Сийрат: Зимод ал-Аздий билан бўлган воқеадан олинадиган сабоқлар

0

1- Қурайш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам номларини хунук кўрсатиш учун турли ташвиқотлар уюштириб, ҳатто у зотни жинни деб гап тарқатди. Бу ахборот уруши Зимодни у зотга дам солиб даволашга ундади. Сўнг унинг Исломни қабул қилишига сабаб бўлди.

2- Бу ҳодиса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сабр-матонатли ва ўта ҳалим зот эканликларини кўрсатади. Чунки Зимод: “Мен сенга дам солиб, руҳий касалликдан даволайман”, деганда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланмадилар. Балки юмшоқлик билан жавоб қилдилар. Бу эса Зимодни ҳайратга солди ва у зотга ҳурмат-эътиборини оширди.

3- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган мазкур сўзлар катта аҳамиятга эга экани маълум бўлади. У зот баъзи хутбаларини мана шу сўзлар билан бошлар эдилар. Чунки бу сўзлар Аллоҳни улуғлаш, ибодатни Унга хослаш каби маъноларни ўз ичига олади. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча уни хутба ва маърузалари олдидан айтар эдилар.

4- Зимод Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фасоҳатли ва гўзал сўзларидан таъсирланди. Чунки у зотнинг ҳадислари иймон, ишонч ва ҳикматга тўла бўлган қалбдан чиқар эди. Шунинг учун ҳар бир айтган сўзлари қалбга етиб борар ва уни иймонга чорлар эди.

5- Зимоднинг Исломга иккиланмай кириб кетиши Ислом инсонлар табиатига муносиб дин эканини кўрсатади. Агар нафс ички ва ташқи босимлардан қутулса, сўнг Ислом ҳақида бирон таъсирли гап эшитса ёки гўзал хулқни кўрса, ундан таъсирланиб, Исломни дарҳол қабул қилади.

6- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъват ёйилишига бўлган ошиқишлари маълум бўлади. Дарҳақиқат, Зимоднинг чинакам иймон келтиргани, Исломга қизиққани ва ундан қаноат ҳосил қилганини кўриб, ундан қавми учун ҳам байъат олдилар.

7- Бу воқеада Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ йўлига даъват этишнинг аҳамияти улкан эканини кўрсатиб бердилар. Чунки у зот даъватни мусулмон кишининг вазифаси этиб белгиладилар. Зимод у зотга динни маҳкам ушлаш учун байъат берганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан кифояланмай, балки ундан қавмини ҳам Исломга даъват этиши учун байъат олдилар.

8- Ҳадисда тарбиявий воситалар бор. У воситалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зимод билан қилган суҳбатларидан аён бўлади. Улар хотиржам гапириш, баҳс одоби, бевосита ҳаққа йўллаш каби хулқ-атворлардир. Шунингдек, ушбу ҳодисадан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта ҳалим, сабрли, яхшиликка чорловчи мураббий эканликлари ҳам маълум бўлади.

Изоҳ қолдиринг