Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Оминага мансуб қабр

0

242 – Абводаги Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Оминага мансуб қабр

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабри деб иддао қилинадиган қабр бурунгилар орасида машҳур бўлмаган. Модомики бурунгилар орасида машҳур бўлмаган экан, уни аниқ белгилаш кейингиларнинг далилга асосланмаган қуруқ даъволари ҳисобланади. Натижада у гумонга эргашиш асосида таъйин этилган бўлиб қолади, гумон эса бирон ҳақиқатни ифода этмайди… Шундай қилиб, мазкур қабр зиёратчилари талай сабабларга кўра хатокор саналадилар:

  1. Қабрнинг Оминага тегишли экани исботланмаган. Демак, улар ўзлари аниқ билмаган нарсага эргашмоқдалар.

  2. Бу қабрни зиёрат қилиш суннат эмас. Шу боис саҳобалар ҳам уни зиёрат этмаганлар. Ваҳоланки, улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни биздан кўпроқ яхши кўрар, у зотнинг суннатларига биздан зиёдроқ эргашар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у қабрни зиёрат қилишлари фарзанднинг онасига бўлган меҳр-шафқатидан келиб чиққан иш бўлган. Шу билан бирга у зотга оналари ҳаққига истиғфор айтишга изн берилмади. Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Онам ҳаққига истиғфор айтиш учун Раббимдан изн сўраган эдим, изн берилмади. Онам қабрини зиёрат қилиш учун изн сўраган эдим, изн берилди[1].

  3. Бу қабрни Аллоҳга васила қилиш шариатда ман этилган тавассул жумласидандир. Мусулмон маййитни Аллоҳга васила қилиш ширк бобидан бўлар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан илгари вафот этган ҳамда у зот унинг ҳаққига истиғфор айтишдан ман этилган маййитни васила қилиш қандай жоиз бўлсин?!

Ғам-ғуссаларни аритишни ўликлардан сўраш кишини Ислом динидан чиқарадиган катта ширкдир, аҳмоқлик ва адашишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳни қўйиб, унинг қилаётган дуоларига ижобат қилолмайдиган (ўликлардан, тоғу тошлар, дарахтлар ва шу кабилардан иборат бут-санамлар)га сиғинаётган кимсалардан кўра адашганроқ ва жоҳилроқ кимса борми?! Бу (бут-санамлар) ўзига сиғинаётган кишиларнинг дуоларидан бехабардир. Одамлар (қиёмат куни ҳисоб бериш, жазо ва мукофот олиш учун) йиғилган пайтда улар дунёда сиғинган олиҳалар уларга душман бўлади ва уларнинг ўзларига сиғинишганини билмаганликларини айтади” (Аҳқоф, 5-6).

Иброҳимнинг дини бўлмиш Исломдан фақат эсини еган кимсагина юз ўгиради” (Бақара, 130).

Аллоҳ Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналарини тирилтирган, ўшанда у иймон келтириб мусулмон бўлган, кейин яна ўлган деган эътиқодга келсак, бу эътиқод ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ботил эътиқоддир. Бу ҳақда ривоят қилинган ҳадис тўқима ҳадисдир»[2].

Шайхимиз Абдуллоҳ ал-Жибрин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу юртнинг айрим ватандошлари на ҳақиқати ва на аҳамияти бўлган осорларни пайдо қилишда жонбозлик кўрсатадилар. Ҳатто Саудияга келган чет элликларни ҳам у жойларни зиёрат қилишга чорламоқдалар. Масалан, Маккада «Ҳиро» ва «Савр» ғорлари, ҳозирда Макка кутубхонаси жойлашган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган ер, «Билол» масжиди, «Маҳбасул жин» минтақаси, «Ал-жин» масжиди ва бошқа кўплаб жойларни мисол қилиш мумкин.

Шунингдек, Мадинада «Қиблатайн», «Абу Бакр», «Хандақ» ва бошқа масжидлар, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам оналари Оминага нисбат бериладиган Абводаги қабр ва бошқа қабрлар ҳам бунга мисол бўлади. Мазкур масжид ва қабрлар ҳақиқатдан йироқ ва кейинчалик пайдо қилинган сохта жойлар эканини ўзим текшириб, амин бўлганман. Осору атиқаларни ободонлаштириш ва уларга элтадиган йўлларни таъмирлашни тинмай талаб қиладиганларнинг гаплари эътиборга лойиқ эмас»[3].

Шайх раҳимаҳуллоҳнинг «мазкур масжид ва қабрлар ҳақиқатдан йироқ» деган гапларининг тасдиғи ўлароқ айтиш мумкинки, баъзи тарихчилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Оминанинг қабри бошқа жойда эканини айтади. Тарихчи Исмоил ал-Ҳомидий Моликий ҳижрий 1298 йилги саёҳатида бундай дейди: «Зулқаъда ойининг йигирма еттинчиси душанба куни эрталаб «Ал-муалло» қабристони сари йўл олдик. Қабристонга киргач талай қабрларни, жумладан, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари саййида Оминанинг қабрини зиёрат қилдик…»[4].

Қолаверса, бу тарзда тайин этиш далилга муҳтож, бироқ далил йўқ, қабр эса номаълум. Валлоҳу аълам.

[1] Ҳадис тахрижи 28-масалада ўтди.

[2] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 309-311 бетлар.

Шунингдек, қаранг: «Ал-буҳус» журнали, 5/55-56, «Доимий фатво қўмитаси» фатволари, 20261-рақамли фатво, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида, 3/3/1419 ҳ.й.

[3] Шайх Абдуллоҳ ал-Жибрин раҳимаҳуллоҳ. «Аҳком ас-сиёҳат», 57-бет. Тайёрловчи: Абдуллоҳ ал-Хароший. «Дор ал-офоқ» нашриёти, биринчи нашр, 1430 ҳ.й.

[4] «Ал-араб» журнали, 355-бет, 5-6-сонлар, зулқаъда ва зулҳижжа ойлари, 1398 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг