Намоз: Намозда имом ва муқтадийнинг ўрни

0

Намозда имом ва муқтадийнинг ўрни

Биринчидан: имом ҳам, муқтадий ҳам масжидда бўлса

Масжид ичида муқтадий хоҳ имомнинг ўзини ёки унинг орқасидаги одамларни кўрсин, хоҳ уларнинг ҳеч бирини кўрмасин, унга иқтидо қилиши дуруст бўлаверади. Модомики муқтадий масжид ичида бўлса, имомнинг ёки унинг сўзини қайтариб турувчининг товушини эшитиб турса ва якка ўзи бўлмаса, гарчи имомдан узоқда бўлса-да, унга иқтидо қилиши дурустдир[1]. Албатта, ҳадисларга мувофиқ намозда сафлар бир-бирига яқин бўлиши мустаҳабдир.

Аммо муқтадий масжиддан ташқарида бўлса, юқоридаги шартларга қўшимча сафлар узилиб қолмаслиги шарт қилинади. Бунинг учун муқтадийлар масжид атрофидаги йўллар, кўчалар ва бозорларда бўлсалар ҳам масжиддан узоқлашиб кетмасликлари лозим.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Масжидда бўш жой бўлгани ҳолда кўча ва дўконларда саф тортилмайди. Ким шундай қилса таъзирга ҳақли бўлади. Улардан кейин келганлар масжиддаги олд сафларни тўлдириш учун уларнинг елкаларидан ҳатлаб ўтиши жоиз бўлади ва бу иш ҳаром бўлмайди»[2].

Шу шартга биноан имомнинг карнай ёки телевизор орқали эшитилган товушига иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиз эмас. Чунки мазкур ҳолатда сафлар туташган бўлмайди. Шунингдек, гарчи имом кўриниб, товуши эшитилиб турса ҳам, масжидга қўшни хонадонлардан туриб унга иқтидо қилиш дуруст эмас. Чунки бу ҳолатда ҳам сафларнинг туташган бўлиш шарти рўёбга чиқмай қолади[3]. Агар сафлар туташ бўлса, иқтидо қилиш жоиз.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо улар саф тортишган бўлса-ю, улар билан бошқа сафлар ўртасидан одамлар юрадиган кўча ўтган бўлса, уламоларнинг бу борада билдирган икки фикридан тўғрироғига кўра, узилиб қолган сафдагилар намози дуруст бўлмайди»[4].

Албатта бирон заруратсиз шундай ўқилган бўлса намоз дуруст бўлмайди. Аммо зарурат туғилса, имомдан олдинда намоз ўқиш жоиз бўлганидек, бу иш ҳам жоиз бўлади.

Иккинчидан: имом муқтадийдан ёки муқтадий имомдан баланд жойда туриши

Бунинг бир неча ҳолатлари бор:

(1) Фақат имомнинг ўзи баланд жойда туриши

Ёлғиз имомнинг ўзи баланд жойда туриши жоиз эмас. Собит бўлишича, Ҳузайфа разияллоҳу анҳу Мадоинда одамларга супа устига чиқиб имомлик қилади. Шунда Абу Масъуд разияллоҳу анҳу унинг кўйлагидан ушлаб тортади (ва уни супа устидан туширади). Намозни тугатгач унга: «(Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар) бундан қайтарганини билмасмидинг?!» дейди. Ҳузайфа: «Ҳа, шундай. Сен тортганингда эсладим»[5], дейди.

Аммо одамларга намоз ўқишни ўргатиш мақсадида баланд жойда туриб намоз ўқиш бундан мустаснодир. Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни минбарда турганларини кўрдим. У зот такбири таҳримани айтдилар, одамлар ҳам ортларидан такбир айтишди. Сўнг минбарда турган кўйи руку қилдилар. Сўнг рукудан бошларини кўтардилар ва орқача юриб минбардан тушдилар ва минбардан пастда сажда қилдилар. Сўнг (минбарга) қайтдилар ва намозни охиригача ўқиб тугатдилар. Сўнг инсонларга юзланиб: «Эй инсонлар, менга иқтидо қилишингиз ва намоз ўқишимни кўриб ўрганишингиз учун шундай қилдим, холос», дедилар»[6].

(2) Имом билан бирга айрим муқтадийлар ҳам баланд жойда бўлиши

Имом билан бирга айрим муқтадийлар ҳам баланд жойда бўлса, шунингдек, баъзилар масжиднинг юқори қаватларида имомдан ҳам баландда бўлса, бу ишда бирон макруҳлик бўлмайди.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Айрим уламолар бу масалани имом ёлғиз ўзи баланд жойда турмаслигига боғлаганлар. Шунга кўра, баланд жойда имом билан бирга бошқа биров ҳам бўлса, унинг бу жойда туриши макруҳ бўлмайди. Чунки имомнинг ўзи алоҳида жойда турмаган бўлади. Албатта, бу ўринли фикрдир»[7].

(3) Имом муқтадийлардан пастда туриши

Намозда имом муқтадийлардан пастроқ ерда туриши макруҳ бўлмайди. Чунки буни ман этадиган бирон далил келмаган.

Шунга кўра, имом кўп қаватли масжиднинг муайян қаватида намоз ўқиса ва шу қаватдагилар унга иқтидо қилсалар, ўқилган намоз дуруст бўлади. Бундай масжидларда имом пастки қаватда тургани афзалроқ бўлади. Имом турган қаватдан бошқа қаватларда намоз ўқиш дуруст бўлиши учун имом орқасидаги сафлар тўлган бўлиши шарт қилинади.

Масжидлар қошида ташкил этилган айрим маъҳад ва мадрасаларда талабаларга намозни масжидда жамоат билан ўқиш тақиқланган бўлади. Айрим талабалар турган жойида (мадрасада) карнай орқали эшитилган имомнинг овозига иқтидо қилиб, баъзилар эса маъҳад ёки мадрасада ўзлари алоҳида жамоат бўлиб намоз ўқишади. Албатта, бу ишларнинг бари нотўғридир. Талабалар масжидга кириб жамоат билан намоз ўқишлари лозим.

Учинчидан: имом билан муқтадий ўртасида тўсиқ бўлиши

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бизнинг бир бўйрамиз бор эди. Уни кундузи ерга тўшар, кечаси эса тўсиқ сифатида осиб қўяр эдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалардан бирида бўйра билан тўсилган ҳужрада намоз ўқидилар. Мусулмонлар у зотнинг қироатларини эшитиб, у кишига иқтидо қилиб намоз ўқий бошладилар…»[8].

Ушбу ҳадис имом билан муқтадий ўртасида тўсиқ бўлиши намознинг дуруст бўлишига таъсир этмаслигини кўрсатади.

Имом Аҳмаддан жума куни эшиклари ёпиқ бўлган масжид ташқарисида намоз ўқиган киши ҳақида сўралганда: «Зарари йўқ деб умид қиламан»[9], деб жавоб берган.

Бироқ мазкур ҳолатда муқтадий хоҳ микрафон орқали, хоҳ муқтадийлардан бири унинг овозини етказиб туриши орқали бўлсин, имомнинг ҳаракатларини билиб туриши шарт. Аммо имомнинг товуши эшитилмай қолса, масалан, электр энергияси узилиши сабабли микрофон ишламай қолса ва ҳеч ким унга имомнинг ҳаракатларини билдириб турмаса, у ҳолда имомдан ажралишни ният қилади ва намознинг қолганини ўзи охирига етказиб қўяди.

[1] Қаранг: «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/419-423.
[2] «Мажмуъ ал-фатово», 23/410.
[3] Қаранг: «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/419-423.
[4] «Мажмуъ ал-фатово», 23/410.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (597), Ҳоким (1/210), Байҳақий (3/108) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (2/331) саҳиҳ деган.
[6] Бухорий (917), Муслим (544), Абу Довуд (1080), Насоий (2/57), Аҳмад (5/339) ривояти.
[7] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/426.
[8] Аҳмад ривояти, 6/61. Шунингдек, Бухорий (6113) ва Муслим (781) Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[9] Қаранг: «Ал-муғний», 2/208.

Изоҳ қолдиринг