Оилавий муносабатлар (5): Аёлларнинг ўзига хос табиати, уларнинг ақли ва дини нуқсонли экани

0

Эр-хотинлик муносабатларида муваффақият қозониш омилларидан бири -эр-хотин бир-бирининг хусусиятини, табиатини билиб олишидир. Нимани ёқтиради, нимани ёқтирмайди, нимадан рози бўлади, нимага аччиғи чиқади – шуларни билиб, шариат рухсат берган чегарадан чиқмаган ҳолда турмуш ўртоғини хурсанд қилиб, кўнглини олишга интилиш керак бўлади. Хоссатан эркаклар хотинларнинг ўзига хос хусусиятларини, уларнинг туғма табиатини яхши билиб муомала қилиши улар устидан раҳбарликни Аллоҳ рози бўладиган даражада олиб боришига ҳамда эр-хотин ва фарзандларнинг икки дунёда ҳам бахт-саодат топишига сабаб бўлади.

Азиз эркаклар, ақл ва дин ноқислиги аёлларнинг хусусиятларидан эканини унутманг. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй аёллар жамоати, садақа қилинглар. Чунки менга дўзах аҳлининг кўпчилиги аёллар экани кўрсатилди”, дедилар. Улар: “Нима учун, ё Расулуллоҳ?” дейишди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўп лаънат айтасизлар, умр йўлдошингизга ношукурлик қиласизлар. Ақли ва дини ноқис бўлган, ақлли кишининг ақлини сизлардан кўра кетказувчироқ бировни кўрмадим”, дедилар. Улар: “Динимиз ва ақлимиз ноқислиги нимада, эй Расулуллоҳ?” деб сўраган эдилар: “Аёлнинг гувоҳлиги эркак гувоҳлигининг ярмича эмасми?” дедилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. “Бу ақлининг ноқислиги. Аёл киши ҳайз кўрса, намоз ўқимайди ва рўза тутмайди, шундай эмасми?” дедилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. “Бу динининг нуқсонидир”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам[1].

Кўпгина муфассирлар Аллоҳ таолонинг: “Қўл остингиздаги ақлсиз кимсаларга қўлингизда бўлган уларнинг молларини бериб қўйманглар” (Нисо, 5) оятидаги ақлсиз кимсалардан мурод аёллар ва болалар деб тафсир қилишгани ҳам аёлларнинг ақли ноқис эканини таъкидлайди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аёл киши бамисоли қовурға кабидир. Тўғрилайман десанг синдириб қўясан, яхшилигидан фойдаланаман десанг, унинг шу эгрилигига муроса қилиб фойдаланаверасан”[2].

Аллоҳ таоло деди: “Сизлар зийнатлар ичида тарбияланадиган ва ожизалиги туфайли баҳс-мунозараларда ўзининг далил-ҳужжатини баён қилишга қодир бўлмайдиган кимсани, яъни қизни Аллоҳга нисбат берасизларми?” (Зухруф, 18).

Эркаклар учун хотинлар устида бир даража ортиқлик бордир” (Бақара, 228).

Юқорида ўтганларнинг бари аёл кишининг заифалиги ва ақлининг ноқис эканига далолат қилади.

Демак, аёл кишининг ақли ноқис экан, у билан шунга яраша муомала қилиш зарурдир. Одамлар билан муомала қилганда уларнинг ақл доирасига қараб муомала қилиш керак. Ақли бутун киши ақли паст, ёш бола ва телба одам билан ўзига яраша муомала қилади. Оқил киши ёш болага қилган ҳар бир хато иши учун таъзир бераверса, бундай кишини одамлар: “Ақли пастми бунинг, ёш боланинг даражасига тушяпти-я?” дейдилар. Аллоҳ таоло иймон аҳли ҳақида: “Лағв-беҳуда ишлар ёнидан ўтиб қолсалар юз ўгириб ўтиб кетадилар”, деб айтган (Фурқон, 72).

Бинобарин, эркакнинг хотин билан муомаласи ҳам худди шу йўсинда бўлиши керак. Яъни хотиннинг ҳар бир камчилиги учун дашном беравермайди. Масалан, хотин ўнта хато қилган бўлса, шундан учтаси, тўрттаси, боринг ана бештаси учун койисин, лекин қолганидан кўз юмсин, ҳар бир хатоси учун таъзир беравермасин. Аммо ўнта хатосининг ҳаммаси учун дашном бераверса, эркак ўзини шу аёл даражасига туширган ва ўзига калтабин, ақли паст одам тамғасини босган бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо бундай деганлар: “Аёлимдан ҳаққимни тўла олишни яхши кўрмайман, балки унга айрим ҳақларимни қолдираман, чунки Аллоҳ таоло айтган: “Эркаклар учун хотинлар устида бир даража ортиқлик бордир” (Бақара, 228).

Улуғ саҳобийнинг бу сўзи Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига монанддир: “Эсланг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларидан бирига (Ҳафсага) бир гапни сир қилиб айтганида у ўша гапни (Оишага) айтиб қўйди. Аллоҳ пайғамбарига аёли унинг сирини очганини билдиргач, у унга (Ҳафсага) унинг айтиб қўйган сўзларидан баъзисини айтди ва баъзисини олийжаноблик қилиб айтмади” (Таҳрим, 3).

Оятдан маълум бўлишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларнинг оналари, аёлларнинг энг яхшилари бўлган хотинларидан бирига бир сўз айтиб, шуни ҳеч кимга айтмасликни тайинлаганларида у бошқасига айтиб қўяди. Аллоҳ таоло Пайғамбарига аёли қилган иш ҳақида хабар берганида ва шу билан бирга танбеҳ берганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у хотинларини қилган ҳар бир иши учун койимадилар, балки Аллоҳ айтганидек: “баъзисини айтди ва баъзисини олийжаноблик қилиб айтмади”.

Маълумки, Аллоҳ таоло олийжаноб инсонларни ўзларидан қуйида бўлганларнинг хато-камчиликларини ўтиб юборишга тарғиб қилган: “Динда аҳли фазл ва дунёда бой-бадавлат бўлганлар ўзларининг камбағал қариндошлари, муҳтожлар ва Аллоҳ йўлидаги муҳожирлардан алоқаларини узишга ва улар қилган гуноҳ сабабли уларга бераётган нафақаларини тўхтатиб қўйишга қасам ичмасинлар. Ёмонликларини кечирсинлар ва уларни жазоламасинлар. Аллоҳ сизларни кечиришини истамайсизми? Шундай экан, сизлар ҳам уларнинг гуноҳларидан ўтинг. Аллоҳ бандаларини кечирувчи, раҳмли зотдир” (Нур, 22).

[1] Бухорий, (304), Муслим, (80).

[2] Бухорий, (5184), Муслим, (1091).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг