Умар розияллоҳу анҳу: исломни қабул қилиши (1)

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳунинг ҳаққига дуо қилган эдилар. Бу дуо унинг исломга киришига асосий сабаб бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига: “Аллоҳим! Бу икки киши: Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Умар ибн Хаттобларнинг ўзинга энг суюклиси билан исломни азиз қил!” – деб дуо қилган эдилар. Тақдирни қарангки, уларнинг Аллоҳга суюклиси Умар розияллоҳу анҳу экан. Аллоҳ таоло Умар розияллоҳу анҳунинг исломга киришига бир қанча сабабларни яратиб қўйди. Зеро Аллоҳ бирор ишни хоҳласа унга етарли сабабларини ҳозирлаб қўяди. Шу сабабларга мисол тарзида икки воқеани айтиб ўтамиз:

Биринчиси:

Умар розияллоҳу анҳу Қурайш аёллари ўз юртларини ташлаб, ўзга диёрларга ҳижрат қилиб кетаётганини кўрганида унинг қалбини иймон нури ёрита бошлади. У аёлларнинг кетишига Умар розияллоҳу анҳу каби инсонлар тарафидан берилаётган азобу уқубатлар сабаб бўлган эди. Бу эса Умар розияллоҳу анҳунинг қалбини юмшатди ва виждони қийнала бошлади. Умар розияллоҳу анҳу қаттиққўллик билан танилгани учун ҳижрат қилиб кетаётганларга ҳамдардлик билдирганида улар ҳайратда қолдилар. Чунки улар Умар розияллоҳу анҳудан бундай юмшоқ сўзлар эшитамиз, деб ҳеч ҳам ўйламаган эдилар.

Умму Абдуллоҳ бинти Ҳантама бу ҳақда шундай дейди:

“Биз Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетишимиздан олдин Умар келиб мени олдимда туриб қолди ва шундай деди:

-Кетаяпсизларми, эй Умму Абдуллоҳ?

-Ҳа. Аллоҳга қасамки, биз ҳижрат қиламиз, Аллоҳнинг ери кенг. Бизга жуда ҳам қаттиқ озор бердинглар. Шояд Аллоҳ таоло ишимизни енгил қилса!

-Аллоҳ ҳамроҳ бўлсин!

Мен олдин Умардан ҳеч ҳам бундай яхши муомала кўрмаган эдим. Омир ибн Рабиа баъзи ишлар билан чиқиб кетган эди. Қайтиб келганида мен унга бу воқеани айтсам у: “Сен Умар исломга киришини умид қилаяпсанми?!” – деди. – Ҳа – дедим. Шунда у: “Хаттобни эшаги исломга кирса ҳам Умар исломга кирмайди” – деди”.

Бу воқеа Умарга қаттиқ таъсир қилди ва виждони қийнала бошлади. Бу янги динни қабул қилганлар қанчадан-қанча азоб чексалар ҳам нега бу динда мустаҳкам турибдилар? Бундай кучни қаердан олмоқдалар? Бу каби саволлар Умарнинг ичини тирнар эди. Бу воқеадан кўп вақт ўтмай Умар розияллоҳу анҳу исломга кирди.

Иккинчиси:

Абдуллоҳ ибн Умар шундай дейди: “Мен Умар розияллоҳу анҳуни бирор бир масалага қандай фикр билдирганини кўрмай, худди айтганидек бўлар эди. Бир куни олдидан (Савод ибн Қориб исмли) келишган бир киши ўтиб қолди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Адашмасам шу одам ё қавмининг жоҳилий динида, ё олдин уларнинг фолбини бўлган. Менга шу одамни олиб келинглар! ” – деди. Ҳалиги одам чақирилди ва Умар розияллоҳу анҳу унга шу гапни айтди. У эса шундай деб жавоб берди:

-Мусулмон киши бу тарзда кутиб олинганини биринчи марта кўраяпман.

-Мен сендан фақат айтиб беришингни сўраяпман, холос.

-Жоҳилият даврида қавмимнинг фолбини эдим.

-Жинлардан эшитган энг қизиқарли нарсанг нима?

-Бир куни бозорда турган эдим, жиним жуда ҳам қўрқиб келди ва: “Жинлар тушкунликка тушиб қолишди. Улар фаришталарнинг сўзларини тинглашга ўрганиб қолган эдилар. Энди эса бундан бутунлай маҳрум бўлишди. Энди улар туяларнинг ортидан чўлу биёбонларга кетадилар” – деди.

-Тўғри айтибди. Бир куни мен улар сиғинадиган олиҳаларининг яқинида ухлаб ётган эдим. Бир киши бузоқ олиб келиб уни бутларга атаб сўйди. Шунда: “Эй сурбет! Муваффақиятли ишни эшит. Бир фасоҳатли киши “Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ)” деяпти” – деган овоз эшитилди. Мен олдин ҳеч ҳам бунақа баланд овоз эшитмаган эдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Пайғамбаримиз даъват қила бошладилар.

Умар розияллоҳу анҳунинг исломга кириши тўғрисида шу ва шунга ўхшаш бир неча сабаблар айтилган. Лекин аксар ривоятларнинг санадлари ҳадис илми нуқтаи назаридан қаралганида, саҳиҳ эмас. Сийрат ва тарих китобларида айтилган ривоятлардан келиб чиқиб, иншаоллоҳ, келгусида Умар розияллоҳу анҳунинг исломга кириш сабабларини бир неча мавзуларга тақсимлаб айтамиз.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг