Тафсири муяссар, Оли Имрон сураси, 187-195 оятлар

0

وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَتُبَيِّنُنَّهُ لِلنَّاسِ وَلا تَكْتُمُونَهُ فَنَبَذُوهُ وَرَاءَ ظُهُورِهِمْ وَاشْتَرَوْا بِهِ ثَمَناً قَلِيلاً فَبِئْسَ مَا يَشْتَرُونَ (187)

  1. Эсланг эй Расул, Аллоҳ аҳли китоб бўлган яҳуд ва насоролардан ўзларига берилган Таврот ва Инжилга амал қилиш ва ундаги таълимотларни одамларга баён қилиш, ундан бирор нарсани яширмаслик борасида қатъий аҳду паймон олган эди. Сўнг улар шу аҳдни бузишди ва унга амал қилишмади. Ҳақни яширишлари ва китобни ўзгартиришлари эвазига жуда арзимас қийматни қўлга киритишди. Уларнинг аҳду паймонни бузиш ва китобни ўзгартириш билан қилган бу савдолари нақадар ёмон!

لا تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَفْرَحُونَ بِمَا أَتَوا وَيُحِبُّونَ أَنْ يُحْمَدُوا بِمَا لَمْ يَفْعَلُوا فَلا تَحْسَبَنَّهُمْ بِمَفَازَةٍ مِنْ الْعَذَابِ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ (188)

  1. Ёмон қилмишлари билан хурсанд бўладиган ва қилмаган ишларига мақтов эшитишни яхши кўрадиган яҳудийлар, мунофиқлар ва шу кабиларни дунёда Аллоҳнинг азобидан қутулиб қолади, деб асло ўйламанг. Улар учун охиратда ҳам аламли азоб бор.

Бу оятда қилган ёмон иши билан мағрурланувчи ва одамлар мақташи учун ўзи қилмаган иши билан фахрланувчи ҳар қандай кимсага қаттиқ таҳдид бордир.

وَلِلَّهِ مُلْكُ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَاللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ (189)

  1. Еру осмонлар ва улардаги барча нарсалар ёлғиз Аллоҳнинг мулкидир. Аллоҳ ҳар ишга қодир зотдир.

إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ لأُولِي الأَلْبَابِ (190)

  1. Шубҳасиз, еру осмонларни ўхшаши йўқ суратда яратилишида ҳамда кечаю кундузнинг алмашиб туриши ва узун-қисқалиги ўзгариб туришида соғлом ақл эгалари учун Аллоҳнинг ягоналигига яққол далиллар бор.

الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَاماً وَقُعُوداً وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ (191)

  1. Улар барча ҳолатларида: тик турганларида ҳам, ўтирганларида ҳам, ётганларида ҳам Аллоҳни ёдга оладилар. Осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилиб, Аллоҳга дуо қиладилар: Эй Раббимиз! Сен бу мавжудотларни беҳуда яратганинг йўқ, Сен бундай қилишдан поксан, Ўзинг бизни дўзах азобидан сақла!

رَبَّنَا إِنَّكَ مَنْ تُدْخِلْ النَّارَ فَقَدْ أَخْزَيْتَهُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنْصَارٍ (192)

  1. Эй Раббимиз, Ўзинг бизни дўзахдан қутқар! Эй Аллоҳ, Сен кимни гуноҳлари сабабли дўзахга киритсанг, уни шарманда ва хор қилибсан. Ўз жонларига зулм қилувчи гуноҳкорлар учун қиёмат куни Аллоҳнинг азобини улардан даф қиладиган бирон ёрдамчи йўқдир.

رَبَّنَا إِنَّنَا سَمِعْنَا مُنَادِياً يُنَادِي لِلإِيمَانِ أَنْ آمِنُوا بِرَبِّكُمْ فَآمَنَّا رَبَّنَا فَاغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا وَكَفِّرْ عَنَّا سَيِّئَاتِنَا وَتَوَفَّنَا مَعَ الأَبْرَارِ (193)

  1. Эй Раббимиз, биз пайғамбаринг Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни одамларга нидо қилиб, Сенга иймон келтириш, Сенинг ягоналигингга иқрор бўлиш ва шариатингга амал қилишга чорлаётганларини эшитдик. Ва у зотнинг даъватларини қабул қилдик, рисолатларини тасдиқладик. Эй Раббимиз, бизнинг гуноҳларимизни Ўзинг мағфират қил, айбларимизни яшир ва бизни яхшилар қаторида вафот эттириб, охиратда солиҳлар билан бирга қил.

رَبَّنَا وَآتِنَا مَا وَعَدْتَنَا عَلَى رُسُلِكَ وَلا تُخْزِنَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِنَّكَ لا تُخْلِفُ الْمِيعَادَ (194)

  1. Эй Раббимиз, бизга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган ғалаба, ҳукмронлик, тавфиқ ва ҳидоятни ато эт. Қиёмат куни гуноҳларимиз сабабли бизни шарманда қилма. Сен бандаларингга берган ваъдангга ҳаргиз хилоф қилмайдиган карамли зотсан.

فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لا أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِنْكُمْ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى بَعْضُكُمْ مِنْ بَعْضٍ فَالَّذِينَ هَاجَرُوا وَأُخْرِجُوا مِنْ دِيَارِهِمْ وَأُوذُوا فِي سَبِيلِي وَقَاتَلُوا وَقُتِلُوا لأكَفِّرَنَّ عَنْهُمْ سَيِّئَاتِهِمْ وَلأدْخِلَنَّهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الأَنْهَارُ ثَوَاباً مِنْ عِنْدِ اللَّهِ وَاللَّهُ عِنْدَهُ حُسْنُ الثَّوَابِ (195)

  1. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилиб деди: Аллоҳ яхши амал қилган ҳар қандай кишининг – хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – қилган ишларини асло зое қилмайди. Зотан, улар диний биродарликда ҳамда амалларнинг қабул бўлиши ва уларга бериладиган мукофотларда баробардирлар. Аллоҳ таоло Унинг розилигини истаб ҳижрат қилган ва диёрларидан қувилган, Унга тоат-ибодат қилганлари учун озорларга дучор бўлган, Аллоҳ йўлида Унинг шариатини ҳукмрон қилиш учун жанг қилган ва шу йўлда ўлдирилган кишиларнинг гуноҳларини охиратда ҳам дунёда яширганидек яширади ва ўша гуноҳлари учун уларни ҳисоб-китоб қилмайди. Аллоҳ таоло албатта уларнинг гуноҳларини кечиради ва албатта уларни қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Бу Аллоҳ таоло томонидан мукофотдир. Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажру савоблар бор.

 

Изоҳ қолдиринг