Олов тегмаган нарса билан оғиз очиш суннатми?

0

Савол:

Устоз, оғиз очар пайтида бир киши: “Ўт тегмаган нарса билан оғиз очиш керак”, деди. Мен: “Бу асоссиз гап”, дедим. Шунга нима дейсиз?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Биринчидан, рўзадор аввало янги пишиб етилган хурмо билан, агар топилмаса қуритилган хурмо билан, у ҳам бўлмаса сув билан оғиз очиши суннат. Анас разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан олдин бир неча янги пишган ҳўл хурмо билан, агар топилмаса қуритилгани билан оғиз очар, у ҳам бўлмаса бир неча қултум сув ичар эдилар”, деган (Абу Довуд, 2356; Термизий, 696). Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур кўринишда оғиз очишлари тиббий жиҳатдан жуда фойдалидир. Чунки рўзада ошқозон овқатдан буткул бўшайди. Унда жигар сўриб олиб, қувват ишлаб чиқарадиган ҳеч қандай озуқа қолмайди. Шира эса жигарга энг тез етиб борадиган ва унга энг ёқимли таом ҳисобланади. Хусусан, янги пишган хурмо бўлса, жигар уни тезда қабул қилади ва қувват пайдо қилади. Агар янги пишгани бўлмаса, қуритилгани ҳам яхши. У ҳам ширин ва тез куч бўлади. У ҳам бўлмаса бир неча қултум сув ошқозон алангасини, рўза оташини сўндиради. Шу билан ошқозон овқатга тайёр бўлади ва уни иштаҳа билан қабул қилади” (“Зод ал-маод”, 4/287).

Иккинчидан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч дона хурмо билан оғиз очганлари ҳақида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Анас разияллоҳу анҳунинг “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч дона хурмо ёки олов тегмаган нарса билан оғиз очар эдилар” деган ривояти заиф (Абу Яъло ривояти, 3305). Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳ тоқ зотдир, тоқни яхши кўради” (Абдураззоқ ривояти, 5/498) деган сўзларига биноан баъзи уламолар еб-ичишда ҳам тоқ ейишни суннат санаганлар. Юқоридаги ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган улуғ тобеий Имом Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни айтган.

Учинчидан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларига назар соладиган бўлсак, умрлари давомида умуман овқат танламаганлар. Нима топсалар еб кетаверганлар, бўлмаса сабр қилганлар. Ҳеч қачон овқатни ёмонламаганлар. Еганда ҳам бир неча луқма билан кифояланганлар, асло исрофга йўл қўймаганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, саҳобаларнинг ҳам дарди охират бўлган, қорин эмас. Саҳарликда ҳам бир неча хурмо билан кифояланганлар. Абу Довуд (2345) ривоят қилган ҳадисда: “Хурмо мўмин учун энг яхши саҳарлик”, деганлар, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг