Ҳайвонларга нажосат едириш ҳақида

0

Савол:

Мол ёки қўйнинг қонига кепак аралаштириб, ҳосил бўлган маҳсулот билан балиқ боқса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Гўшти ейилмайдиган ҳайвонга нажосат бериш жоиз эканида фуқаҳолар ўртасида хилоф йўқ. Гўшти ейиладиган ҳайвонга нажас нарсаларни едириш ҳақида фуқаҳоларнинг фикрлари турли хил. Бу фикрларнинг хулосаси шуки, агар нажосат ҳайвоннинг гўшти ёки сутига таъсир қилмайдиган бўлса унга нажосат едириш жоиз. Бунга имом Бухорий ва имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади: “Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Самуд қавмининг диёридан ўтдилар. Одамлар у ердаги қудуқлардан сув олиб, хамир қилдилар ва мешларини тўлдирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ердаги қудуқлардан олинган сувни тўкиб юборишга ва бу сувларга қорилган хамирларни эса туяларга беришга буюрдилар”. Чунки бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга ейиш ҳаром бўлган хамирни туяга беришга буюрдилар. Агар ҳайвонга берилган нажосат унинг гўшти ёки сутига таъсир қиладиган бўлса, яъни унинг гўшти ёки сутидан шу нажосатнинг ҳиди ёки таъми келиб қолса, унда бу ҳайвонни сотиш, сутини соғиш ёки сўйишдан олдин токи унинг гўшти ёки сутидаги нажосатнинг таъсири йўқолгунича у пок нарсалар билан озуқалантирилади. Чунки нажосат еган ва бу нажосат унинг сути ёки гўштига таъсир қилган ҳайвон шариатимизда “жаллола” деб аталади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаллоланинг сутини ичишдан қайтарганлар” – дейилган (Термизий ривояти).

Жаллоланинг гўштини ейиш ёки сутини ичиш ҳаром ёки макруҳ эканида уламоларнинг хилофи бор. Ҳанафий ва Шофеий мазҳабларида жаллоланинг сутини ичиш, гўшти ёки тухумини ейиш, ҳатто унга миниш ҳам таҳримий макруҳ саналади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Шофеий ва Ҳанбалийлардан баъзиларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу қайтариқлари шу ишнинг ҳаром эканини ифодалайди. Фуқаҳолардан Ибн Дақиқил Ийд ҳам шу фикрни айтган. Абу Исҳоқ Марвазий, Қаффол, Имомулҳарамайн, Бағавий ва Ғазолийлар ҳам шу фикрни тўғри ва жаллоланинг тухуми ҳам унинг гўшти билан бир хил, дейишган”.

Хулоса шуки, агар бу балиқлар юқорида зикр қилинган маҳсулотни ейиши билан жаллолага айланадиган бўлса, унда бу балиқларни сотиш ёки ейишдан олдин токи тоза бўлгунича уни тоза нарсалар билан боқиш керак. Унинг жаллола эканини айтмай одамларга сотиш эса ҳаром ва мусулмонларга нисбатан хиёнат ҳисобланади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг