Тафсири муяссар, Оли Имрон сураси, 180-186 оятлар

0

وَلا يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آتَاهُمْ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ هُوَ خَيْراً لَهُمْ بَلْ هُوَ شَرٌّ لَهُمْ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُوا بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلِلَّهِ مِيرَاثُ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ (180)

  1. Аллоҳ ўз фазли билан ато этган неъматлардан эҳсон қилмай бахиллик қилаётган кимсалар ҳаргиз бу бахилликларини ўзлари учун яхши деб ўйламасинлар! Балки бу улар учун ёмондир. Чунки тўплаган мол-дунёлари яқинда – қиёмат куни уларнинг бўйнига ўраладиган оловли сиртмоққа айланади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзигина мулк эгасидир ва барча махлуқотлар фанога юз тутганидан сўнг боқий қолувчи ёлғиз Унинг ўзидир! У сизларнинг барча амалларингиздан хабардор зотдир. У ҳар бир кишига ўзига муносиб жазо ва мукофотини албатта бергай.

لَقَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّذِينَ قَالُوا إِنَّ اللَّهَ فَقِيرٌ وَنَحْنُ أَغْنِيَاءُ سَنَكْتُبُ مَا قَالُوا وَقَتْلَهُمْ الأَنْبِيَاءَ بِغَيْرِ حَقٍّ وَنَقُولُ ذُوقُوا عَذَابَ الْحَرِيقِ (181)

  1. Аллоҳ таоло “Аллоҳ бизга муҳтож, молларимиздан қарз сўрайди, биз ундан боймиз” деб айтган яҳудийларнинг сўзини эшитди. Уларнинг бу сўзларини ҳам, ота-боболари Аллоҳнинг пайғамбарларини зулму тажовуз билан ўлдиришганига мамнун эканликларини ҳам ёзиб қўямиз ва охиратда уларни шу туфайли жазолаймиз. Дўзах ўтида азобланишар экан, уларга: “Куйдирувчи ўт азобини тотинглар!” деб айтамиз.

ذَلِكَ بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيكُمْ وَأَنَّ اللَّهَ لَيْسَ بِظَلاَّمٍ لِلْعَبِيدِ (182)

  1. Бу қаттиқ азоб сизлар дунё ҳаётингизда тилингиз, қўл-оёқларингиз ва қалбингиз билан қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Аллоҳ бандаларига зулм қилувчи эмасдир.

الَّذِينَ قَالُوا إِنَّ اللَّهَ عَهِدَ إِلَيْنَا أَلاَّ نُؤْمِنَ لِرَسُولٍ حَتَّى يَأْتِيَنَا بِقُرْبَانٍ تَأْكُلُهُ النَّارُ قُلْ قَدْ جَاءَكُمْ رُسُلٌ مِنْ قَبْلِي بِالْبَيِّنَاتِ وَبِالَّذِي قُلْتُمْ فَلِمَ قَتَلْتُمُوهُمْ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ (183)

  1. Ўша яҳудийлар Исломга даъват қилинган пайтларида: «Аллоҳ Тавротда бизга: “Мен Аллоҳнинг элчисиман” деб келган кишига то у Аллоҳга атаб бир садақани келтирмагунича ва осмондан ўт тушиб, унинг садақасини ёндирмагунича ишонмасликни буюрган», деб айтишди. Эй Расул, уларга айтинг: “Сизларнинг бу сўзингиз ёлғондир. Чунки мендан олдин ҳам кўп пайғамбарлар ота-боболарингизга ўзларининг рост пайғамбар эканларини кўрсатувчи мўъжиза ва далилларни ҳам, сизлар айтаётган олов келиб куйдириб кетадиган қурбонликларни ҳам келтирган эдилар. Агар даъволарингиз рост бўлса, нима учун ота-боболарингиз ўша пайғамбарларни ўлдиришди?!”

فَإِنْ كَذَّبُوكَ فَقَدْ كُذِّبَ رُسُلٌ مِنْ قَبْلِكَ جَاءُوا بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَالْكِتَابِ الْمُنِيرِ (184)

  1. Эй Расул, ўша яҳудийлар ва улардан бошқа кофирлар сизни ёлғончи деган бўлсалар, сиздан илгари ҳам баттол кимсалар кўплаб пайғамбарларни ёлғончи дейишган. Ҳолбуки, у пайғамбарлар қавмларига ҳайратомуз мўъжизалар, очиқ-равшан далиллар, зулматларни ёритувчи нур бўлмиш самовий китоблар ва зиё таратувчи китобни олиб келган эдилар.

كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَإِنَّمَا تُوَفَّوْنَ أُجُورَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَمَنْ زُحْزِحَ عَنْ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلاَّ مَتَاعُ الْغُرُورِ (185)

  1. Ҳар бир жон ўлим шаробини тотмай иложи йўқ. Барча халқлар Парвардигор ҳузурига ҳисоб-китоб бериш учун мана шу йўл билан қайтадилар. Албатта сизлар қиёмат куни амалларингиз ажру мукофотини тўла-тўкис, заррача камайтирилмаган ҳолда оласизлар. Парвардигори кимни иззат-икром қилиб, дўзахдан қутқарган ва жаннатга киритган бўлса, у энг катта орзусига эришибди. Дунё ҳаёти ўткинчи ҳузур-ҳаловатдир, у билан алданиб қолманглар.

لَتُبْلَوُنَّ فِي أَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ وَلَتَسْمَعُنَّ مِنْ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَمِنْ الَّذِينَ أَشْرَكُوا أَذًى كَثِيراً وَإِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا فَإِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الأُمُورِ (186)

  1. Эй мўминлар, қасамки, сизлар молларингиз ва жонларингизда албатта синаласиз. Молларингиздаги синов фарз ва мустаҳаб молиявий мажбуриятларни ўташ билан ва молларингизга етадиган талофатлар билан, жонларингиздаги синов эса вожиб амалларни қилиш билан, жароҳатланиш, қатл қилиниш, яқин кишилардан айрилиш каби бошингизга тушадиган мусибатлар билан бўлади. Шу орқали ким ҳақиқий мўмин экани билинади. Шунингдек, сизлар яҳуд, насоро ва мушриклардан ширк сўзларни ва динингизга қаратилган таъна-маломатларни албатта эшитасиз ва бундан озор чекасиз. Эй мўминлар, сизлар буларнинг ҳаммасига сабр қилсангиз, Аллоҳга тоат-ибодат қилиб, гуноҳлардан четланиб тақво қилсангиз, албатта бу қатъият талаб этадиган ва унда рақобат қилинадиган ишлардандир.

Изоҳ қолдиринг