Сийрат: Мушрикларнинг даъватга қарши кураш услублари (3)

0

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини хунук кўрсатишга уринишлари

Макка мушриклари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини хунук кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Қурайш у зотга қарши ахборот урушини бошлаб юборди. Унинг бошида Валид ибн Муғира турар эди. У қавмидан бир неча кишиларни атрофига тўплади. У улар ичида энг ёши улуғи эди. Ҳаж мавсуми яқинлашиб қолган эди. Валид уларга деди:

– Эй Қурайш, кўриб турганингиздек ҳаж мавсуми ҳам келиб қолди. Яқинда араб қабилалари вакиллари ҳажга кела бошлайди. Аниқки, улар Муҳаммаднинг ишидан хабар топган. Шунинг учун бир фикрга келишиб олайлик. Сўзимиз бир жойдан чиқсин, яна бир-биримизга тескари гапириб, бир-биримизни ёлғончига чиқариб қўймайлик.

Улар айтишди:

– Эй Абу Абду Шамс, сен ўзинг бир фикр айтақол, кейин ҳаммамиз ўша гапни гапирайлик.

– Йўқ, сизлар айтинглар, мен қулоқ солай, – деди у.

– Биз уни фолбин деймиз, – дейишди.

– У фолбин эмас-ку! Мен фолбинларни яхши биламан, унинг гаплари фолбинларнинг гапига ўхшамайди.

– Унда жинни деймиз.

– У жинни ҳам эмас. Биз жиннилик қандай бўлишини кўрганмиз ва яхши биламиз. Унда жинниликдан асорат ҳам йўқ.

– Унда шоир деймиз.

– У шоир ҳам эмас. Шеърнинг ҳамма турини яхши биламиз. Унинг сўзлари шеърга ўхшамайди.

– Унда сеҳргар деймиз.

– Сеҳргар ҳам эмас. Биз сеҳргарларни кўрганмиз, сеҳрни яхши биламиз. У айтаётган нарса сеҳргарнинг куф-суфига ва афсунларига ўхшамайди.

– Сен ўзинг нима дейсан, эй Абу Абду Шамс?

У деди:

– Аллоҳга қасамки, унинг сўзлари жуда ҳам ҳаловатли, бу сўзлар гўё илдизи мустаҳкам дарахт, шохлари эса серҳосилдир. Сизлар нима десангиз ҳам гапингиз ёлғонлиги билиниб қолади. Менимча, энг яқин гап уни сеҳргар дейишдир. Уни сеҳргар, ота билан болани, ака билан укани, эр билан хотинни, киши билан қавми ўртасини ажратаяпти, денглар[1].

Аллоҳ таоло Валид ибн Муғира ҳақида оят нозил қилди:

(Эй Пайғамбар), бир кимсани ўзимга қўйиб берингки, Мен уни ёлғиз (онасининг қорнида ёлғиз, на мол-давлати, на бола-чақаси) бўлган ҳолда яратдим. Кейин унга мўл-кўл бойлик ато этдим. Унинг ёнидан айрилмайдиган ўғилларни бердим. Унга тирикчилик йўлларини осон қилиб қўйдим. Кейин (шунча неъматлар берганимдан сўнг) у яна (мол-давлатини ва бола-чақасини) кўпайтиришимни орзу қилади. Йўқ, (иш бу фожир жиноятчи ўйлаганидек эмас). Мен унга бундан ошиғини бермайман. У бизнинг далил-ҳужжатларимизни қайсарлик билан инкор қилувчи бўлди. Мен энди унга машаққатни юклайман. У ичида фикр қилиб, (бўҳтонини) режалади. Унга лаънат бўлсин ва ҳалок бўлсин! Қандай бу бўҳтонни режалади-я?! Яна лаънат бўлсин унга, қандай бу бўҳтонни режалади-я?! Сўнг у фикр юритди. Қуръон ҳақида айтмоқчи бўлган бўҳтонларига тайёрланди. Сўнг (Қуръонни айблайдиган жўяли бир айб тополмагач, чораси танг бўлиб), юзини буриштирди, пешонасини тириштирди. Сўнг ҳақдан юз ўгириб, ортига қайтди. Ҳақни эътироф қилишга кибр қилди. “Бу гаплар олдингилардан нақл қилинаётган сеҳрдан бошқа нарса эмас”, деди. Мен яқинда уни жаҳаннамга киритаман, токи унинг иссиғини тотсин ва алангасида ёнсин” (Муддассир, 11-26).

Бу воқеадан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уюштирилган руҳий кураш пала-партиш қилинмаганлиги, балки кофирларнинг раҳбарлари томонидан муайян қоидалар асосида пухта режалаштирилгани маълум бўлади. Ҳозирги даврда ҳам руҳий курашни режалаштиришда ана шундай қонунларни асос қилинади. Масалан: муносиб вақтни танлаш каби. Бу борада улар одамлар йиғиладиган ҳаж мавсумини ғанимат биладилар. Унда сўзлари бир жойдан чиқиши, бир-бирига тескари бўлмаслигига келишиб оладилар. Токи ишлари тартиб-интизомли бўлсин. Ана ундан кейин ҳажга келганларга ўз таъсирларини ўтказа оладилар. Ва кўзланган самарага эришадилар. Дарҳақиқат, улар муносиб вақтни ихтиёр этганлари каби муносиб маконни, яъни Маккага келувчилар йиғиладиган ерни танладилар[2].

Бу воқеадан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тингловчиларга Қуръон билан таъсир ўтказа олишлари маълум бўлади. Валид ибн Муғира Қурайшнинг етакчиларидан ва саййидларидан эди. Кўпинча раҳбарларда такаббурлик, ўзни катта олиш сифати бўлади. Лекин Валид Қуръондан таъсирланди, қалби юмшади, унинг буюклигини тан олди. Ва уни мазкур сифатлар билан сифатлади[3].

Ахборот урушлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини қамал қила олмади. У зот душманлар қамалларини ёриб ўтишга муваффақ бўлдилар. Ҳолбуки, улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Макка аҳлини нафратлантириб, у зотнинг номларини хунук қилиб кўрсатиш билан кифояланмай, балки Маккага келган барча кишиларни у зотнинг йўлларидан қайтариб, фикрларини заҳарлар эдилар, Қуръонни эшитишига тўсқинлик қилар эдилар. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларида катта ютуқларга эришдилар. Чунки у зот кимга гапирсалар, гаплари таъсир ўтказмай қолмас эди. Ким билан суҳбат қурсалар, сўзларини эшитишдан олдин у зотнинг одоб-ахлоқларидан таъсирланар эди. Агар гапирсалар, етук мантиқлари, соғлом фикрлари, умматнинг ҳидоятига бўлган холис ниятлари билан эшитувчини ўзларига ром қилар эдилар[4]. Маъноли сўзлари, гўзал ахлоқлари билан бошқаларга таъсир ўтказа олганликларига ва Макканинг катта кишилари тўсган темир деворни ҳам ёриб ўта олганликларига Зимод ал-Аздий, Амр ибн Туфайл ад-Давсий, Абу Зар, Амр ибн Абаса разияллоҳу анҳум билан бўлиб ўтган ҳодисалар яққол мисол бўлади.

Зимод ал-Аздий Маккага келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида мушриклар айтаётган гаплардан таъсирланди. Ҳатто у мушриклар сифатлаганларидек, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақиқатан мажнун деб ўйлади. Зимод ал-Аздий асли Шануа қабиласидан бўлиб, жинниларни даволар эди. Макканинг эсипастларидан: “Муҳаммад мажнун” деган гапларни эшитгач: “Ўша одамни бир кўрсам, шояд Аллоҳ уни менинг қўлимда шифо топтирса”, деди.

Зимод Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиб, бундай деди: “Эй Муҳаммад, мен руҳий касалларга дам соламан. Аллоҳ менинг қўлимда бир қанча одамларга шифо берган. Хоҳласанг, сени ҳам даволайман”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Барча ҳамду санолар Аллоҳга бўлсин. Ёлғиз Ундан ёрдам сўрайман. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни адаштирувчи йўқ. Кимни адаштирса, уни ҳидояловчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ, Унинг шериги йўқ ва Муҳаммад Унинг қули ва Расулидир”.

Зимод: “Бу сўзларингни яна такрорла-чи”, деди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур сўзларни уч марта такрорладилар.

Зимод: “Мен фолбин, сеҳргар ва шоирларнинг сўзларини эшитганману, аммо бу каби сўзларни ҳеч эшитмаганман. Бағоят маъноли экан. Қўлингни бер, Исломни қабул қилиш учун байъат берай”, деди. Ва байъат берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қавминг номидан ҳамми?” дедилар. У: “Ҳа, қавмим номидан ҳам”, деди.

Мадинада Ислом давлати қурилиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳ учун ҳар тарафга аскарлар юбора бошлагач, бир тоифа аскарлар Зимоднинг қавми олдидан ўтиб қолдилар. Уларнинг қўмондони аскарлардан: “Булардан бирон нарса олдингларми?” деб сўради. Бир киши: “Мен улардан бир кўзача олдим”, деди. Қўмондон: “Уни қайтар, чунки булар Зимоднинг қавми”, деди[5].

 

[1] Ибн Исҳоқ, “Ас-сияр вал-мағозий”, 150-151 бетлар.
[2] Доктор Абдулваҳҳоб Куҳайл, “Ал-ҳарб ан-нафсия зиддал-ислом”, 103-бет.
[3] Ҳумайдий, “Ат-тарих ал-исломий”, 1/123-бет.
[4]  Ҳумайдий, “Ат-тарих ал-исломий”, 1/127-137-бетлар.
[5] Муслим ривояти. “Китоб ал-жумъа, боб тахфиф ас-солати вал-хутбати”, 868-рақам.

Изоҳ қолдиринг