Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқнинг вафоти (2)

0

Абу Бакр Сиддиқнинг вафотидан Мадина ларзага келди. Мадина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан бери бу қадар кўп йиғи-сиғи бўлган кунни кўрмаган эди.

Али ибн Абу Толиб тез етиб келди, йиғлаб истиржоъ айтгач, Абу Бакр ётган уй эшиги олдида туриб шу сўзларни деди: “Аллоҳ сизни раҳматига олсин, Абу Бакр! Сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин дўсти, улфати, ишонган кишиси, сирдоши ва маслаҳатчиси эдингиз. Қавмнинг Исломни қабул қилган биринчи кишиси, иймонда энг самимийси, Аллоҳга бўлган инончи энг кучлиси, Аллоҳдан энг қаттиқ қўрқувчиси, Аллоҳнинг динида энг содиқ, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни энг кўп эҳтиёт қилувчи, саҳобаларнинг энг яхшиси, энг афзали, энг юқори мартабадагиси, юриш-туришда ҳам, хулқ-атворда ҳам Расулуллоҳга энг ўхшаши эдингиз. У зот ҳузурида улуғ ҳурматга эга эдингиз. Аллоҳ сизни энг яхши мукофотлар билан мукофотласин. Одамлар Расулуллоҳни ёлғончига чиқарганда сиз у зотни тасдиқладингиз. Сиз у зотга кўз-қулоқ эдингиз. Аллоҳ сизни Қуръонда “сиддиқ” (тасдиқловчи) деб номлади: “Тўғриликни келтирган ва уни тасдиқлаган зотлар – ана ўшалар ҳақиқий тақводорлардир” (Зумар, 33). Одамлар бахиллик қилиб турганда сиз у зотга борингизни бағишладингиз, одамлар жим кузатиб ўтирганда сиз у зот билан қийинчиликлар қаршисида мардонавор турдингиз, машаққатли ҳижрат сафарида у зотнинг ягона ҳамроҳи, ғордаги соҳиби бўлдингиз. Аллоҳнинг динида Ислом умматига Расулуллоҳнинг энг яхши халифаси бўлдингиз. Муртадлик фитнаси бош кўтарганда мислсиз журъат ва жасорат кўрсатдингиз, саҳобалар иккиланиб, кучимиз етмаса керак деб туришганида сиз жиддий азму қарорингизни кўрсатдингиз, улар заифликларини кўрсатган пайтда сиз кучингизни кўрсатдингиз. Сиз Расулуллоҳ айтганларидек бадани заиф, аммо Аллоҳнинг амрини бажо келтиришда бақувват инсон эдингиз. Ўз шахсингизда ўта тавозели, Аллоҳ наздида улуғ шахс эдингиз. Инсонлар қалбини забт этган буюк инсон эдингиз. Ҳеч ким сизнинг устингиздан кулиб айбламас, сиз ҳақингизда ёмон сўз айтмас эди. Сиз ҳеч кимга тарафкашлик қилмас эдингиз. Заиф ва хорланган киши то унинг ҳақини олиб бергунингизча сизнинг наздингизда кучли эди, таниш ҳам, бегона ҳам сизнинг ҳузурингизда баробар мақомда эди. Сизга энг яқин одам Аллоҳга энг итоат қилувчи ва Аллоҳдан энг қаттиқ қўрқувчи киши эди. Бутун ҳаётингиз ҳақиқат, ростгўйлик ва мулойимликдан иборат эди. Сўзингиз қатъий ҳукм, амрингиз қатъият ва ҳилм, раъйингиз азму қарор ва илм эди. Дин сиз билан мўътадил ўзанига тушди, сиз сабабли иймон қувватланди ва Аллоҳнинг иши ғолиб бўлди. Қасамки, сиз барчадан ўзиб кетдингиз, барча яхшиликларни қўлга киритдингиз ва сиздан кейинги халифаларга ўта қийин қилиб қўйдингиз. Биз Аллоҳнинг қулларимиз ва Аллоҳга қайтамиз. Аллоҳнинг қазосига розимиз, Унинг амрига таслиммиз. Қасамки, Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин мусулмонлар бошига қандай бир мусибат тушмасин, у бугунгидек оғир мусибат бўлмайди. Сиз бу диннинг иззати, қудрати ва тиргаги эдингиз. Аллоҳ таоло сизни пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Ажрингиздан бизни маҳрум этмасин. Сиздан сўнг бизни адаштирмасин”.

Одамлар Али разияллоҳу анҳунинг сўзларини жим тингладилар. У сўзларини тугатгач, ҳаммалари йиғлаб, тўғри айтдингиз, дейишди[1].

Бир ривоятда айтилади: Али разияллоҳу анҳу Абу Бакр олдига кирганида у бир мато билан ўраб қўйилган экан. Али деди: “Қанийди шу ўраб қўйилган кишининг номаи аъмоли меники бўлса ва шу билан Аллоҳга йўлиқсам. Мен учун шундан кўра суюмлироқ нарса йўқ”[2].

Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ уни раҳматига олсин) олтмиш уч ёшда вафот этди. Барча ривоятлар шуни кўрсатади. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшларига етиб вафот этди. Уни хотини Асмо бинти Умайс ювди, ўзи шунга васият қилган эди[3].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига дафн этилди, боши Расулуллоҳнинг елкалари тўғрисида бўлди. Унинг жанозасини халифаси Умар ибн Хаттоб ўқиди. Қабрига Умар, Усмон, Талҳа ва ўғли Абдураҳмон тушдилар[4].

Шундай қилиб, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Аллоҳнинг динини ер юзига тарқатиш йўлида олиб борган улкан жиҳодларидан сўнг бу дунёдан охиратга сафар қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъват байроқларини у зотдан кейин баланд кўтарган ва у зот эккан иймон, ислом, адолат ва ҳуррият кўчатларини авайлаб ўстирган, уларни шаҳидлар қони билан суғорган ва мўл ҳосил берувчи улкан дарахтларга айлантирган бу улуғ зотдан инсоният то қиёмат қарздор бўлиб қолаверади. Ҳа, инсоният Сиддиқ олдида қарздордир. Аллоҳ унинг муртадларга қарши қатъий позицияси сабабли Ислом динини зое бўлишдан сақлади. Аллоҳ уни узоқ юрт ва элларга Ислом етиб боришига, улкан фатҳлар амалга ошишига сабабчи қилди.

Аллоҳ Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан рози бўлсин ва уни Ўз раҳматига олсин.

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

Парвардигоро, Сенга ҳамду санолар ва тасбеҳлар айтамиз. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик берамиз. Сендан мағфират тилаймиз ва Сенга тавба қиламиз.

[1] Ибн Жавзий. “Ат-табсира”, 1/477-479; “Асҳоб ар-расул”, 1/108.
[2] Заҳабий. “Тарих ал-ислом, аҳдул хулафо ар-рошидин”, 120-бет.
[3] Ибн Саъд. “Табақот”, 3/203. Санади саҳиҳ.
[4] “Асҳобу Расулиллаҳ”, 1/106.

Изоҳ қолдиринг