Маккадаги уч қабр – Абдулмутталиб, Абу Толиб ва Хадича разияллоҳу анҳо қабрлари уйдирмадир

0

247 – Маккадаги уч қабр – Абдулмутталиб, Абу Толиб ва Хадича разияллоҳу анҳо қабрлари уйдирмадир

Тарихчи Ҳамад ал-Жосир айтади: «Асримизга келиб, балки бундан тахминан олти аср муқаддам мўминлар онаси Хадича разияллоҳу анҳонинг қабри жаҳолатга асосланган маълумотлар ёрдамида маълум бўлди (агар жаҳолатнинг асоси бор дейиш тўғри бўлса). Шундай қилиб, мазкур покиза зот исмини олган улкан қубба қурилди. Ҳижрий ўн биринчи аср бошига келиб, мазкур қубба ёнида яна иккита қубба барпо этилди. Уларнинг бири «Абдулмутталиб қуббаси», бошқаси «Абу Толиб қуббаси» деб номланди. Бу уч исм Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларига бевосита алоқадор бўлгани учун ушбу қуббалар ниҳоятда улуғланишига сабаб бўлди. Ҳатто кўплаб жоҳил кимсалар бу маконда Хадича разияллоҳу анҳо, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Абдулмутталиб ва амакилари Абу Толибнинг қабрлари ҳақиқатда бор деб эътиқод қила бошлади.

Бу эътиқод хато эканини аввалроқ «Хурофат қуббат ал-яҳудийя» сарлавҳали мақоламда айтиб ўтган эдим. Унда жумладан бундай деганман: Айрим ҳақиқатдан йироқ ишлар борки, вақт ўтиши билан авлодлар оғзидан оғизга ўтиб, тарихга эга бўлиб бораверади. Ҳатто узоқ вақтдан сўнг одамлар орасида шу даражада кўп эсланганидан инкор этиб бўлмас ҳақиқат даражасига кўтарилади. Мўминлар онаси Хадича разияллоҳу анҳонинг қабри ҳижрий саккизинчи асргача, яъни етти аср ё ундан ортиқ вақт мобайнида Макка тарихчилари орасида номаълум эди. Кейин дабдурустдан сўнгги беш аср давомида ҳозиргача қабр ўрни аниқ суратда маълум бўлиб қолса-я?! Эмишки, орифлардан бири тушида «ал-Муалло» қабристонининг «Ан-нур» деб аталадиган қисмидан нур таралиб турганини кўради. Макканинг ўша пайтдаги амири бу тушдан хабар топгач, ориф тушида нур чиқаётганини кўрган ўша жой тепасига қубба қуришни буюради ва ўша жой Хадича разияллоҳу анҳонинг қабри эканига қатъий ишонади.

Маржоний «Баҳжат ан-нуфус вал-асрор» китобида мазкур хабарни қисқача келтиради ва ортидан: “Номаълум ишга асосланиб қабр ўрнини тайин этиш тўғри иш бўлмаган”, дейди.

Вақт ўтиши билан мазкур жой ва унинг атрофидаги ерлар Макка аҳлининг улуғ кишилари кўмиладиган қабристонга айланади. Ҳижрий 1010 йилда у ерга Абдулмутталиб ибн Ҳасан ибн Абу Нумай дафн этилади.

Сўнг 1012 йилда зулм ва босқинчилик билан танилган Макка амирларидан бири Абу Толиб ибн Ҳасан ибн Абу Нумай вафот этади. Қабри тепасига қубба қурилиб, «Абу Толиб қуббаси» деб атала бошлайди[1]. Бу қубба Хадичага оид экани иддао қилинадиган уйдирма қубба билан Абдулмутталиб қуббаси ёнида қад ростлайди.

Орадан узоқ йиллар ўтиб, мазкур икки қубба эгаларининг шахсияти унутилади. Шундай қилиб, Абдулмутталиб қуббаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан аввал ўлиб кетган у зотнинг боболари Абулмутталибга, Абу Толиб қуббаси эса Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибга тегишли деган хурофот пайдо бўлди. Абу Толиб мушрик ҳолида ўлгани Қуръони карим ояти билан такидлангандир[2].

Тарих ушбу уч чўпчакни «тарихий ҳақиқатлар» сифатида сақлаб қолди, авлодлар уни ҳозирги кунимизгача нақл қилиб келди.

Қолаверса, асримиз уламоларидан бири «Фий манзил ал-ваҳй»[3] (ваҳий хонадонида) номли нафис китоб ёзиши мазкур хурофот одамлар зеҳниятига янада кучлироқ ўрнашишига сабаб бўлди. Муаллиф китобида Маккадаги «Ал-муалло» қабристонига назар ташлар экан, қалбида диндорлик ҳиссиёти жўш уради, бу қабристон ўтган 13 аср давомида умматнинг қанчадан-қанча улуғлари жасадини ўз бағрига олгани ҳамда уларга оид хотиралар ҳақида тўлқинланиб ёзади. Шу аснода Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Абдулмутталиб, амакилари Абу Толиб ҳамда аёллари Хадича разияллоҳу анҳо қабрлари ҳақидаги уйдирма ҳикоялар ҳийласига учади, заиф гапларни ҳам келтираверади, уларни тадқиқ этиш ва нечоғли тўғри экани ҳақида изланиш каби ишлар билан жонини койитмайди. Шундай қилиб, муаллиф мазкур қабристон тупроқларига жасадлари қоришган зотлар шуҳратини бирма-бир мадҳ этиб, китобини тўлдиришда давом этади. Жумладан, ўша уч қабр тўғрисида алоҳида тўхталади, мазкур сохта қабрлар устига қурилган қуббаларни олиб ташлаган кишилар устидан маломатлар ёғдиради. Ҳаммаси шу билан тугаса қани эди! Афсуски, бу олимдан сўнг келган тадқиқотчилар унинг китобини Макка хабарлари ва осорлари бобида мурожаат этиладиган манба қилиб олдилар. Бир неча йиллардан бери ҳар йили ҳажга оид китобча нашр этиб келадиган диний журналлардан бири ўша китобчада «Ал-муалло» қабристони осорларини ҳам санаб ўтади, жумладан учала уйдирма қабрни ҳам! Бу муборак шаҳар ҳақида қалам тебратган, бироқ ўзи бу юрт аҳлидан бўлмаган қаламкашлар орасида мазкур осорлар ҳақида айтилаётган ҳиссиётни жунбишга келтирувчи гаплар қай даражада асосли эканини текшириб, кейин нақл этадиганлар жуда кам. Бу юртнинг зиёли ва оқил кишиларига келсак, улар бу гапларнинг тарихан асоссиз эканини ва бу ҳақда ривоят қилинадиган гаплар саҳиҳ эмаслигини яхши биладилар»[4].

Абу Тоййиб ал-Фосий бундай дейди: «У ерда, яъни Маккадаги «Ал-муалло» қабристонида саҳобалардан бирортасининг қабри аниқ маълум эмас. Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳонинг қабри деб айтиладиган қабр борасида бирон асосли далил келмаган. Валлоҳу аълам»[5].

[1] Абу Толиб қуббаси Макканинг золим амирига тегишли эканини Устоз Ҳамад ал-Жосирдан илгари Шайх Сулаймон ибн Саҳмон раҳимаҳуллоҳ ҳам айтиб ўтган. Шайх Сулаймон хурофотчиларнинг қабрдаги ўликлардан қўрқишлари ҳақида сўзлар экан, жумладан бундай дейди: «Маҳжубнинг қабри ва Абу Толиб қуббаси олдида қилинадиган ишлар ҳам шулар жумласидандир. Ваҳоланки, улар Абу Толиб шафқатсиз босқинчи амир бўлганини биладилар. У Нажд ўлкаларига борар, аҳолисининг бўйнига солиқлар солар, улардан пул талаб қилар эди. Сўрагани берилса қайтиб кетар, акс ҳолда уларга қарши урушар, душманлик қилар эди» («Ал-баён ал-мубдий ли-шаноат ал-қовл ал-маждий», 17-бет).

[2] Аллоҳ таолонинг Абу Толиб тўғрисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан: «Албатта сиз ўзингиз севган кишиларни ҳидоят қила олмассиз» (Қасас, 56) деган сўзига ишора қилиняпти.

[3] Китоб муаллифи Муҳаммад Ҳусайн Ҳайкал Пошо. Бу китобда илмий ва манҳажий хатолар бор. Уларни талай мутахассислар баён этганлар. Жумладан, Сулаймон ибн Ҳамад ал-Авда ушбу китобга оид «Фий манзил ал-ваҳй: диросатун таҳлилийятун нақдия» рисоласини ёзган.

[4] «Ал-араб» журнали, 17-сон, 3-4-жилдлар, 167-бет.

[5] «Шифо ал-ғаром би-ахбор ал-балад ал-ҳаром», 1/376.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг