Ғафлат (14): Вақтни зое қилиш

0

Вақтни зое қилиш

Оламлар Рабби Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога, у зотнинг покиза оилаларига ҳамда асҳоби киромларга салавоту саломлар, баракотлар бўлсин. Парвардигоро, улар билан бирга бизни ҳам ўз марҳатинг ва караминг ила мағфират эт. Албатта, сен энг раҳм қилувчи зотсан.

Азиз биродарларим, ғафлат ҳақида суҳбатимиз давом этади. Бугунги суҳбатимизда ғафлатга элтувчи сабаблардан яна бири ҳақида, яъни вақтни зое қилиш ва вақтдан унумли фойдаланмаслик мавзусида сўз юритамиз. Буни “вақт ўтказиш” деб ҳам атайдилар. Чунки вақт ҳаёт демакдир. Ҳаётда вақтни зое қилишдан кўра кўпроқ зое қилинадиган бирон нарса йўқ. Кечаю кундуз интернетда шарм-ҳаёсиз кўрсатувлар томоша қилиб, шаҳвату шубҳага чорлайдиган сайтларда соатлаб ўтирилади. Ёки ўйин-кулги ва бефойда ўтиришлар билан вақтни ўтказилади.

Шу боис уммат қолоқ бўлиб, ҳаммадан ортда қолди. Чунки ёшлар вақтнинг қадрини билмайдилар. Вақт бу ҳаётдир. Раббимиз бу улкан неъматнинг қадр-қимматини бизларга эслатиб, вақтга қасам ичган. Маълумки, Аллоҳ таоло буюк нарсаларга қасам ичади.

Аллоҳ таоло айтади:

 Тонгга ва (зул-ҳижжанинг) ўн кечасига қасам”;

 Ўраб олаётган тунга, ёришаётган кундузга қасам”;

 “Асрга – замонга қасамки, одамзод зиёнда ва йўқотишдадир. Аллоҳга иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақни маҳкам ушлашни, Аллоҳга итоат қилишни ва бунда сабрли бўлишни тавсия қилган кишилар бундан мустаснодир”.

Имом Бухорий ва бошқалар Ибн Аббосдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Икки неъмат бор, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Улар саломатлик ва бўшликдир”.

Ким саломатлик неъматининг қадрига етяпти? Унинг қадрини тўшакка михланиб қолган хасталар билади. Саломатлик неъмати қадрига фақат касаллар етадилар.

Аллоҳ таолодан дардманларга қайта умид бағишлашини, дардларига шифо беришини сўрайман. Ҳар бир беморга Раббим Ўзи шифо берсин. Албатта Аллоҳ бунга қодир зотдир.

Ким саломатлик қадрига етиб, уни дин ва дунё манфаати учун ишлатаётган бўлса, ўша одам бахтлидир. Кимда-ким саломатлик ва офият неъматини ёмон ишлар, маъсият ва ўйин-кулги учун ишлатаётган бўлса, у ўзини алдаяпти ва у ҳақиқий зиён кўрувчидир.

Фароғ, яъни бўшлик неъмати ҳам худди шундай. Ҳали у ҳақда ҳам алоҳида сўзлашамиз, иншааллоҳ. Фароғ ҳам улкан неъматлардан ҳисобланади. Ким бўш вақтининг қадрига етиб, Аллоҳнинг тоатига ёки дин ва дунёнинг манфаати учун сарфлар экан, унинг учун бу улкан неъматдир.

Ҳа азизлар, ўтган вақт асло ортига қайтиб келмаслигини эсдан чиқармайлик.

Ҳасан Басрий айтар эди: “Ҳар куни тонг отар экан, у ўзининг ҳолат тили билан нидо қилади: “Эй Одам фарзанди, мен дунёга янги келдим, амалингга шоҳидман, мени ғанимат бил. Чунки мен қиёматгача қайтиб келмайман”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Қуёш ботиб, умрим қисқариб, ортиқча амал қила олмаган кунимга надомат чекканимдек бошқа бирон нарсага надомат чекмаганман. Зеро, бир куним ўтиб, ҳидоятим зиёда бўлмаса, илмдан фойдаланмасам, умримдан нима фойда?”

Луқмони ҳаким фарзандига айтар экан: “Эй ўғлим, сен дунёга келганингдан бери дунё ортга қайтяпти, охират эса сени қаршилаяпти. Сени қаршилаётган ҳовли сен узоқлашаётган ҳовлидан яқиндир”.

Жуда чиройли насиҳат! Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтар эдилар: “Қиёмат куни банданинг икки қадами жойидан узилмай туриб, (яъни қадам ташламай туриб) тўрт нарсадан сўралади. Жумладан, умрини нима ишлар билан ўтказгани ҳақида сўралади…” Бу ҳадисни Аҳмад, Термизий ва бошқалар ривоят қилишган.

Ҳа, вақтингни нима билан ўтказдинг? Нима ишларга сарфладинг? Албатта сўраласан. Соатлаб ўйинларни томоша қилиш яхшими? Бу ўйинлар фарзандларимизни, йигитларимизни, балки катта ёшли биродарларимизни ҳам, сингилларимизни умрларини зое қиляпти. “Қиёмат куни банданинг икки қадами жойидан узилмай туриб, (яъни қадам ташламай туриб) тўрт нарсадан сўралади. Умрини нима ишлар билан ўтказгани ҳақида сўралади. Жасадини нималарга ишлатгани, молини қаердан топиб қаерга сарфлагани, илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади”. Вақт катта неъмат, у ҳақда албатта Аллоҳ таолонинг олдида жавоб берамиз.

Ғафлатнинг энг катта сабабларидан бири бизнинг вақт неъматидан ғофиллигимиздир. Бундан Раббим раҳм қилган зотларгина мустаснодир. Ёлғиз ва шериксиз Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, ҳажда, Арафот водийсида эҳром либосидаги баъзи биродарларни “зинапоя ва илон” ўйинини (нардага ўхшаган ўйин) ўйнашаётганини ўз кўзим билан кўрганман. Мен уларга: “Субҳоналлоҳ, биродарлар, сизлар Арафотда, Арафа кунида турибсиз. Бу кунда еру осмонлар Рабби Ҳақ таоло бандаларига назар ташлайди, нима қилаяпсизлар? – деб айтади”, дедим. Улар менга: “Эй шайх, кун жуда узун, вақтни ўтказиш керак-ку”, дейишди.

Ҳатто шундай улуғ лаҳзаларни ҳам ўйин билан ўтказиладими? Бу жуда ҳам хатарли иш, аслида бу ҳақда узун суҳбат қуриш керак. Мен барчамизни бу неъматнинг қадрига етишга даъват қиламан. Токи вақтдан дин ва дунё манфаати йўлида тўғри фойдалана билайлик.

Аллоҳ таолодан умримизга барака беришини сўрайман. Ҳақиқий умр қилинган яхши ишлар ва улуғ амаллар билан баҳоланади. Узоқ яшаш билан эмас. Чунки қанчадан-қанча кишилар ўтган, умри узоқ бўлиб, амали кам бўлган. Умри қисқа бўлиб, амали улкан бўлганлар ҳам оз эмас.

Аллоҳ таоло барчамизга умримизда барака берсин. Аллоҳ бунга қодир зотдир. Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли байтларига ҳамда саҳобаи киромларга салавот ва саломлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ.

Изоҳ қолдиринг