган бир кишидан сўзлаб берди. У Абдулмалик ибн Жобир ибн Атикдан, у Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мусо ва Ҳорун ҳаж ёки умра қилиш мақсадида йўлга чиқдилар. Мадинага келганларида яҳудлардан қўрқиб, Уҳудда тўхтадилар. Ўшанда Ҳорун касал эди. Шунда Мусо унга Уҳуддан қабр ковлади ва: «Акажон, қабрга туш, чунки сен ўласан», деди. Ҳорун қабрга кирганида Аллоҳ унинг жонини олди, кейин Мусо унинг устига тупроқ тортди”»[2].

Бу ривоятнинг «санади заиф»[3]. «Чунки санадида чалкашлик, матнида мункарлик бор»[4].

Ибн Ҳажар айтади: «Суҳайлий Мадина фазилати тўғрисида Зубайр ибн Баккордан қуйидаги нақлни келтиради: “Ҳорун алайҳиссаломнинг қабри Уҳуддадир. У Мусо ҳамда Бани Исроилдан бўлган бир жамоа кишилар билан ҳажга келган ва ўша ерда вафот этган”.

Зубайр ибн Баккорнинг бу ривоятда шайхи Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Забола тарафидан келтирган санади ўта заифдир. Қолаверса, санадида узилиш бор, марфуъ эмас»[5].

Самҳудий айтади: «Уҳудда «Ҳорун дараси» деб танилган бир дара бор. Одамлар дара тепасида Ҳорун алайҳиссаломнинг қабри бор деб ўйлашади. Бу гап ҳам воқелик, ҳам мантиқий жиҳатдан эҳтимолдан йироқдир. Зеро, у жойда ковлашга ва тупроқ қазиб олишга яроқли ер йўқ»[6].

[1] Азҳар университети собиқ устози доктор Исом Сисолим қаламига мансуб «Устурат қабри Юсуф: авҳом ва акозиб ва истиғлол ва истиғфол» мақоласи, 42-43 бетлар. «Ал-ваъй ал-исломий» журнали, 539-сон, ражаб ойи, 1431 ҳ.й.

[2] «Тарих ал-Мадина ал-мунаввара», 1/87.

[3] Шайх Абдуллоҳ ад-Дувайш раҳимаҳуллоҳнинг «Тарих ал-Мадина ал-мунаввара» китобига (1/87) ёзган изоҳи, 1-рақамли ҳошия.

[4] Шайх Солиҳ ар-Рифоий. «Ал-аҳодийс ал-ворида фий фазоил ал-Мадина жамъан ва диросатан», 579-бет. «Дор ал-Хузайрий» нашриёти.

[5] «Фатҳ ал-Борий», 7/364.

[6] «Вафо ал-вафо», 3/319.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг