Намоз: Имомликка ким ҳақлироқ?

0

Имомликка оид ҳукмлар

Биринчидан: Имомликка ким ҳақлироқ?

Абу Масъуд Уқба Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Намозда) одамларга ичларидан Аллоҳнинг китобини кўпроқ ўқигани имомлик қилади. Агар Қуръонни ўқишда тенг бўлсалар, суннатни билувчироқлари имомлик қилади. Агар суннатни билишда тенг бўлсалар, энг олдин ҳижрат қилгани имомлик қилади. Агар ҳижратда ҳам тенг бўлсалар, ёши каттароқлари (бошқа бир ривоятда: биринчи мусулмон бўлганлари) имомлик қилади. Инсон бошқанинг қўл остида бўлган жойда унга имом бўлмасин, шунингдек, бировнинг уйида уй эгасининг рухсатисиз у ўтирадиган махсус жойда ўтирмасин»[1].

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, имомликка ҳақли кишилар қуйидагича тартибланадилар:

1) Аллоҳнинг китобини кўпроқ ўқиган киши. Бундан Қуръонни кўпроқ ёдлаган киши назарда тутилган. Зеро, Амр ибн Салама разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга энг кўп Қуръон ёдлаганингиз имом бўлсин»[2], деганлар.

2) Агар қироатда тенг бўлиб қолсалар, у ҳолда суннатни билувчироқлари, яъни намоз ҳукмларини билувчироқлари имомга ўтади.

3) Агар бунда ҳам тенг бўлсалар, ораларида куфр диёридан Ислом диёрига олдинроқ ҳижрат қилган киши имомга ўтади.

4) Ҳижратда ҳам тенг бўлиб қолсалар, ичларида биринчи мусулмон бўлган киши имомга ўтади.

5) Бунда ҳам тенг бўлсалар, ёши каттароқлари имомга ўтади.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Юқоридаги тартибга риоя қилиш учун жамоатда масжид имоми каби тегишли идоралар томонидан тайинланган имом бўлмаслиги шарт қилинади. Агар шундай имом мавжуд бўлса, у ҳолда гарчи Қуръонни кўпроқ ёдлаган ёки шаръий билими кучлироқ бўлса ҳам, ҳеч кимса у турганда имомга ўтиши жоиз эмас. Юқоридаги ҳадисдаги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Инсон бошқанинг қўл остида бўлган жойда унга имом бўлмасин» деган сўзлари шуни кўрсатади.

  2. Шунингдек, юқоридаги ҳадисга биноан, уй эгаси рухсат бермаса, ҳеч кимса унинг уйида имомга ўтиши жоиз эмас.

  3. Қуръонни кўпроқ ёд олган киши имомга ўтиши учун намозга тегишли аҳкомларни яхши билиши шарт қилинади. Акс ҳолда, ундан бошқалар имомга ўтишга ҳақлироқ бўлади[3].

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Махфий эмаски, Қуръонни кўпроқ ёдлаган киши имомликка ҳақлироқ бўлиши учун намоз ҳолатларига тегишли билиш лозим бўлган аҳкомларни билиши шарт бўлади. Агар бу аҳкомларни билмаса, уламолар унинг имомга ўтказилмаслигига иттифоқ қилишган»[4].

  1. Агар бирон жамоатдаги одамлар юқорида келтирилган сифатларда тенг бўлиб қолсалар, у ҳолда ўрталарида қуръа ташланади ва қуръа кимга чиқса ўша имомга ўтади. Албатта, қуръасиз ораларидан бирларининг имомга ўтишига қолганлар рози бўлиши бундан мустаснодир. Айрим фиқҳ китобларида имомликка номзодлар ҳадисда келган сифатларда тенг бўлиб қолсалар, улардан обрў-эътиборлироғи, чиройлироғи ёки тақводорроғи ва ҳоказо сифатларга эга бўлганлари имомга ўтишга ҳақлироқ бўлади. Аммо бу гаплар бирон далилсиз гаплардир.

[1] Муслим (673), Абу Довуд (583), Термизий (235), Насоий (2/77), Ибн Можа (980) ривояти.
[2] Ҳадисни аслида Бухорий ривоят қилган, фақат бу лафз Табароний (17/30) ривоятига оид. Ҳадис ровийлари саҳиҳ ҳадис ровийларидир.
[3] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/289-бет.
[4] «Фатҳ ал- Борий», 2/171-бет.

Изоҳ қолдиринг