Лут алайҳиссалом қабри қаерда? Фиръавн жасади Миср эҳромларидами?

0

243 – Лут алайҳиссалом қабрининг ўрни

Термизий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Лут алайҳиссаломнинг вафоти, ёши ва қабри қаерда жойлашгани тўғрисида батафсил гапирган бирорта тарихчи олимни кўрмадим»[1].

244 – Фиръавн жасади Миср эҳромларида деган гап асоссиз ва ёлғон

Шайхимиз Муҳаммад ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Баъзи одамлар Аллоҳ таолонинг: “Ортингдагиларга ибрат бўлишинг учун бугун сени жасадинг билан қутқарамиз” (Юнус, 92) оятига асосланиб, “Фиръавннинг жасади ҳозиргача эҳромлар ичида сақланган”, дейишади. Яна баъзилар у жойни зиёрат қилишади ва: “Жасадни кўрдик”, деб даъво қилишади. Уламолардан шу гапни айтганлар ҳам бор. Улар айтаётган бу гаплар асослими?»

Жавоб: «Бу гаплар мутлақо асоссиз гаплардир.

Фиръавнлардан қолган осорлар билан фахрланадиганлар: “Мусо алайҳиссалом даврида яшаган Фиръавн жасади эҳромларда сақланган”, деб айтадилар. Улар фахрланган ва хурсанд бўлган нарсага қаранг?!

Бу гап ёлғон ва ҳеч қандай далилга эга эмас…»[2]

Шайх Солиҳ ал-Фавзон айтади: «Ибн Аббос ва салафлардан бири бундай деган: “Бани Исроилдан баъзилари Фиръавн ўлганига шубҳа қилишди. Шунда Аллоҳ Бани Исроил Фиръавннинг ўлганига амин бўлишлари учун Фиръавнни жасади билан бирга руҳсиз ҳолатда, эгнида таниқли совути билан баланд тепаликка чиқариб ташлашни денгизга амр этди”. Иқтибос тугади.

Аллоҳ таолонинг “Ортингдагиларга ибрат бўлишинг учун” (Юнус, 92) деган сўзининг маъноси бундай: «Бани Исроилга ҳалок бўлганингни билдирадиган далил бўлишинг ҳамда Аллоҳ ҳар ишга қодир эканига, У зотнинг жазосидан ҳеч кимса, гарчи у одамлар орасида обрў-эътибор ва салтанат соҳиби бўлса ҳам қутулиб қололмаслигига белги ва аломат бўлишинг учун». Бу баъзи жоҳиллар ўйлаганидек, Фиръавн жасади ҳозирга қадар сақланиб қолганини англатмайди. Чунки унинг жасадини денгиздан чиқариб қўйишдан мақсад унинг ўлимида шак қилган Исроил авлодига Фиръавн ҳалок бўлганини билдириб қўйиш эди. Бу мақсад ўша пайтда ҳосил бўлган. Фиръавн жасади ҳам бошқа жасадлар каби йўқ бўлиб кетадиган жасаддир. Бошқа жасадлардан нима сақланиб қолса, Фиръавн жасадидан ҳам ўша нарса сақланиб қолади. Яъни «ажбуз занаб»ни назарда тутяпман. Ҳадисда айтилганидек, қиёматда инсон танаси ўша нарсадан қайта барпо бўлади. Хуллас, Фиръавн жасадининг бошқа жасадлардан ажралиб турадиган фарқли жойи йўқ, валлоҳу аълам»[3].

Қуртубий айтади: «Абу Бакр деди: “Бани Исроил Аллоҳга ёлвориб, Фиръавннинг чўкканини кўрсатишини сўраганида Аллоҳ уларга Фиръавнни чиқариб берди, улар руҳсиз жасадни кўрдилар. Бани Исроил жасадни кўрганида: «Ҳа, эй Мусо, бу Фиръавн ҳақиқатда ғарқ бўлибди» дейишди, қалбларидан шак-шубҳа ариди. Сўнг денгиз Фиръавнни аввалгидек ютиб юборди”.

Шунга кўра, “Сени жасадинг билан қутқарамиз” оятини икки хил маънода шарҳлаш мумкин. Биринчиси: “Сени бир тепаликка чиқариб қўямиз”, иккинчиси: “Руҳсиз қолган жасадингни одамларга кўрсатамиз”.

Нодир (шоз) қироатда «би-баданика» (жасадинг билан) «би-нидоика» (нидоинг билан) деб ўқилган. Оятнинг ушбу шоз қироатдаги маъноси жумҳур қорилар жамоати ўқиган маънога қайтади. Чунки «нидо» икки хил тафсир қилинади.

Биринчиси, “Тавба эшиги ёпилиб, қабул вақти ўтганидан сўнг: «Мен Бани Исроил иймон келтирган илоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига иймон келтирдим ва мен ҳам мусулмонларданман» (Юнус, 90) деб айтган тавба ҳайқириғинг билан бирга сени баланд ерга чиқариб ташлаймиз”, дегани бўлса, иккинчиси, “Бугун сени бир пайтлар айтган: «Мен сизларнинг олий раббингизман» деган сўзинг билан денгиз қаъридан чиқариб оламиз”, деганидир. Аслида оламлар Рабби Аллоҳ Фиръавнни жасади билан сувдан қуруқликка чиқариб ташлаши унга ва унинг куфрига берилган жазолардан бири бўлган эди. Чунки у ўзининг худоликка нолойиқ ва ожизлигини, гапираётган сўзининг ёлғон эканини билатуриб илоҳликни, буюк куч-қудратни даъво қилди. Абу Бакр ал-Анборий айтади: “Бизнинг қироатимиз мазкур «шоз» қироат ўз ичига олган маъноларни ҳамда унга қўшимча маъноларни ҳам қамраб олади”.

Аллоҳ таолонинг: “Ортингдагиларга ибрат бўлишинг учун” (Юнус, 92) деган сўзидаги Фиръавн ортидагилардан Бани Исроил ҳамда Фиръавн қавмидан чўкмай қолган ва бу хабар уларга етиб бормаган кишилар назарда тутилган.

Оят давомидаги “Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар” (Юнус, 92) деган жумла «одамлар оятларимиз борасида тафаккур ва мушоҳада қилишдан юз ўгиргандир», деган маънони ифода этади. Оятдаги ўзбек тилига «ортингдагиларга» деб ўгирилган “лиман холфака” деган ибора “лиман холафака” деб ҳам ўқилган. Бу қироатга кўра “сендан кейин юртингда сенга ўринбосар бўлган кимсага” деган маъно келиб чиқади. Али ибн Абу Толиб бу иборани “лиман холақока”, яъни “Яратувчингга белги-аломат бўлишинг учун”, деб ўқиган»[4].

Наҳот Фиръавнга тегишли экани даъво қилинаётган мазкур жасад – Араб Жаҳон Қомусида ёзилганидек[5] – милодий 1881 йилга келибгина маълум бўлса?! Ундан аввал қаерда эди? Нега юзлаб йиллар давомида уламолар ва тарихчилар унинг жасади ҳақида лом-мим демадилар?! Бу кашфиёт ҳақиқат эканини исботлайдиган қандай далил бор?!

[1] Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Минҳожий (вафоти: 880 ҳ.). «Итҳоф ал-ахиссо би-фазоил ал-масжид ал-ақсо», 2/120. Муҳаққиқ: Аҳмад Рамазон Аҳмад. «Ал-ҳайъа ал-мисрийя ал-омма лил-кутуб» нашри, 1984.

[2] «Лиқо ал-боб ал-мафтуҳ», 183/25.

[3] «Ал-мунтақо мин фатово аш-Шайх Солиҳ ал-Фавзон», 1/212-213.

[4] «Тафсир ал-Қуртубий», 11/49-51.

Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Айрим одамлар ўйлаганидек, оятда Фиръавн жасади қиёматгача сақланиб қолишига далил йўқ. Зеро, бу Қуръон ояти тақозо қилмаган маънони Қуръонга юклаш демакдир. Агар оятдан Фиръавн жасади ўзидан кейин келадиган ҳар бир одам учун белги-аломат ўлароқ сақланиб қолиши, улар уни ўлик ҳолатда кўришлари ва жасадини томоша қилишлари кўзда тутилган бўлганида, Фиръавн жасади унинг ҳикоясини эшитган ҳар бир одам учун очиқ-ойдин маълум бўлган, улар ундан ибрат олган, айтилган белги-аломат зоҳир бўлган ва ваъда рўёбга чиққан бўлар эди. Бироқ археологлар сувга чўкиб ўлган Фиръавн жасадини топганини иддао қилишидан аввал узоқ асрлар давомида унинг қиссаси қаерга йўқолган, одамлар ёдидан қаерга кўтарилган эди?!» («Ислом: савол ва жавоб» сайти, http://islamqa.info/ar/72516).

[5] «Ал-мавсуа ал-арабийя ал-оламийя», 13/350, «Сети I». Ҳозирловчи: Тадқиқотчилар жамоаси. «Муассасат аъмол ал-мавсуа» нашриёти, биринчи нашр, 1416 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг