Биз оламдан бир бўлакмиз ва бизнинг ўзимизга хос жиҳатларимиз бор
Ушбу қоидани батафсил тушунишга, уни ҳар куни, амалга ошираётган ҳар бир тарбиявий хатти-ҳаракат асносида ёдда тутмоқликка муҳтожмиз. Исломий дунёқарашда тарбия деганда фақат муваффақиятли, кучли ва ўзгаларга ўз таъсирини ўтказувчи ёш авлод етиштириб чиқиш кўзда тутилмай, балки асосан одамларни динга даъват қилиш ва Аллоҳнинг фармонларини ижро этиш орқали куррайи заминда Аллоҳнинг иродасини амалга оширадиган солиҳ ва тақводор мўмин фарзандларни вояга еткизиш мақсад қилинади. Бу ислом кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда фарзандларнинг кундалик йўриш-туришларида исломий қадриятлар ва ахлоқ-одобларни сингдириш орқали амалга ошади.
Биз ўз замонамизда даврнинг барча шарт-шароитларини тўла-тўкис англаб етган ҳолда яшаш, содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалар диққат марказида бўлиш ва жамиятдаги умумвазиятга таъсир ўтказишни хоҳлаймиз. Келажак авлод бўлмиш фарзандларимизнинг ҳам мана шундай яшашини истаймиз. Бироқ бунинг барчаси энг буюк якуний ғоя – Аллоҳнинг розилигини қозонишга қаратилган бўлиши керак. Биз оилаларимизга қувончли ва ташвишли, фаровон ва машаққатли дамларда ҳам Аллоҳнинг чизган чизиғидан чиқмасликни ўргата олсакгина бу улуғ ғоя амалга ошади.
Ушбу қоида иккита асосий нарсани кўрсатади:
Биринчиси: албатта биз тарбия соҳасида бизни қамраб турган кенг оламнинг бир бўлагимиз. Бошқачароқ қилиб айтганда, биз болаларимиз тарбиясида бу оламнинг оқимлари, муаммоларидан таъсирланамиз, унинг услуб ва воситаларидан фойдаланамиз ва катта қизиқиш ва эркинлик билан унинг барча ҳикматлари, панд-насиҳатлари ва кашфиётларига қулоқ соламиз. Мен аминманки, ана ўшанда тарбия ишимизда бизга манфаати тегадиган талай нарсаларга дуч келамиз.
Иккинчиси: биз оламнинг бир бўлаги бўлсакда, бироқ икки жиҳатдан ташқи оламдан ажралиб турамиз:
1) Муаммолар жиҳати. Чунки Тунис, Покистон ёки Малайзиядаги болалар муаммолари Франция, Австралия ёки Канададаги болалар муаммоларининг айнан ўзи эмас. Бу мамлакатлардаги болалар том маънода бир-биридан фарқли дунёга мансубдирлар.
2) Тарбиявий қадриятлар, асослар ва тушунчалар жиҳати. Биз бу жиҳатни солиҳ ёш-авлод етиштиришда муҳим омил деб биламиз.
Тарбия соҳасида ёки бошқа соҳаларда бўлсин атрофимиздаги ташқи олам билан бундай алоқа тури нотинчлик, безовталик ва ўзаро бўлинишлар манбаига айланади. Негаки, бу нарса оилалардан ҳар бир нарсага диққатли муносабатда бўлиш, фарзандларига қандай қилиб муносиб нарсани танлаш ва қандай қилиб тарбия майдонига ташланган фикр, ғоя ва қадриятлардан яхшисини ёмонидан ажратишни ўрганишни талаб қилади. Албатта қуруқ хашакда ёйилган олов сингари кенг тарқалган юзаки фикрлар уммонида бу бениҳоят қийин иш. Бироқ бизнинг олдимизда бошқа йўл йўқ.
Ушбу қоидани зикр қилиш орқали нима демоқчи бўлганимни қуйидаги нуқталарда изоҳлаш мумкин: