Оилавий муносабатлар (9): Оиладаги келишмовчиликлар ва шайтоннинг шарридан паноҳ тилаш

0

Аллоҳ таоло деди: “Бандалари орасидан Аллоҳдан қўрқадиган тақводор зотларга шайтондан бирор васваса етса, улар дарҳол Аллоҳни эсга оладилар. Қарабсизки, улар онгли равишда Аллоҳнинг маъсиятидан тийилишади” (Аъроф, 201).

Келишмовчиликдан холи бўлган оилани топиш қийин. Ҳатто солиҳ инсонлар оиласида ҳам келишмовчиликлар бўлиб туради. Бироқ, улар бу келишмовчиликлар авж олиб, шайтон хоҳлаган йўналишда кетишига йўл қўймайдилар, балки шайтоннинг васвасаси ва шарридан паноҳ тилаб Аллоҳга сиғинадилар. Ўзларини қўлга олиб, дарҳол ўртани ислоҳ қилиш ва шу билан шайтоннинг макрини йўққа чиқаришга шошиладилар.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ўғли Абдураҳмонга қўшиб бир қанча меҳмонларни уйига юборганида, меҳмонлар Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ўзи келмагунича таом тановул қилишдан бош тортдилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу келиб қараса меҳмонлар ҳали ҳам таомланмаган. Шунда Сиддиқ разияллоҳу анҳу нима қилди? Оиласидагиларга ва меҳмонларга ғазаб қилди, уларни койиди ва кечки таомни емасликка қасам ичди. Ҳолат шу даражага етдики, ҳатто у меҳмонларга: “Олинглар, енглар, ош бўлмасин”, деди. Меҳмонлар ҳам то у емагунча таомдан емасликка қасам ичдилар. Бу ёқда хотини қасам ичди. Ана шундай таранг бир вазиятда Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бу ишлар шайтондан эканини эсга олиб ғазабдан тушди, Аллоҳни эсга олди ва таомдан ейишга юзланди. Шундан сўнг меҳмонлар ҳам таомга қул чўздилар, орага илиқлик, яхши кайфият оралади, Аллоҳ дастурхонга барака берди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу минган ғазаб отидан қандай тушганига қаранг. Бу ишлар шайтондан эканини билганидан, тезда асабини жиловлай олганини кўринг ва ибрат олинг. Бу воқеа хусусида келган ҳадис қуйидагичадир: “Абдураҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Асҳоби суффа, яъни масжид ҳовлисидаги супада кун кечирувчи кишилар бечораҳол кишилар эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг ҳузурида икки кишилик таом бўлса, уч кишини олиб кетсин. Агар тўрт кишилик бўлса, беш ё олти кишини олиб кетсин”, дедилар. Абу Бакр уч кишини олиб келдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кишини олиб кетдилар. Оиламизда мен, отам, онам, аёлим ва биз билан Абу Бакрнинг уйи ўртасида бўлган бир хизматкор бор эди. Абу Бакр кечки таом пайти Раслуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бўлди. Сўнг то хуфтон намози ўқилгунча у ерда қолди. Намоздан сўнг яна қайтиб, то Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечки таомни егунларича турди. Тундан Аллоҳ хоҳлаганича вақт ўтгандан сўнг уйга келди. Аёли у кишига: “Нима сабабдан меҳмонларингиз олдига келишдан ушланиб қолдингиз?” деб сўради. “Уларга ҳали кечки овқат бермадингми?!” деди у. “Меҳмонлар то сиз келмагунингизча овқатланишдан бош тортишди. Овқат берилса кўнишмади”, деди хотини. Шунда мен отамнинг ғазабидан қўрққанимдан яшириниб олдим. Отам мени: “Ҳой нодон, қулоқ-бурнинг кесилгур”, деб койиди. Меҳмонларга эса: “Енглар, ош бўлмасин”, деди ва: “Аллоҳга қасамки, мен асло емайман”, деди. Аллоҳга қасамки, биз бир луқма олсак, тагидан ундан кўра кўпроқ таом чиқиб келарди. Меҳмонлар тўйгунча ейишди. Овқат эса аввалгидан-да кўпроқ бўлиб қолди. Абу Бакр овқатга қаради, у аввал қандай бўлса шундай ё ундан-да кўпроқ эди. Шунда аёлига: “Эй Бану Фироснинг синглиси, бу нима ҳол?” деди. Аёли: “Қасамки, бу овқат ҳозир аввалгига қараганда уч баробар кўпроқ”, деди. Сўнг Абу Бакр ҳам ундан еди ва: “Бу – яъни ичган қасамим шайтон тарафидан бўлди”, деди ва ундан яна бир луқма еди. Кейин уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб кетди. Эрталаб таом Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида эди. Биз билан бир қавм ўртасида келишув бўлиб, унинг муҳлати ўтган эди. Бизни ўн икки киши қилиб бўлдилар. Ҳар бир киши билан бирга одамлар бор эди, Аллоҳ билади ҳар бир киши билан қанча одам борлигини. Ўша таомдан ҳаммалари едилар”[1].

Имом Муслимда келган бошқа ривоятда Абдурамон ибн Абу Бакр айтади: “Уйимизга меҳмонлар келди. Отам кечалари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан суҳбатлашгани кетар эди. Бу кеча ҳам кета туриб менга: “Эй Абдурраҳмон, меҳмонларга яхши қарагин”, деб тайинлади. Мен меҳмонларга дастурхон ёзиб таом олиб келдим. Аммо улар: “Хонадон соҳиби келиб биз билан бирга емагунича емаймиз”, деб туриб олдилар. Мен уларга: “Отам қаттиққўл одам, сизнинг таомланмаганингизни билса, менга жазо беришидан қўрқаман”, дедим. Улар бари бир таомланишдан бош тортдилар. Отам келиб энг биринчи меҳмонлар ҳақида сўраб: “Меҳмонларга дастурхон ёзиб, таомларини бердингизми?” деди. “Йўқ, улар ҳануз таомланмадилар”, деб жавоб беришди уйдагилар. “Абдурраҳмонга тайинлаб кетмаганмидим?” деди отам асабий тарзда. Мен ўзимни четга олиб, яшириндим. Отам: “Ҳой Абдураҳмон, эй нодон, қасамки, сўзимни эшитаётган бўлсанг олдимга кел”, деди. Ноилож кўриниш бердим. “Менда айб йўқ ота, меҳмонлардан сўрашингиз мумкин, мен дастурхон ёзиб, таомларини келтирдим, бироқ улар сиз келмагунингизча емасликларини айтиб бош тортдилар”, дедим. Отам меҳмонларга: “Нима учун олдингизга ёзилган дастурхондан тановул қилмадингиз? Аллоҳга қасамки, шу кеча таом емайман” деди. Меҳмонлар: “Қасамки, сиз емасангиз биз ҳам емаймиз”, дейишди. “Бундай оғир кечани ҳеч кўрмаган эдим. Ҳой шўринг қурғурлар, нега олдингизга қўйилган нарсани емайсиз? деди-да, сўнг: “Ичган қасамим шайтондан бўлди. Қани, меҳмонлар, дастурхонга марҳамат қилинглар”, деб олиб келинган таомдан “Бисмиллаҳ” дея еди, меҳмонлар ҳам едилар. Эртасига отам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб: “Эй Расулуллоҳ, улар қасамларининг устидан чиқдилар, мен эса қасамимни буздим”, деб кечаги ҳолатни айтиб берган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сиз улар ичида қасамига вафо қилувчироқ ва уларнинг энг яхшисисиз”, деб айтдилар”[2].

Оиладаги бундай ҳолатлар фақат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг оиласидагина эмас, йўқ, мана ҳатто Набийимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бир ой четлашганлар. Бу ҳақда Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида қуйидагича ҳадис келган: Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Мен Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки аёллари ҳақида Аллоҳ таоло айтган: “Ҳар иккингиз Аллоҳга тавба қилсангиз ўзингизга яхши. Чунки қалбларингиз Расулуллоҳ ёқтирмайдиган ишга – унинг сирларини очишга мойил бўлди” (Таҳрим, 4),  ояти ҳақида сўрашни жуда хоҳлаб юрардим. Лекин у кишининг ҳайбатидан журъат қилолмагандим. Бир йили Умар разияллоҳу анҳу ҳаж қилди, мен ҳам у киши билан бирга ҳажга бордим. Йўлда кетаётиб Умар разияллоҳу анҳу ҳожат учун четга чиқди. Мен ҳам идишда сув олиб, четга чиқдим. Ҳожатини битириб қайтгач, қўлига сув қуйиб турдим, у киши таҳорат қилиб олди. Фурсат бўлиб қолгач, мен: “Эй мўминлар амири, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки аёллари ҳақида айтган: “Ҳар иккингиз Аллоҳга тавба қилсангиз ўзингизга яхши. Чунки қалбларингиз Расулуллоҳ ёқтирмайдиган ишга – унинг сирларини очишга мойил бўлди”,  оятдаги ўша аёллар ким?” деб сўрадим. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: “Қизиқ, эй Ибн Аббос, билмасмидинг. У иккиси Оиша билан Ҳафса”, деди. Сўнг ҳадисни тўлиқ айтиб берди: “Мен ва ансорий бир қўшним Бани Умайя ибн Зайд қавми ичида яшар эдик. Улар Мадинадаги катта қавмлардан эди. Шеригим билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига навбат билан, бир кун у, бир кун мен бориб турардик. Бориш менинг навбатим бўлганида ўша куни содир бўлган воқеа, хабар ва нозил бўлган ваҳий ҳақида шеригимни хабардор қилардим. У бориб келганда ҳам худди шундай қиларди. Биз қурайшликлар хотинларимиздан устун эдик. Ансорлар юртига келганимизда қарасак, уларнинг аёллари эрларидан устун экан. Оз ўтмай, бизнинг аёллар ансорлар аёлларининг хулқидан таъсирлана бошладилар. Бир куни хотинимга бақирган эдим, у ҳам менга гап қайтарди. “Гап қайтарма” десам, “Нега гап қайтарма дейсиз, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам у зотга гап қайтаришади. Мана бугун ҳам улардан бири Расулуллоҳни кун бўйи хафа қилди”, деди. Бу гап мени хавотирга солиб қўйди: “Уларнинг қай бири шу ишни қилган бўлса ҳам, катта хато қилибди”, дедим-да, кийимимни кийиб Ҳафсанинг уйига бордим. Ҳафсага: “Ҳой Ҳафса, бугун бирортангиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кун бўйи ғазаблантириб қўйдими?” дедим. У: “Ҳа, шундай бўлди”, деди. Мен: “Хато қилибсан, ўзингга зиён қилибсан. Расулуллоҳнинг ғазаблари туфайли Аллоҳ ғазаб қилса, омон қоласанми?! Ҳалок бўласан! Расулуллоҳдан кўп нарса талаб қилма, ҳеч бир ишда у зотга гап қайтарма, ҳечам аразлама, нима истасанг мендан сўра. Қўшнинг, (яъни кундошинг Оиша) сендан чиройлироқ ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга суюклироқ экани сени алдаб қўймасин”. Умар разияллоҳу анҳу сўзида давом этиб деди: Ўша вақтда биз Ғассон подшоҳи бизга қарши уруш қилиш учун отларни тақаламоқда экан, деган гапларни ўзаро айтиб юрардик. Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориш навбати ансорий шеригимда бўлган кун кечаси қайтиб, эшигимни қаттиқ тақиллатди ва: “Ухлаяптими?” деди. Мен чўчиб кетиб, дарҳол олдига чиқдим. У: “Бугун катта воқеа юз берди”, деди. Мен: “Нима бўлди, Ғассон бостириб келдими?” дедим. У: “Йўқ, бундан-да каттароқ ва даҳшатлироқ иш бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини талоқ қилибдилар”, деди. Убайд ибн Ҳунайн айтади: Ибн Аббос Умар разияллоҳу анҳу бундай деганини эшитди: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан четлашдилар. Мен: “Ҳафса бахтсиз бўлибди, ўзига зиён қилибди. Шундай бўлишини гумон қилган эдим”, дедим-да, кийиниб масжидга бордим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бомдод намозини ўқидим. У зот болохоналарига чиқиб, ўша ерда ўзлари ёлғиз қолдилар. Ҳафсанинг олдига кирсам, у йиғлаб ўтирган экан. “Нега йиғлаяпсан, сени шундан огоҳлантирмаганмидим. Расулуллоҳ сизларни талоқ қилдиларми?” деб сўрадим. У: “Билмайман, ўзлари ҳов анави болохонада ёлғиз ўтирибдилар”, деди. Ташқарига чиқиб, минбар олдига келдим. Минбар атрофида бир гуруҳ кишилар ўтиришар, айримлари йиғлаётган эди. Улар билан бир оз ўтирдим. Кейин кўнглимга келган нарсалар ғолиб келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган болохона олдига бордим ва қора танли хизматкорларига: “Умар киришига рухсат сўраб чиқ”, дедим. Хизматкор ичкарига кириб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб чиқди ва: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашдим. Киришга изн сўраганингизни айтган эдим, индамадилар”, деди. Мен яна минбар атрофида ўтирган кишилар олдига бориб ўтирдим. Кейин, кўнглимга келган нарсалар ғолиб келиб, яна хизматкор олдига бордим ва: “Умарнинг киришига рухсат берасизми, деб сўраб чиқ”, дедим. У ичкарига кириб чиқди ва: “Киришга рухсат сўраётганингизни у зотга айтдим, лекин индамадилар”, деди. Мен яна минбар атрофида ўтирган кишилар олдига бориб ўтирдим. Кейин, кўнглимга келган нарсалар ғолиб келиб, яна хизматкор олдига бордим ва: “Умарнинг киришига рухсат берасизми, деб сўраб чиқ”, дедим. У ичкарига кириб чиқди ва: “Киришга изн сўраётганингизни у зотга айтдим, индамадилар”, деди. Энди қайтиб кетаётган эдим, хизматкор мени чақириб: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам киришингизга ижозат бердилар”, деб қолди. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдим. У зот қум-тупроқли бўйра устида ётардилар. Бўйра устига тўшак тўшалмаган, қум у зотнинг ёнларига ботиб кетган эди. Ичига хурмо пўсти тиқилган, теридан бўлган ёстиққа ёнбошлаган ҳолда эдилар. Мен салом бердим ва тик турганимча: “Эй Расулуллоҳ, хотинларингизни талоқ қилдингизми?” дедим. Муборак кўзларини менга қаратиб: “Йўқ”, деб жавоб бердилар. Мен: “Аллоҳу акбар”, дедим. Сўнг тик турганимча у зотнинг кўнгилларини олиш ўйида дедим: “Эй Расулуллоҳ, сўзимга қулоқ солсангиз. Биз қурайшликлар хотинларимиздан устун эдик. Мадинага келсак, бу ердаги қавмнинг аёллари эркакларидан устун экан”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб кулиб қўйдилар. Мен сўзимда давом этиб дедим: “Эй Расулуллоҳ, агар билсангиз, мен Ҳафсанинг олдига кириб: “Кундошингнинг – Оиша разияллоҳу анҳони назарда тутиб – сендан чиройлироқ ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга маҳбуброқ экани сени алдаб қўймасин, дедим”. Расулуллоҳ яна кулиб қўйдилар. У зотнинг табассум қилганларини кўриб ўтирдим. Расулуллоҳ ўтирган хонага кўз югуртириб қарасам, Аллоҳга қасамки, хонада учта ошланмаган теридан бошқа бирор нарса кўрмадим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Расулуллоҳ, умматингизга кенгчилик беришини сўраб Аллоҳга дуо қилинг. Форс ва Румга кенгчилик қилинган, кўп мол-дунё берилган, ҳолбуки улар Аллоҳга ибодат қилмайдилар”, дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар-да: “Ҳалиям шубҳадамисан эй Ибн Хаттоб? Улар барча ҳузур-ҳаловатлари дунё ҳаётида берилган қавмдир”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ гуноҳимни кечирсин”, дедим. Ҳафса Оишага айтиб қўйган сўз сабаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларидан йигирма тўққиз кун четлашган эдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга танбеҳ берганига хотинларидан ранжиган у зот: “Мен улар олдига бир ой мобайнида кирмайман”, деб айтган эдилар. Орадан йигирма тўққиз кун ўтгач, Расулуллоҳ биринчи бўлиб Оиша разияллоҳу анҳодан бошлаб, унинг олдига кирдилар. Оиша разияллоҳу анҳо: “Эй Расулуллоҳ, сиз бизнинг олдимизга бир ой кирмасликка қасам ичган эдингиз, мен санаб юрибман бугун йигирма тўққиз кун бўлди”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ой йигирма тўққиз кундир”, дедилар. Дарҳақиҳат, ўша ой йигирма тўққиз кун бўлди. Оиша разияллоҳу анҳо деди: “Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг барча хотинларига у зотни ёки дунёни танлаш ихтиёри берилган оятни нозил қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ичидан биринчи бўлиб мендан бошладилар, мен Расулуллоҳни танладим, сўнг бошқа аёлларига ихтиёр бердилар, улар ҳам Оиша каби Расулуллоҳни ихтиёр этдилар”[3].

Мўминлар амири Алий ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг оилавий ҳаётига бир назар солайлик. Алий разияллоҳу анҳу Аллоҳ ва Расулини яхши кўрган, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўрган улуғ саҳобалардан эди[4]. Унинг жуфти ҳалоли Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари, жаннат аҳлининг саййидаларидан Фотима разияллоҳу анҳо бўлган. Бироқ, шундай муборак оилада ҳам онда-сонда келишмовчилик бўлиб қолар, Алий разияллоҳу анҳу аёлига ғазаб қилса, уйидан чиқиб масжидга борар ва ўша ерда ухлар эди.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ”ида келтирган ҳадисда Саҳл ибн Саъд Соъидий разияллоҳу анҳу айтади: “Алий разияллоҳу анҳу учун энг суюкли исм Абу Туроб (тупроқли) эди. Шу исм билан чақирилса жуда хурсанд бўларди. Чунки бу исмни унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари қўйган эдилар. Бир куни Алий разияллоҳу анҳу аёли Фотимадан ранжиб, уйидан чиқиб кетади ва масжидга келиб ётади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қидириб келсалар, орқаси тупроққа беланган ҳолда масжид ҳовлисида ётган экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг белидаги тупроқларни қоқиб: “Тур, эй Абу Туроб”, деган эдилар”[5].

Эр-хотин ораси бузилиб, жанжаллашиб қолишса, дарҳол ўзларини қўлга олишга, шайтондан Аллоҳ таолодан паноҳ сўрашга, ўрталарини ислоҳ қилишга, эшикларни ёпиб, пардаларни туширишга, яъни иложи борича бировларни оила сиридан воқиф этмай, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликни ошкор қилмай, ўзлари ҳал қилиб олишга шошилсинлар.

Эр ғазаб қилиб қолса ёки хотиннинг аччиғи чиқса, дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўрасин, таҳорат қилиб икки ракат намоз ўқисин. Тик турган бўлса ўтириб олсин, ўтирган бўлса ёнбошласин. Бир-биридан узр сўрасин, ўтказган яхши кунларини эсласин, эркалаб бағрига боссин. Хато қилганини эътироф этиб, розилик сўрасин, иккинчи тараф ҳам оёқ тираб олмай узрини қабул қилсин, Аллоҳ учун кечирсин, Аллоҳ ўзининг гуноҳларини кечиришини хоҳламайдими?! Кечиримли бўлса, Аллоҳ ҳам кечиради.

Шу ўринда Фотима бинти Утба ибн Рабиа билан эри Ақил ибн Абу Толиб ўртасида бўлиб ўтган воқеа ёдимга келиб қолди. Бу воқеани саҳиҳ санад билан Ибн Саъд ўзининг “Табақот” номли китобида Ибн Абу Мулайкадан келтирган: “Ақил ибн Абу Толиб Фотима бинти Утба ибн Рабиага уйланди. Ўша вақтда у жуда бой аёл эди. Эрига: “Агар устимга хотин олмасангиз, рўзғор харажатини зиммамга оламан”, деди. Ақил унга уйланди ва қачон унинг олдига кирса, хотини олийнасаб эканига ишора қилгандек: “Утба ибн Рабиа қани? Шайба ибн Рабиа қани?” деб айтаверарди. Ҳолбуки, олий насабликда Ақил ҳам қолишмас эди. Кунларнинг бирида Ақил хотинининг олдига кирди, кайфияти бироз йўқ эди. Хотини яна: “Утба ибн Рабиа қани? Шайба ибн Рабиа қани?” деб айтган эди: “Дўзахга кирсанг чап тарафингда”, деб юборди Ақил аччиқ устида. Бу гапдан ғазабланган хотин кийимини кийиб: “Бошимизни ҳеч нарса қовуштирмайди”, деб Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳузурига борди. У зот Муовия ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумга эр-хотин ўртасидаги можарони кўриб чиқишни топширди. Ибн Аббос: “Аллоҳга қасамки, бу иккисини ажратаман”, деб, Муовия эса: “Мен Абдуманоф наслидан бўлган икки зотнинг ўртасини ажратмайман”, дея бориб қарасалар, эр-хотин этакларини йиғиб олиб, ўзлари келишиб олган эдилар”.

Қаранг, эр-хотин ораси бузилиб, жанжаллашиб қолганларида, ўртага тушадиган кишиларга эҳтиёж қолдирмай, ўзлари дарҳол ораларини ислоҳ қилиб, келишиб олганларини кўринг ва ибрат олинг. Отаси ва амакилари билан фахрланиш каби кўпгина аёлларга етган камчилик бу аёлни ҳам четлаб ўтмаган эди. Шунинг учун бир ривоятда: “Бўйинлари кумуш идиш каби бўлганлар қани-я?” дер эди.  Эр унинг бундай сўзларини сабр билан кўтариб келди. Охири асаби бузилиб турганида яна ўша сўзини айтиб: “Утба ибн Рабиа қани? Шайба ибн Рабиа қани?” деб айтган эди: “Дўзахга кирсанг чап тарафингда”, деб юборди. Хотин бу гапга чидай олмай, мўминлар амири Усмон разияллоҳу анҳуга шикоят қилиб борди. Халифа икки ҳакамни уларнинг уйига юборди. Икки ҳакам Фотима ва Ақилнинг уйига етиб келмаёқ, эр-хотин ярашиб олган эдилар ва ҳакамларга иш қолдирмадилар, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Эр-хотиннинг уруши дока рўмолнинг қуриши.

Демак, фазилат эгалари, солиҳ кишилар бири хато қилиб қўйса бошқаси дарҳол кечириши, хато қилган хатосини тан олиб узр сўраши, бир-бирларига раҳм-шафқатли бўлишлари лозим. Аллоҳ тавба қилиб Унга қайтган кишиларни мағфират этувчи зотдир.

[1] Бухорий, (6140), Муслим, (2057).

[2] Муслим, (3270).

[3] Бухорий, (5191), Муслим, (1111).

[4] Ҳадис: “Эртага байроқни унинг қўли билан фатҳ қилинадиган, Аллоҳ ва Расулини яхши кўрадиган, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўрадиган кишига бераман, дедилар ва Алий разияллоҳу анҳуга бердилар” Бухорий, (3702), Муслим, (2408).

[5] Бухорий, (6204).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг