Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Хулоса

0

1) Хулафои рошидин сийрати ва уларнинг шонли тарихи иймоннинг ва соғлом исломий хислатларнинг энг кучли манбаларидан бўлиб, ислом уммати то қиёмат улардан иймон шуъласини олишда ва уни инсонлар қалбига ўрнатишда давом этаверади.

2) Нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг фазилатларини билишга, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга берган тарбиялари асарини ва уларнинг нақадар олий мақомларга етганларини ўқиб-ўрганишга ўта муҳтождир. Зотан, улар шу билан башарият тарихида танҳо ва беназир авлод бўлдилар.

3) Умуман Ислом тарихи ва хусусан Исломнинг илк даври тарихи шиа рофизийлар, шарқшунослар, яҳудийлар, насронийлар ва илмонийлар (секулярлар) тарафидан кўп ўзгартириш ва бузиб кўрсатишларга дучор бўлди. Гоҳ ёлғон ва уйдирма гапларни қўшиб юборишди, гоҳ баъзи тарихий ҳақиқатларни яширишди, гоҳ баъзи ривоятларни сохталаштиришди, гоҳ нотўғри таъвил қилишди. Шу боис ҳақиқатларни очиқлаш ва уларни ҳаққоний кўринишда тақдим этиш умматга фарзи кифоя бўлиб қолди. Бугун бу ишга кучи етадиган ҳар бир кишига Исломнинг илк даври тарихини сохта маълумотлардан тозалаш энг катта ибодатлардан деб санаш мумкин.

4) Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ҳаёти дарслар ва ибратлар билан тўла. У Исломда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг буюк шахсдир. Бу улуғ саҳоба жоҳилият замонида ҳам гўзал ахлоқ ва мақтовли хислатларга эга эди. Унинг бирор марта бўлсин бутларга сиғингани, ё маст қилувчи ичимлик истеъмол қилгани кўрилмаган.

5) Сиддиқ разияллоҳу анҳу насаб илмини яхши билар эди. Уни араблар қалбига севимли қилган хислатларидан бири –қурайшликларнинг насабларини яхши билгани ҳолда ҳеч бирини насаби билан айбламас, бошқаларга ўхшаб бировларнинг насл-насаби ҳақида гапириб юрмас эди. Ўзи Қурайш ичидаги энг олийнасаб кишилардан эди. Савдогарлик касби билан машҳур эди. Жоҳилият замонида ҳам саховат билан танилган эди. Мол-дунёсидан сахийлик билан инфоқ қилар эди.

6) Абу Бакр Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбари учун чиқариб берган хазиналаридан эди. У Қурайш ичида энг яхши кўрилган кишилардан эди. Аллоҳ ато этган гўзал хулқи туфайли одамлар билан осон тил топишарди, уларнинг муҳаббатини қозонганди.

7) Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг Аллоҳга даъват қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ушбу динга бўлган иймон ва ишончнинг, Аллоҳ ва Расулига бўлган итоатнинг ижобий намунасини кўрсатиб беради. У то ўзи иймон келтирган ҳақиқат инсонлар ичига тўла кириб бормагунича кўнгли ўрнига тушмас ва хотиржам бўлолмас эди.

8) Сиддиқ даъват йўлида синовларга учради, озорларга йўлиқди. Бошига тупроқ сочилди, Масжиди Ҳаромда дўппосланди, юзи шишиб, бурнидан ажратиб бўлмас ҳолга келди, ўзи юролмай, уйига кўтариб олиб кетилди.

9) Сиддиқнинг ўзига хос хислатларидан бири унинг шижоати ва журъати эди. У ҳақ борасида ҳеч кимдан ҳайиқмас, Аллоҳнинг динига ёрдам беришда, динга амал қилишда ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишда ҳеч кимнинг маломатига парво қилмас эди.

10) Сиддиқ азобга гирифтор бўлаётган мусулмонларга ёрдам беришга жуда катта ҳисса қўшди. У мусулмон қулларни сотиб олар ва Аллоҳ йўлида озод этар эди. Бу иши билан у зулмга дучор бўлаётган инсонларни золимлар қўлидан қутқариш борасида барчага ўрнак бўлди.

 11) Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг насабларни яхши билиши даъват ишида қўл келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва савдо-сотиқ мавсумларида келган турли араб қабилаларини даъват қилиш учун чиққанларида Абу Бакр доим у зотга ҳамроҳлик қиларди. Насаблардан яхши хабардор бўлгани туфайли ҳар бир қабилага ўзига муносиб муомала қилиб, уларнинг кўнглига йўл топишга ҳаракат қиларди.

12) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат сафарларида Абу Бакр Сиддиқ у зотга ҳамроҳ бўлди. Даъватнинг илк кунларидан то Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларига қадар ҳам Абу Бакр у зотнинг ўнг қўли, энг яқин ёрдамчилари эди. У нубувват чашмасидан қониб-қониб ичди. Ҳикмат, иймон, эътиқод, тақво ва ихлоснинг чўққисини эгаллади. Унинг Расулуллоҳ билан ўта яқин дўстлиги ўз самараларини берди ва солиҳлик, сиддиқлик, зокирлик, уйғоқлик, софлик, қатъият, самимият, ихлос, фаҳм-фаросат каби мевалари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам, у зотнинг вафотларидан кейин ҳам кўп ўринларда иш берди. Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин Бани Соида шийпонида бўлган йиғилишда у ўзининг қатъияти, аниқ ва лўнда сўзлари билан ҳаммани қаноатлантира олди. Усома лашкарини йўлга чиқариш, муртадларга қарши уруш қилиш масалаларида қатъият кўрсатди. Бузилганни тузатди, вайрон бўлганни қайта тиклади, сочилганни жамлади, йўлдан чиққанни йўлга солди.

Изоҳ қолдиринг