Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Қурайшдаги обрў-эътибори

0

Жоҳилиятда Маккадаги энг обрўли ишлар ўнта бўлиб, бу ишларнинг ҳар бири учун ўн оиладан энг обрўли ўнта вакил танланган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам шу ўнта вакилнинг бири бўлган. Улар:

  1. Бани Ҳошимдан Аббос ибн Абдулмутталиб: у жоҳилиятда ҳожиларни сув билан таъминлар эди. Макка фатҳидан кейин ҳам, бу иш унинг зиммасида қолди.

  2. Бани Умайядан Абу Суфён ибн Ҳарб: Қурайшнинг байроғи унда турар, агар улар бирон бир масалада ўзларига бошлиқ тайинлай олмасалар, Абу Суфённи ўзларига бош деб билиб, унинг гапига рози бўлар эдилар.

  3. Бани Навфалдан Ҳорис ибн Омир: у рифодатни, яъни Қурайшдан пул йиғиб, камбағал ҳожилар ва қийналиб қолган мусофирларни таъминлашни ўз зиммасига олган эди.

  4. Бани Абдуддордан Усмон ибн Талҳа: Каъбани ўраш, яъни каъбапўшни тикиш унинг вазифаси эди.

  5. Бани Асаддан Язид ибн Замъа ибн Асвад: у Қурайшнинг бош маслаҳатчиси эди. Қурайш ундан берухсат ҳеч қандай ишга қўл урмас, агар у рухсат берса шу ишни қилишар, рухсат бермаса унинг маслаҳатига қулоқ солишар эди.

  6. Бани Таймдан Абу Бакр розияллоҳу анҳу: у товон ёки хун тўлай олмаганларни ўз кафолатига олар, улар учун Қурайшдан пул сўраса улар Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ишонар ва унга кўмаклашар эдилар. Агар бошқаси шу ишга қўл урса, ҳеч ким унга ёрдам бермас эди.

  7. Бани Махзумдан Холид ибн Валид: у Қурайшдан йиғилган пул билан аскарларни таъминлар ва урушларда отлиқларга қўмондонлик қилар эди.

  8. Бани Адийдан Умар ибн Хаттоб: у жоҳилиятда Қурайш билан бошқа қабилалар ўртасидаги алоқаларга масъул элчи эди.

  9. Бани Жумаҳдан Сафвон ибн Умайя: у келишмовчилик пайтларида қуръа ташлаб, масалани ечиб бериш ҳуқуқига эга эди.

  10. Бани Саҳмдан Ҳорис ибн Қайс: у олиҳалар учун ажратилган пулларни тақсимот қилар эди…

Хуллас, Абу Бакр розияллоҳу анҳу жоҳилиятда ҳам Қурайшнинг энг обрўли кишиларидан эди. Унинг Макката ўтказган зиёфатларини ҳеч ким қила олмаган.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг