Намоз: Имомнинг ўрни ва сафлар тартиби

0

Имомнинг ўрни ва сафлар тартиби

Биринчидан: Сафлар тартиби

Намозда жамоат ҳосил бўлиши учун энг камида икки киши талаб этилади. Молик ибн Ҳувайрис разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Намоз вақти кирса, икковингиздан бирингиз азон айтсин ва ёши каттароғингиз имомга ўтсин[1]. Шунга кўра, сафлар тартиби қуйидагича бўлади:

а) Муқтадий вояга етган эркак киши ёки ёш бола бўлса, имомнинг ўнг томонида туради, ундан олдинга ҳам ўтмайди, орқада ҳам қолмайди.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳи»да «(Жамоат) икки кишидан иборат бўлса муқтадий имомнинг ўнг томонида у билан баравар туриши ҳақидаги боб» деб сарлавҳа қўяди ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо холаси Маймунанинг уйида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқигани тўғрисидаги ҳадисни[2] келтиради. Ушбу ҳадисга оид ривоятлардан бирида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «Мен Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида турдим», дейди.

Мазкур ҳадис шарҳида Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: «Бу гапнинг зоҳири муқтадий имом билан баравар туришини ифода этади»[3], дейди.

Ибн Журайждан ривоят қилинади: «Атодан: «Икки киши жамоат бўлиб намоз ўқиса муқтадий қаерда туради?» деб сўраган эдим: «Ўнг томонида», деб жавоб берди. «Имом билан бир сафда, бири иккинчисидан олдинга чиқмасдан баравар туришадими?» дедим. «Ҳа», деди Ато. «Сиз ўрталарида бирон бўшлиқ қолмайдиган даражада тенг туришларини яхши кўрасизми?» дедим. «Ҳа», деди Ато»[4].

«Муватто»да Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Туш пайтида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдига кирсам намоз ўқияпти экан. Бориб орқасида турдим. Шунда Умар мени ўзига тортиб, ўнг томонига ўзи билан баравар қилиб тургизди»[5].

Шунга кўра, муқтадий оёқ панжаларини имомнинг товонига баробар қилиб ёки ундан ҳам сал орқароқда туриши намозхонлар ўртасида кенг тарқалган хатолардан ҳисобланади. Аслида, юқорида айтилганидек, имом билан муқтадийнинг оёқлари ёнма-ён, иккови баравар туриши лозим.

б) Агар жамоат уч киши ёки ундан кўпроқ кишидан иборат бўлса, имом олдинга ўтади, қолган икки киши ёки кўпчилик муқтадийлар унинг ортида саф тортадилар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уйимизда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида намоз ўқидик. Мен ва бир етим бола у зотнинг ортларида турдик, онам Умму Сулайм эса бизнинг ортимизда турди»[6].

Имом Муслим Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам икки ва ундан ортиқ муқтадий имомнинг ортида саф тортишини кўрсатади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш учун турдилар. Мен келиб, у зотнинг чап томонларида турдим. Шунда у зот мени ушладилар ва айлантириб, ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар. Сўнг Жаббор ибн Сахр келиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чап томонларида турди. У зот ҳар иккимизнинг қўлларимиздан ушладилар ва бизларни ортга суриб орқаларида тургизиб қўйдилар»[7].

Шунингдек, муқтадий фақат икки кишидан иборат бўлса, бири имомнинг ўнг томонида, бошқаси чап томонида туриши жоиздир. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Алқама билан Асваднинг ўртасида туриб, имом бўлиб намоз ўқиб берган ва: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана шундай қилганларини кўрганман»[8], деган.

Айрим уламоларнинг фикрича, Ибн Масъуднинг иши мансух, яъни бекор қилинган. Бошқа уламоларнинг айтишича, Ибн Масъуднинг иши фарз намозларга хос бўлса, юқорида келтирилган биринчи ҳолат нафл намозларга хосдир. Тўғрироғи, ҳар икки ҳолат жоиз. Шунга қарамасдан, биринчи ҳолат, яъни муқтадий икки киши бўлса имомнинг орқасида туриши афзалроқдир.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Аёл киши бошқа бир аёлга имом бўлса ёнма-ён туришади. Агар аёллар кўпчилик бўлса, аввалроқ айтиб ўтганимиздек, имом уларнинг ўртасида туради.

  2. Агар жамоат имомдан ташқари бир эркак ва бир аёлдан иборат бўлса, эркак имомнинг ёнида, аёл эса уларнинг орқасида туради. Агар икки эркак бўлса, Анас разияллоҳу анҳунинг ҳадисида келганидек, иккови имомнинг орқасида, аёл эса уларнинг орқасида туради.

Агар имом билан бирга фақат бир аёл бўлса, унинг орқасида туради. Мазкур ҳолатда эркак киши ёлғиз номаҳрам аёлга имомлик қилиши макруҳ саналади. Аммо аёл имомнинг маҳрамларидан бўлса, зарари йўқ.

Имом Нававийнинг айтишича[9], мазкур маҳруҳлик ҳаромга яқин бўлган таҳримий макруҳликдир.

  1. Муқтадий имомнинг чап томонига туриб олса, имом уни орқасидан айлантириб ўнг томонига тургизиб қўяди.

  2. Ёлғиз муқтадий имомнинг ўнг томонида туриб намоз ўқиётганида бошқа биров келиб имомнинг чап томонида турса, Жобир разияллоҳу анҳунинг ҳадисида келганидек, имом уларни орқасига ўтказади.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бироқ орқа томон тор бўлмаса, имомнинг ўзи олдинга ўтмайди. Борди-ю, имомнинг ўзи олдинга ўтса ҳам жоиз»[10].

  1. Агар муқтадий имомнинг чап томонида туриб намоз ўқиса ва имом уни ўнг томонига ўтказмаса, муқтадийнинг намози дуруст бўладими-йўқми?

Ҳанбалий мазҳабига кўра, модомики имомнинг ўнг томонида бирон киши бўлмаса, юқорида ўтган Ибн Масъуднинг ҳадисига биноан муқтадийнинг намози ботил бўлади.

Имом Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеийнинг мазҳабига, шунингдек, Имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга кўра, унинг намози дурустдир. Бироқ суннатга хилоф иш қилган бўлади. Шу фикр тўғрироқ. Зеро, намозининг ботил бўлишини кўрсатадиган бирон очиқ далил йўқ.

  1. Имомнинг орқасида икки киши турган бўлса, сўнг улардан бири бирон узр туфайли намозни тарк этса, иккинчиси имомнинг ўнг томонига ўтиб, у билан ёнма-ён туриб намозни давом эттиради.

  2. Маълум бўлдики, аёл киши эркакларнинг орқасида туради. Шунингдек, аёллар эркаклар ортида саф тортади. Аммо мазкур тартиб бузилиб, аёл киши эркаклар билан ёнма-ён ёки улардан олдинда туриб намоз ўқиса нима бўлади?

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар аёл киши мазкур тартибга хилоф иш қилса, жумҳур уламолар наздида ўқиган намози дурустдир. Ҳанафий мазҳабига кўра, аёлнинг эмас, балки у билан ёнма-ён ёки унинг орқасида турган эркакларнинг намози бузилади. Бу борадаги тўғрироқ фикр жумҳур уламолар фикридир.

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизнинг далилимиз то намоз ботил бўлишига далолат қиладиган бирон саҳиҳ шаръий далил келмагунча аслида намознинг дуруст эканидир. Ҳолбуки, намози ботил деганларнинг бундай далили йўқ…»[11].

Албатта, аёл киши суннатга хилоф эканини билатуриб қасддан эркаклар билан ёнма-ён ёки улардан олдинга ўтиб намоз ўқиса гуноҳкор бўлади.

[1] Бухорий (628), Муслим (674), Абу Довуд (589), Термизий (205), Насоий (2/8) ва Ибн Можа (979) ривоят қилишган.
[2] Ҳадис матни кейинроқ тўлиғича келтирилади.
[3] «Фатҳ ал-Борий», 2/190-бет.
[4] Абдураззоқ (2/406, 3870) саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
[5] Молик («Ал-муваттоъ», 1/154) ва Байҳақий (3/96) саҳиҳ санад билан ривоят қилишган.
[6] Бухорий (727), Муслим (658), Абу Довуд (612), Термизий (234), Насоий (2/85) ривояти.
[7] Муслим (3010), Абу Довуд (634), Байҳақий (2/239) ривояти.
[8] Саҳиҳ. Абу Довуд (613) ва Насоий (2/84) ривояти.
[9] Қаранг: «Ал-мажмуъ», 4/277-бет.
[10] «Ал-муғний», 2/216-бет.
[11] «Ал-мажмуъ», 4/252-бет.

Изоҳ қолдиринг