Усмон розияллоҳу анҳу: Руқайяга уйланиши

0

Усмон розияллоҳу анҳу исломга киргани билан барча мусулмонлар шодланишди. Мусулмонлар ўртасида унга нисбатан муҳаббат биродарчилик ришталари пайдо бўлди. Аллоҳ таоло унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайяга уйланишдек бахтни насиб қилди. Бу воқеа қуйидагича бўлди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Руқайяни Утба ибн Абу Лаҳабга, синглиси Умму Кулсумни эса Утайба ибн Абу Лаҳабга турмушга берган эдилар. Масад сурасидаги “Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай — ҳалок бўлгай! У қуриди – ҳалок бўлди ҳам! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!” (Масад сураси) оятлари нозил бўлганидан кейин Абу Лаҳаб ва “ўтин орқалаган” хотини Умму Жамил бинти Ҳарб ибн Умайя иккаласи ҳам болаларига: “Муҳаммаднинг қизлари билан ажрашинглар!” – дедилар. Аллоҳ таоло Руқайя ва Умму Кулсумнинг обрўсини сақлаб, Абу Лаҳабнинг ўғилларини эса хорликка дучор қилди: улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига қўшилишдан олдин ажрашишди. Усмон розияллоҳу анҳу бу хабарни эшитиб хурсандчиликдан боши осмонга етди. Зудлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Руқайянинг қўлини сўради ва унга уйланди. Хадича онамиз Руқайяни безаб, куёвнинг олдига олиб кирди. Усмон розияллоҳу анҳу Қурайшнинг энг чиройли йигитларидан эди. Чиройда унга фақат Руқайя тенг келарди, холос. Руқайя Усмон розияллоҳу анҳунинг олдига олиб борилар экан, одамлар шундай дейишар эди:

Кўрмади энг гўзал жуфтликни инсон,

Бамисли Руқайя ва жуфти Усмон.

Абдураҳмон ибн Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг уйига кирдилар. У Усмон розияллоҳу анҳунинг бошини ювиб қўяётган эди. Шунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Қизалоғим, сен Абу Абдуллоҳга (яъни Усмон розияллоҳу анҳуга) яхши муносабатда бўлгин! У саҳобалар ичида энг хулқи менга ўхшайдиганидир” – дедилар.

Абу Лаҳаб ва хотини Умму Жамил Руқайя ва Умму Кулсумларни ажратиб юбориш орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оиласига фожиали бир мусибат етказамиз ёки Пайғамбаримизни заифлаштирамиз, деб ўйлашган эди. Лекин Аллоҳ таоло Руқайя ва Умму Кулсумни ҳимоя қилиб, уларга яхшиликни насиб қилди. Абу Лаҳаб ва Умму Жамилнинг ўғиллари эса яхшиликдан маҳрум бўлдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз оиласини уларнинг бу ёвуз ниятларидан ўзи ҳимоя қилди. Зеро, Аллоҳнинг амри-иродаси амалга ошади ва маккорларнинг макри ўзларининг зиёнига бўлиб қолаверади.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг