Ҳотам Тоийнинг қабри қаерда? Маккаи мукаррамада бирор саҳобанинг қабри айнан маълумми?

0

245 – Ҳотам Тоийнинг қабри маълум деган гап уйдирмадир

Тарихчи Ҳамад ал-Жосир айтади: «“Туворин” қишлоғида Ҳотамга нисбат бериладиган уйдирма қабр бор»[1].

Аслида унинг қабрини билишимиз ёки билмаслигимизнинг на дунёмизга ва на охиратимизга фойдаси бор. Мусулмонлар орасида бу каби масалаларни ташиб юрадиган кишилар Аллоҳдан қўрқсин ва мусулмонларга фойдаси тегадиган ишларга ҳарис бўлсин.

246 – Маккаи мукаррамада бирор саҳобанинг қабри айнан маълум эмас

«Маккада бирор саҳобий ёки саҳобиянинг қабри айнан маълум эмас. Фақат солиҳлардан бири тушида Хадичаи Кубро разияллоҳу анҳонинг қабри Фузайл ибн Иёзнинг қабри ёнида эканини кўргач, ўша ерга қубба қурган. Бу шунга ишора қиладики, мазкур туш Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ ва бошқа тобеинлар[2] вафот этиб кетганларидан кейин кўрилган. Тўғри, Хадича разияллоҳу анҳо Маккада вафот этганида шубҳа йўқ.

Бироқ муаллиф айтганидек, номаълум ишга асосланиб, қабрни тайин этиш тўғри эмас. Маржоний ҳам шундай деган. Ибн Умар разияллоҳу анҳумога нисбат бериладиган қабр ҳам тўғри эмас. Яъни у киши Маккада ўлганига ҳамма иттифоқ қилган бўлса-да, қабрининг ўрни маълум эмас. Солиҳлардан бири Ибн Умарнинг қабри Маккаи мушаррафадан чиқишда ўнг тарафда жойлашган[3] «Маъло» тоғида эканини айтган, бироқ бу гап ҳам тўғри эмас. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳумонинг қабри экани айтиладиган сафавийлар қабрлари олдидаги машҳур жой ҳам тўғри эмас. Афтидан, у жой ушбу саҳобий чормихга тортилган жойдир»[4].

Али ал-Қорий айтади: «Маккада саҳобайи киромлардан кўплари дафн этилган. Бироқ, уламолар айтганидек, уларнинг қабрлари маълум эмас. Ҳатто Хадича разияллоҳу анҳонинг қабри ҳам бир одамнинг тушига кўра барпо этилган»[5].

Ҳут ал-Байрутий айтади: «Маккада саҳобаларнинг қабрлари бор, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Аммо олимлар айтишича, у қабрлар ўрни маълум эмас. Ҳатто Хадича разияллоҳу анҳонинг қабри ҳам бир одам кўрган тушга асосан у кишига нисбат берилган»[6].

[1] Ҳамад ал-Жосир. «Ал-муъжам ал-жуғрофий лил-билод ал-арабийя ас-суудийя: шимол ал-мамлака», 3/1064. «Дор ал-ямома» нашриёти.

[2] «У киши тобеин эмас, эҳтимол тобеинлар издошларидан бўлган» (Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ).

[3] «Тўғриси, у чап тарафда жойлашган. Бизнинг билганимиз шу» (Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ).

[4] Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Абдулғаний Ҳанафий (вафоти: 1366 ҳ.). «Ҳошият иршод ас-сорий ила маносик Мулло Али ал-Қорий», 706-бет. Мулла Али ал-Қорийнинг (вафоти: 1014 ҳ.) «Ал-маслак ал-мутақассит фил-мансак ал-мутавассит» китоби шарҳи.

Мазкур китоб Раҳматуллоҳ ибн Абдуллоҳ ас-Синдийнинг (вафоти: 993 ҳ.) «Ал-мансак ал-мутавассит» номи билан машҳур бўлган «Лубоб ал-маносик» китоби шарҳи ҳисобланади. Муҳаққиқ: Муҳаммад Талҳа Минёз. «Ал-мактаба ал-имдодийя» нашри, Макка, биринчи нашр, 1430 ҳ.й.

Шунингдек, Фосийнинг «Шифо ал-ғаром би-ахбор ал-балад ал-ҳаром» китобига (1/376) қаранг.

[5] «Ал-асрор ал-марфуа фил-ахбор ал-мавзуа», 385-386 бетлар.

[6] «Асна ал-матолиб фий аҳодийс мухталифат ал-маротиб», 353-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг