Ихлос ва Такосур сураларини ўқиб, савобини маййитларга бағишлаш жоизми?

0

Савол:
Қабристонга борганда Ихлос ва Такосур сураларини ўқиб, савобини маййитларга бағишласа савоб бўладими?

Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ;

Абу Муҳаммад Халлол “Фазоил ал-ихлос” китобида “Ким қабристондан ўтаётиб “қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн бир марта ўқиса ва савобини маййитларга бағишласа, унга маййитларнинг сонича савоб берилади” мазмунидаги ҳадисни келтирган. Бу ривоятнинг ровийлар силсиласи қуйидагича: уни Абдуллоҳ ибн Омир Тоий отасидан, отаси Али ибн Мусодан, Али отаси Мусодан, Мусо отаси Жаъфардан, Жаъфар отаси Муҳаммаддан, Муҳаммад отаси Алидан, Али отаси Ҳусайндан, Ҳусайн разияллоҳу анҳу эса отаси Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ушбу ровийлар силсиласи ҳақида Заҳабий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Абдуллоҳ ибн Омир отаси Али Ризодан, у эса аждодларидан мана шу ботил ва тўқима тарзда ривоят қилади. Бу ривоятлар ё ўзининг, ё отасининг тўқима гаплари бўлади. У ҳақда Ҳасан ибн Али Зуҳрий: “Уммий (ўқиш-ёзишни билмайдиган) бўлган, ривоятлари қабул қилинмайдиган бўлган”, деган” (“Мезон ал-эътидол”, 2/390). Саховий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абдуллоҳ ва отаси каззоб. Агар бу ҳадиснинг асли бўлганида тортишилаётган масалада айнан ҳужжат бўлар ва ихтилофга чек қўйган бўлар эди” (“Ал-ажвибату ал-марзийя”, 1/170).

Абулқосим Зинжоний “Ал-мунтаҳо мин фавоид аз-Зинжоний” (58) китобида ушбу ҳадисни келтирган: “Ким қабристонга кирганида Фотиҳа, Ихлос ва Такосур сураларини ўқиса, сўнг: “Аллоҳим, мен ўқиган каломингдан ҳосил бўлган савобни қабристондаги мўмину мўминаларга бағишладим” деса, улар қиёмат куни Аллоҳ олдида унга шафоатчи бўладилар”. Мазкур ҳадиснинг ровийлар силсиласи қуйидагича: Аҳмад ибн Саид Ихмимий, у Имрон ибн Мусо Асқалонийдан, Имрон Муаммил ибн Иҳобдан, Муаммил Абдураззоқдан, Абдураззоқ Маъмардан, Маъмар Зуҳрийдан, Зуҳрий Саид ибн Мусайябдан, у эса Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Аҳмад ибн Саид ёлғончилик билан айбланган. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ у ҳақда бундай дейди: “Аҳмад ибн Саид Ихмимий Мисрий. Дорақутний айтади: “У Қосим ибн Абдуллоҳ ибн Маҳдий, Али ибн Аҳмад ибн Саҳл Ансорий, Исо ибн Юнус, Имом Молик, Зуҳрий, Саид ибн Мусайяблар орқали Умар разияллоҳу анҳудан мужоҳидлар, муробитлар ва шаҳидларнинг савоби ҳақида бир қанча ҳадислар ривоят қилган. Уларнинг барчаси тўқима ва ёлғон бўлиб, ривоят қилиш ҳалол эмас. Бу тўқималарнинг барчаси Аҳмад ибн Саидга бориб тақалади. Чунки у ёлғон ривоят қилиш билан айбланган. Ўзи ровийлар силсиласи тўқиб, унга ёлғон ҳадислар қўйган” (“Лисон ал-мезон”, 1/472).

Хулоса шуки, бу борада келган ривоятлар тўқимадир, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг