Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқнинг вафоти

0

Сафар вақти келди 

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: Отам Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг хасталиги дастлаб совуқ кунда ғусл қилганидан бошланди. Иситмалаб ўн беш кун намозга чиқолмади, ўрнига Умар имом бўлиб намоз ўқишини буюрди. Одамлар кўргани кириб турдилар, Усмон энг кўп унинг ёнида бўлди[1]. Хасталиги кучайиб кетгач: “Табиб чақирайликми?” деб сўрадилар. “Табиб кўрди”, деди Абу Бакр. “Нима деди?” дейишди. “Мен истаган ишимни қилувчи Зотман, деди”, деб жавоб берди”[2].

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: Абу Бакр: “Қаранглар-чи, халифаликка тайин бўлганимдан бери мол-мулким қанча ортибди. Ортиғини вафотимдан кейин янги халифага олиб бориб топширинглар”, деди. Ҳисоблаб кўрсак, болаларига қараб юрадиган битта нубалик қул ва боғини суғорадиган битта ишчи туя орттирган экан. Икковини Умарга юбордик. Умар йиғлаб юборди ва: “Абу Бакрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, ўзидан кейинги халифаларга жуда оғир юкни юклади”, деди[3].

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: Отам Абу Бакр ўлим тўшагида ётганида олдига кирдим. Ҳансираб, зўрға нафас олаётган эди. Мен ушбу маънодаги шеърни ўқидим:

“Қасамки, жон бўғизга келса ва нафас олиш қийинлашса, кишига мол-дунёси асқатмайди”.

У менга аччиқлангандек қаради, сўнг деди: “Ундай эмас, эй мўминлар онаси! Балки Аллоҳнинг мана бу сўзлари энг тўғридир: “Дарҳақиқат, ўлим мастлиги келди. Эй инсон, сен қочиб юрган нарса шу эди” (Қоф, 19). Сўнг менга деди: “Эй Ойша, аҳли оилам ичида энг яхши кўрганим сенсан. Мен сенга бир боғни ҳадя қилган эдим. Шу ҳақда кўнглимда бир ғашлик бор. Ўша боғни меросга қайтаргин”. Мен хўп деб уни қайтариб бердим.

Абу Бакр деди: “Биз мусулмонлар ишига бош бўлганимиздан бери уларнинг на бир динор ва на бир дирҳамини едик. Балки қорнимизга уларнинг кепакли нони кирди, эгнимизга дағал кийимларини кийдик. Бизда мусулмонларнинг молидан манави ҳабаш қул ва манави ишчи туядан бошқа ҳеч нарса йўқ. Вафотимдан сўнг буларни Умарга топшир ва улардан ўзингни хориж эт”. Мен унинг айтганини қилиб, уларни Умарга юбордим. Юборган вакилим уларни топширар экан, Умар йиғлаб, кўзёшлари ерга чак-чак томиб: “Аллоҳ Абу Бакрни раҳматига олсин, у ўзидан кейингиларга оғир юк юклаб кетди” деб уч марта такрорлабди[4].

Бир ривоятда шундай келган: Абу Бакр вафотига яқин деди: “Умарнинг қистови билан байтулмолдан ҳаммаси бўлиб олти минг дирҳам олганман. Фалон жойдаги боғимни шунинг эвазига байтулмолга беринглар”. Сиддиқнинг вафотидан сўнг буни Умарга айтилганда у: “Аллоҳ Абу Бакрни раҳматига олсин, ортидан биров бир оғиз гап гапиришига ўрин қолдирмади”, деди[5].

Аслида, у байтулмолдан маош сифатида олган ушбу пулларни ўзининг ва оила аъзоларининг тирикчилигига сарфлаган эди, улар қайтариб бериладиган пул эмас эди. У халифалик вазифасини у билан дунё топиладиган мансаб деб эмас, аксинча, холис Аллоҳ йўлидаги хизмат деб билар эди.

Бу мисоллардан Абу Бакр Сиддиқ омманинг молидан нақадар парҳез қилгани кўринади. Аслида, бу улуғ халифа мусулмонларнинг ишларини бошқариш ва халифалик вазифаси билан банд бўлиб, тижорат ишларини ташлади, касб-коридан воз кечди. Шундан сўнг саҳобаларнинг қистови билан бор-йўғи қорни тўйгудек ва авратни ёпгудек нарсани байтулмолдан олишга мажбур бўлди. Аслида, у мусулмонларга шундай улкан хизматларни қилдики, унинг бадалини тўлашга бутун бошли хазиналар етмайди. Қаранг, шундай зот вафоти яқинлашганда ўз мол-мулкига мусулмонларнинг умумий молидан бирон нарса қўшилиб қолган бўлса, уни байтулмолга қайтаришни васият қилмоқда, Рабби ҳузурига хотиржам, қўрқмасдан, тоза қалб билан, барча юклардан фориғ бўлиб, фақат иймон ва тақво юкини елкага олган ҳолда йўл олишни истамоқда! Бунда ақлли кишилар учун жуда катта панд-насиҳат бордир.

Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг касаллиги ўн беш кунга чўзилди. У ҳижрий ўн учинчи йил жумодул охира ойининг йигирма иккисида, душанба куни вафот этди. Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Отам мендан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси кунда вафот этган эдилар, деб сўради. Душанба куни, деб жавоб бердим. Мен ҳам бугун кечга бормай вафот қилсам керак деб умид қиламан, деди. У менга: “Манави либосимга заъфарон ранги тегибди, уни ювиб ташла ва яна иккита кийимни қўшиб, мени шулар билан кафанланглар”, деди. “Аллоҳ кенгчилик ато этган, кафанга янги мато ишлатамиз” дейилганда у: “Йўқ, янги матога ўликдан кўра тирик муҳтож, у шу билан ўзини ўлимдан сақлайди. Ўлик эса чириб йўқ бўлиб кетади”, деб рози бўлмади[6].

Абу Бакр ўзини хотини Асмо бинти Умайс ювишини ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига дафн этишларини васият қилди. Сиддиқнинг бу дунёдаги охирги сўзлари шу сўзлар бўлди: “Мени мусулмон ҳолимда вафот эттир ва солиҳлар билан бирга қил” (Юсуф, 101).

 

[1] Муҳаммад Мисрий. “Асҳоб ар-расул”, 1/104.
[2] Тартиб ва таҳзиб ал-бидоя ван-ниҳоя, 33-бет.
[3] Сифат ас-софва, 1/265.
[4] Ибн Саъд. “Табақот”, 3/146.
[5] Ибн Жавзий. “Ал-мунтазам”, 4/127.
[6] Маҳмуд Шокир. “Ал-хулафо ар-рошидун”, 104-бет.

Изоҳ қолдиринг