Намоз: Намозда сафларни текислаш

0

Иккинчидан: Сафларни текислаш

Тўғрироқ фикрга кўра, намозда сафларни текислаш вожибдир. Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қасамки, ё сафларингизни текислайсизлар, ё Аллоҳ юзларингизни (яъни қалбларингизни қарама-қарши қилиш билан фикрларингизни ҳам) қарама-қарши қилиб қўяди»[1].  Баъзи ривоятларда «ё қалбларингизни қарама-қарши қилиб қўяди» дейилган.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сафларингизни текисланглар. Зеро, сафларни текислаш намозни тўлиқ ўқиш жумласидандир». Бошқа бир ривоятда «намозни тўлдирувчи ишлардандир»[2], дейилади. Сафларни текислаш қуйидаги ишларга риоя этиш билан амалга ошади:

(1) Ёнма-ён туриш

Намозхонлар сафда ёнма-ён туришлари, биров бировдан олдинга ўтиб кетмаслиги лозим. Бунинг учун намозхонлар елка ва оёқ тўпиқларига қараб сафни текислайдилар. Шунга кўра, сафни оёқ панжаларига қараб текислаш нотўғри. Чунки одамларнинг оёқлари катта-кичикликда бир-биридан фарқ қилади.

(2) Сафда тизилиб, зич туриш

Сафда бўшлиқ қолмаслиги лозим. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сафларни текисланглар, елкалар ёнма-ён турсин, бўшлиқларни тўлдиринглар. (Сафни текислаш учун сизларни ҳаракатлантирмоқчи бўлган) биродарларингиз қўлида юмшоқ (яъни уларга итоатгўй) бўлинглар. Сафда шайтонга бўш жой қолдирманглар. Ким (сафга келиб қўшилиш ёки ундаги бўшлиқни тўлдириш билан) сафни уласа, Аллоҳ уни (раҳмати ва мағфиратига) улайди. Ким сафни узса (яъни унинг узилишига сабабчи бўлса), Аллоҳ уни (раҳматидан) узади»[3].

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сафларингизни зичлаштиринглар, улар орасини яқинлаштиринглар. Бўйинлар ёнма-ён бўлсин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен гўё қора қўзичоққа ўхшаш шайтонни сафдаги бўшлиқларга кирганини кўрмоқдаман»[4].

Сафда зич туриш тартиби Анас ва Нўъмон разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда келган: «Намозда ҳар биримиз елкасини ёнидаги биродарининг елкасига, тўпиғини эса унинг тўпиғига теккизиб турар эди»[5].

Эслатма:

Сафда зич туриш деганда намозда хушуга путур еткизадиган, хаёлни бўладиган даражада тиқилиб туриш назарда тутилмайди.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сафда тизилиб туришдан мақсад тиқилиб туриш эмас»[6]. Мусулмон киши биродарига муросали муомалада бўлиши, сафдаги бўш жойларни тўлдириши ва биродарларини елкаси билан туртмаслиги керак. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Энг яхшиларингиз намозда елкаси юмшоқроқ бўлганингиздир (яъни елкаси билан бировга азият бермайдиган, сафга кирмоқчи бўлган кишига жой бўшатадиган, елкасидан тортганга бўйсунадиганингиздир)»[7].

(3) Сафларнинг ўзаро яқин бўлиши

Юқорида шунга далолат қилувчи ҳадисни келтирган эдик. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мазкур ҳадисда: «Сафларингизни зичлаштиринглар, улар орасини яқинлаштиринглар», дейилган.

(4) Сафларни тўлдириш

Намозда сафларни навбати билан тўлдириш лозим. Биринчи саф тўлмагунча кейинги сафда туриш жоиз эмас. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дастлаб олдинги сафни, сўнг ундан кейингисини тўлдиринглар. Агар биронта саф тўлмай чала қоладиган бўлса, охирги сафда бўлсин»[8].

Дарҳақиқат, олд сафларни тўлдиришга тарғиб қилувчи ҳадислар келган. Жумладан, Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Фаришталар Парвардигорлари ҳузурида саф тортгандек саф тортсангиз бўлмайдими?!» Биз айтдик: «Фаришталар Парвардигорлари ҳузурида қандай саф тортадилар?» У зот айтдилар: «Олдинги сафларни тўлдирадилар ва сафда тизилиб турадилар»[9].

(5) Эркаклар олдинда, аёллар эса орқада туриши

Бу ҳақда юқорида айтиб ўтган эдик. Лекин шу ўринда савол туғилади: ёш болалар эркаклар билан бир сафда турадими ёки эркаклардан орқада турадими? Баъзи уламоларнинг айтишича, ёш болалар намозда эркаклардан орқада туради ва бу сафларни текислаш қабилидан саналади. Абу Молик Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сизларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиш тартибларини айтиб берайми?… Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турдилар. Дастлаб эркакларни сафладилар, сўнг ёш болаларни уларнинг орқасига сафладилар. Сўнг уларга имом бўлиб намоз ўқидилар…»[10].

Бироқ бу ҳадис заифдир. Чунки ровийлар ичида Шаҳр ибн Ҳавшаб бор. Шунинг учун Шайх Ибн Усаймин ва Шайх Албоний раҳимаҳумаллоҳ ёш болаларнинг эркаклар билан бир сафда туришини тўғрироқ дейишган[11]. Шайх Ибн Усаймин ёш болаларни алоҳида сафлаш ортидан келиб чиқадиган айрим салбий оқибатларни санаб ўтган. Алоҳида сафда йиғилиб қолган ёш болалар бошқаларга халақит бериши, уларни орқа сафга тизган кишиларни ва масжидни ёмон кўриб қолиши шулар жумласидандир.

Ёш болалар катталар билан бир сафда туришига Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисни далил қилиш мумкин. Ҳадисда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо бундай дейди: «Мен бир урғочи эшакни минган ҳолда келдим. Ўша пайтда балоғатга етай деб қолган эдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода бирон деворни сутра қилмасдан одамларга имом бўлиб намоз ўқир эдилар. Мен эшагим билан сафлардан бирининг олдини кесиб ўтдим. Сўнг эшакдан тушдим ва ўтлаши учун уни қўйиб юбордим. Сўнг намоз ўқиш учун сафга қўшилдим. Менинг бу ишимга (яъни эшагим билан сафдаги одамлар олдини кесиб ўтишимга) ҳеч ким эътироз билдирмади»[12]. Бироқ ёш болалар тўғридан-тўғри имомнинг орқасида туриб қолмасликларига эътибор қилиш лозим. Навбатдаги ҳадис шунга далолат қилади.

(6) Илмли ва доно эркакларнинг имомга яқин туриши

Абу Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Намозда менинг орқамда балоғатга етган доно (илмли) кишилар, сўнг (бу хусусда) улардан қуйироқлар ва ҳоказо улардан кейингилар турсин. Сафда қинғир-қийшиқ турмангиз. Шу сабабли қалбларингизда ҳам қинғир-қийшиқлик (гина-кудурат ва адоват) пайдо бўлмасин. Масжидда бозордаги каби шовқин-сурон ва бақир-чақир қилишдан тийилинглар»[13]. Ушбу ҳадисга кўра, имомнинг ортида намоз аҳкомларини яхши билган, имомга бирон кор-ҳол рўй берса унинг ўрнини эгаллашга салоҳияти бўлган илмли ва зийрак кишилар туриши мақсадга мувофиқдир. Шунинг учун имомнинг орқасида ёш болалар турмаслиги тўғрироқ дейилди.

(7) Сафнинг ўнг томони чап томонидан афзаллиги

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сафларнинг ўнг томонига Аллоҳ мақтов айтади, раҳматини туширади, фаришталар улар учун Аллоҳдан истиғфор сўрайдилар»[14].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур фазилатни қўлга киритиш учун сафнинг ўнг томони чап томонидан кўра узунроқ бўлишининг зарари йўқ».

(8) Эҳтиёж бўлмаса устунлар оралиғида саф тортмаслик

Абдулҳамид ибн Маҳмуд раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Жума куни Анас ибн Молик билан бирга намоз ўқидим. (Жума намозини ўқир эканмиз тирбандлик сабабли) устунлар ўртасига сиқиб чиқарилдик. Шунда (устунлар ўртасида қолиб кетмаслик учун биримиз) олдинга, (биримиз эса) орқага ўтдик. (Намоздан сўнг) Анас разияллоҳу анҳу: «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида шундан (яъни устунлар орасида намоз ўқишдан) сақланар эдик», деди»[15].

Муовия ибн Қурра отасидан ривоят қилади: «Биз устунлар орасида намоз ўқишдан қайтарилар, устунлар орасидан қаттиқ ҳайдалар эдик»[16].

Ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жой тор бўлган пайтда устунлар орасида намоз ўқиш жоизлигида хилоф йўқ. Аммо жой кенг бўлганда жамоат улар ўртасида намози ўқиш макруҳдир»[17].

[1] Бухорий (717), Муслим (436), Абу Довуд (662), Термизий (227), Насоий (2/89), Ибн Можа (994) ривояти.
[2] Бухорий (723, 724), Муслим (433), Абу Довуд (668), Ибн Можа (993) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (666) ва Насоий (2/93, қисқартилган ҳолда) ривоят қилган.
[4] Ҳасан. Абу Довуд (667), Насоий (2/92) ривояти. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (3505) саҳиҳ деган.
[5] Қаранг: «Саҳиҳи Бухорий», 725; «Сунани Абу Довуд», 662.
[6] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 3/14.
[7] Саҳиҳ. Абу Довуд (672), Байҳақий (3/101) ривояти.
[8] Саҳиҳ. Абу Довуд (671), Насоий (2/93) ривояти.
[9] Муслим (430), Абу Довуд (661), Насоий (2/92), Ибн Можа (992) ривояти.
[10] Абу Довуд (677), Табароний («Ал-кабир», 3/281), Байҳақий (3/97) ривояти.
[11] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 3/20-22-бетлар; «Тамом ал-минна фит-таълиқи ала фиқҳ ас-сунна», 284-бет.
[12] Бухорий (76, 493), Муслим (504), Абу Довуд (715), Термизий (337), Насоий (2/64), Ибн Можа (947) ривояти.
[13] Муслим (432), Абу Довуд (674), Термизий (228), Ибн Можа (976) ривояти.
[14] Ҳасан. Абу Довуд (676), Ибн Можа (1005), Ибн Ҳиббон (2160) ривояти.
[15] Саҳиҳ. Абу Довуд (673), Термизий (229), Насоий (2/94) ривояти.
[16] Ҳасан. Ибн Можа (1002), Ибн Хузайма (1567), Ибн Ҳиббон (2219) ривояти.
[17] Қаранг: «Найл ал-автор», 3/336-бет.

Изоҳ қолдиринг