Сийрат: Амр бин Абаса разияллоҳу анҳунинг Исломга кириши

0

Амр бин Абаса бундай дейди: “Мен жоҳилият замонида ҳам одамларнинг бутларга ибодат қилишларини кўриб, уларни адашган, деб билар эдим. Бир куни Маккада бир одамга ваҳий нозил бўлаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Дарҳол туямга миниб, унинг олдига келдим. Қарасам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмларининг азиятлари сабабли яширинган эканлар. Юмшоқ муомала қилиб, олдиларига киришга изн олдим. Мен: “Сиз кимсиз?” дедим. У зот: “Пайғамбарман”, дедилар. “Пайғамбар кимдир?” дедим. У зот: “Аллоҳ мени элчи қилиб юборди”, дедилар. Мен: “Аллоҳ сизни нима вазифа билан элчи қилиб юборди?” дедим. У зот: “Қариндош-уруғчиликни боғлаш, бутларни синдириш ва Аллоҳга ширк келтирмай ибодат қилишга даъват этишим учун элчи қилиб юборди”, дедилар. Мен: “Бу динда сиз билан яна кимлар бор?” дедим. У зот: “Ҳур ҳам, қул ҳам бор”, дедилар. Ўша кунларда у зотга иймон келтирганлар ичида Абу Бакр ва Билол ҳам бор экан. Сўнг: “Мен сизга эргашаман”, дедим. У зот: “Бугун сенинг бунга кучинг етмайди. Аҳволимизни кўрмаяпсанми? Уйингга қайт. Агар менинг очиқ майдонга чиққанимни эшитсанг, ҳузуримга кел”, дедилар.

Сўнг Амр бўлган воқеани тўлалигича сўзлаб берди. Бу воқеада Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз ва таҳорат ҳақида сўрагани ҳақидаги гап ҳам бор[1].

Қиссадан олинадиган ибратли сабоқлар:

1- Амр бин Абаса жоҳилият даврида ҳам Аллоҳдан бошқага ибодат қилишни қаттиқ инкор этувчилардан бўлган эди.

2- Қурайшнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши олиб борган ахборот уруши Амрни у зотнинг шахсларини ўрганишга ундади.

3- Қурайшнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши шиддатли кураши. Шунинг учун Амр Қурайшнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган тазйиқи сабабли у зотни яширинган ҳолларида топган эди.

4- Фозил, улуғ кишилар олдига одоб билан кириш. Амр юмшоқ муомала қилиб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига киришга рухсат олди.

5- Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари икки асос устига: Аллоҳнинг ҳақларини ва халқларнинг  ҳақларини адо қилиш устига қурилгандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ мени қариндош-уруғчиликни боғлаш, бутларни синдириш учун элчи қилиб юборди” деган сўзлари қариндош-уруғчиликка алоҳида аҳамият қаратиш зарур эканига далолат қилади. Бундай гўзал хулқ Ислом даъвати йўлида катта аҳамиятга эгадир. Яъни тавҳидга гўзал хулқ билан даъват этилса, яхши натижа беради. Ҳадисдан яна бутларга нафрат қилиш кераклиги олинади. Гарчи бутлар арабларнинг энг муқаддас топинган илоҳлари бўлса ҳам. Шунингдек, ҳадисда жоҳилият белгиларини йўқ қилиш муҳим экани ва у йўқолмагунича даъват иши асло барқарор бўлмаслиги тушунилади.

6- Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аввало бутларни йўқотишга аҳамият қаратар эдилар, гарчи ўша даврда бунинг имкони бўлмаса ҳам. Албатта, бу диний мажбуриятларни татбиқ этишга қодир эмасмиз, деган важ билан одамларга ҳақни баён қилмаслик нотўғри эканини ифода этади. Одамларга татбиқ қилишда ҳеч қандай қаршиликка дуч келинмайдиган диний масалалар ҳақида гапириб, татбиқ қилинса қаршиликка дуч келинадиган диний масалаларни айтмайдиганлар нотўғри иш тутадилар. Чунки улар бу ишлари билан Расулуллоҳ саллаллоҳ алайҳи ва салламга эргашмаяптилар. У зот ёрдамчилари кам бўлишига қарамай, ўша даврда Маккада ҳукм сурган жаҳолатга ва унинг пешволарига қарши чиққан эдилар[2].

7- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг тинчлигини ўйлар, уларга яхши шароит яратишга ҳаракат қилар, уларни бехатар ерларга чиқарар, тазйиқларга дуч келишлари олдини олар эдилар. Жумладан, Амр ибн Абасага ҳам: “Сен бугун қодир эмассан…” деб, унинг тинчлигини ўйлаган эдилар.

8- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини ҳеч унутиб қўймас эдилар. Шунинг учун Амрга: “Сен Маккада мен билан учрашган эдинг-а?” деган эдилар.

9- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломга янги кирган кишиларга тобеларининг исмларини айтмас эдилар. Чунки тобеларини танитишдан даъват учун бирон фойда йўқ. Шунинг учун Амр у зотга эргашганлар ҳақида сўраганида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳур ҳам, қул ҳам бор”, деб жавоб бердилар. Бу услуб ҳақида Ибн Касир: “Ҳур билан қул араб тилида “исм жинс” деб аталади. Эшитган одам бир кишининг исми шекилли, деб ўйлаши мумкин”[3] дейди.

10- Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Уйингга қайт, қачон менинг очиқ майдонга чиққанимни эшитсанг олдимга кел” деган сўзларидан даъватчиларни азият ва қийин аҳволга рўпара қилиб қўймаслик кераклиги тушунилади. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Амрни қавмига қайтиб кетишга буюрдилар. Шунингдек, у зот икки марта саҳобаларни Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрганлар. Бу билан мусулмонларнинг мушкулларини енгиллатиш, уларни хатарли ерлардан тинч ерларга ҳижрат қилдириш, куч-қувватларини асраб қолиш, улар жўнатилган ерга ҳам фойда етказиш, келажакка таёргарлик кўриш, давомлиликни кафолатга олиш, исломий жамият йўқолиб кетишининг олдини олиш каби олий мақсадларга эришилади[4].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уюштирилган ахборот урушлари сабабли Исломни қабул қилганлардан яна бири Туфайл ибн Амр Давсийдир. Унинг қиссаси сийрат китобларида батафсил берилган. Доктор Акрам Зиё ал-Амрий қисса собит бўлмаган, фақат Туфайл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Давснинг мустаҳкам қалъасига чақирганида у зот бош тортганлари айтилгани бор гап, дейди[5].

Бир саҳиҳ ривоятда келишича, Туфайл қавмини Исломга даъват этганда улардан қаттиқ қаршилик кўради. Ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан уларни дуоибад қилишларини сўрайди. Лекин у зот улар учун ҳидоят сўраб Аллоҳга дуо қиладилар[6]. Ўша пайт Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада бўлган эдилар[7].

 

[1] “Саҳиҳ Муслим”, “Китоб солат ал-мусафирин”, 832-бет.
[2] Ҳумайдий, “Ат-тарих ал-исломий”, 1/109-бет.
[3] “Ал-ваҳий ва таблиғ ар-рисолат”, 106-109-бетлар.
[4] Саид Ҳавво, “Ал-асос фис-суннат”, 1/126-бет.
[5] “Муслим ривояти, 1/109.
[6] Бухорий ривояти, Фатҳул-Борий, 6/107.
[7] Ибн Касир, “Ас-сийрат ан-набавия”, 2/76-бет. Доктор Ал-Амрий, “Ас-сийрат ан-набавия ас-саҳиҳа”, 1/146.

Изоҳ қолдиринг