Намоз: Кимларнинг имомлиги жоиз?

0

Иккинчидан: Кимларнинг имомлиги жоиз?

(1) Ёш боланинг имомга ўтиши

Ёш боланинг имомга ўтиши дуруст. Собит бўлишича, Амр ибн Салама Журмий олти ёки етти ёшида қавмига имом бўлиб намоз ўқиб берган. Чунки у қавми ичида энг кўп Қуръон ёдлаган инсон бўлган[1].

(2) Мусофирнинг муқимга ёки муқимнинг мусофирга имом бўлиши

Мусофир ва муқимдан ҳар бири бошқасига имом бўлиши дурустдир. Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон сафарга чиққан бўлсалар, албатта то қайтиб келгунларича икки ракаатдан (яъни қаср қилиб) намоз ўқиганлар. У зот фатҳ кунларида ўн саккиз кеча Маккада турдилар. Бу вақт мобайнида одамларга шомдан бошқа намозларни икки-икки ракаатдан ўқиб бердилар. Намоздан кейин: «Эй Макка аҳли, туриб яна икки ракаат ўқиб олинглар. Зеро, биз мусофир қавммиз», дер эдилар»[2].

Ушбу ҳадис намозда муқим мусофирга иқтидо қилиши жоизлигини ифода этмоқда.

Мусо ибн Саламадан ривоят қилинади: «Биз Ибн Аббос билан бирга Маккада (мусофир) эдик. Мен: «Биз сизлар билан (яъни муқим имомга иқтидо қилиб) намоз ўқисак тўрт ракаат, ўзимизнинг (сафарда тушган) қўноғимизга қайтсак икки ракаат ўқияпмиз?» дедим. Шунда Ибн Аббос: «Бу Абул Қосим саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир», деди»[3].

Бу ҳадис мусофир муқимга иқтидо қилиши дуруст эканини ифода этмоқда.

(3) Таяммум қилганнинг таҳорат қилганга ёки таҳорат қилганнинг таяммум қилганга имом бўлиши

Таяммум қилганнинг таҳорат қилганга ёки таҳорат қилганнинг таяммум қилганга иқтидо қилиши дурустдир. Дарҳақиқат, «Таҳорат китоби»да Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг Зотус-салосил ғазотида таяммум қилган ҳолида одамларга намоз ўқиб бергани ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу ишига индамаганлари (яъни уни маъқуллаганлари) ўтган эди.

(4) Кўзи ожиз кишининг имомга ўтиши

Кўзи ожиз кишининг имомга ўтиши дурустдир. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Умму Мактумни икки бор Мадинага халифа қилиб қолдирганлари собит бўлган. Ўшанда Ибн Умму Мактум кўзи ожиз бўлатуриб одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берган[4]. Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида кўзи ожиз бўлган Итбон ибн Молик разияллоҳу анҳу қавмига имом бўлиб намоз ўқиб берар эди[5].

(5) Фарз ўқиганнинг нафл ўқиганга ёки нафл ўқиганнинг фарз ўқиганга имом бўлиши

Фарз ўқиганнинг нафл ўқиганга ёки нафл ўқиганнинг фарз ўқиганга имом бўлиши жоиздир. Чунки Муоз разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан хуфтон намозини ўқир, сўнг қавмига қайтиб бориб уларга шу намозда имомга ўтар эди[6]. Бир ривоятда: «Бу намоз Муоз учун нафл, сизларга эса хуфтоннинг фарзи ҳисобланади»[7], деган қўшимча бор.

Ушбу ҳадис бир намознинг ўзида имом нафлни, муқтадий эса фарзни ният қилиб намоз ўқиши дуруст эканини ифода этмоқда.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муоз биринчи намози билан фарзни, иккинчиси билан нафлни ният қилган деган эҳтимолга биноан ушбу ҳадис фарз намоз ўқиётган нафл намоз ўқиётган кишига иқтидо қилиши жоизлигига далил қилинади»[8]. Сўнг Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шу фикрни қувватлаб, тўғрироқ эканини айтади.

Менимча, Муоз ҳадисидагидек, нафл ўқиганнинг фарз ўқиганга имомга ўтиши дуруст бўлиши учун мазкур нафл намоз муқтадий ният қилган фарз намознинг ўзини қайта ўқишдан иборат бўлиши шарт қилинади. Аммо суннат намозларни ўқиётган кишига иқтидо қилиб фарз намозни ўқишга келсак, бу ишнинг жоизлиги унчалик қониқарли эмас, изланишга эҳтиёж бор. Нафл намоз ўқиётганнинг фарз намоз ўқиётган кишига иқтидо қилиши жоиз бўлиши учун ҳам юқоридаги шартни қўйиш тўғрироқдир.

Умуман олганда, Ҳофиз Ибн Ҳажар айтганидек, фарз ўқиганнинг нафл ўқиганга иқтидо қилиши дурустдир. Бироздан сўнг келтириладиган Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳнинг гапига ҳам қаранг.

Энди нафл ўқувчи кишининг фарз ўқиётган кишига иқтидо қилиб намоз ўқишига келсак, қуйидаги ҳадислар бу ишнинг жоизлигини кўрсатади:

Язид ибн Асвад Омирий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ёш болалигимда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (ва у зотга иқтидо қилган жамоат) намоз ўқиб бўлгач, қарасалар масжиднинг бир четида икки киши намозга қўшилмай ўтирган экан. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни чақиртирдилар. Икковлари келтирилди. Ҳар икковларининг (қўрқувдан) кўкрак мушаклари титраб турар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизга қўшилиб намоз ўқишдан сизларни нима ман қилди?» дедилар. «Биз уйларимизда намоз ўқиган эдик», деб жавоб беришди. У зот айтдилар: «Ундай қилманглар. Агар биронтангиз уйида намоз ўқиган бўлса-ю, сўнг имомни ҳали намоз ўқимаган ҳолда топса, унга қўшилиб намоз ўқисин. Имом билан ўқигани унга нафл бўлади»[9].

Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Устингда намозни (макруҳ вақтига қадар) кечиктириб ўқийдиган амирлар бўлса нима қиласан? (Агар шундай вақт келса), сен ўзинг намозни (афзал) вақтида ўқи. Сўнг амирлар билан жамоат намозига дуч келиб қолсанг, (улар билан ҳам) намоз ўқи. Зеро, бу сен учун нафл бўлади»[10].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом билан муқтадий нияти бир хил бўлишини вожиб қиладиган на бирон оят, на ҳадис, на ижмо ва на қиёс келган. Бинобарин, на оят, на ҳадис ва на ижмо вожиб қилмаган шариат вожиб бўлмайди»[11].

Нафл ўқиганнинг ўзига ўхшаш нафл ўқиганга имомлик қилишига келсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда намоз ўқир эканлар, Ибн Аббос у зотга иқтидо қилиб намоз ўқигани бунинг жоизлигига далил бўлади[12].

(6) Фарз ўқиганнинг фарз ўқиганга имом бўлиши

Фарз ўқиганнинг фарз ўқиганга имом бўлиши дурустдир. Бу борада улар ўқиётган фарзлар турлича бўлиши, масалан, бири пешин, бошқаси аср ўқиётган бўлиши, шунингдек, пешин ва аср каби ракаатлар сони тенг бўлиши ёки шом ва хуфтон каби ракаатлар сони фарқ қилиши ёхуд бири намозни ўз вақтида, бошқаси эса қазо намоз ўқиётган бўлишининг аҳамияти йўқ.

Баъзилар имом билан муқтадий нияти бир хил бўлиши керак, дейишади. Бироқ буни қувватлайдиган бирон далил йўқ. Бинобарин, буни шарт қилиш ботилдир. Жамоат намозига ундовчи умумий далиллар ниятлардаги тафовутдан қатъи назар, фарз ўқиётган икки кишидан бири бошқасига иқтидо қилиб намоз ўқиши жоиз эканини кўрсатади. Бу ҳолат имомга эргашмаслик қабилидан саналмайди. Чунки имомга эргашмасликдан кўзда тутилган нарса хатти-ҳаракатларда унга эргашмаслик билан изоҳланган. Шунинг учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар имом такбир айтса, такбир айтинглар…», деганлар.

Эслатма:

Агар муқтадий ният қилган намоз ракаатлари имомникидан кам бўлса, масалан, у шом намозини ният қилган, имом эса хуфтон намозини ўқиётган бўлса, у ҳолда учинчи ракаатдан кейин имомдан ажралиб, қолганини ўзи давом эттиради. Намоз охирига келганда хоҳласа салом бериб намоздан чиқади, хоҳласа имомни кутиб, у билан бирга салом беради.

(7) Ёлғиз намоз ўқиётган киши ният билан имомга айланиши мумкинми?

Жавоб: ҳа, мумкин. Агар инсон ёлғиз ўзи намоз ўқиётганида биров келиб унга иқтидо қилса, жоиздир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг тунда намоз ўқиётган Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиши, шунингдек, Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиши[13] бу ишнинг жоиз эканига далилдир.

(8) Фосиқ ва бидъатчилар орқасида намоз ўқиш

Фосиқ деганда ҳаром ишларни очиқчасига қиладиган кимсалар назарда тутилади. Тўғрироқ фикрга кўра, фосиқ ва бидъатчи кимсалар ортида, хусусан қавм ичида кўпроқ Қуръон ёдлаган кишилар бўлсалар, улар ортида намоз ўқиш жоиздир. Бунга далолат қиладиган талай далиллар мавжуд. Жумладан:

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Намозда) одамларга ичларидан Аллоҳнинг китобини кўпроқ ўқигани имомлик қилади», деганлар, фосиқларни истисно қилмаганлар.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни макруҳ вақтларга қадар кечиктириб ўқийдиган золим амирлар тўғрисида: «(Агар шундай вақт келса), сен ўзинг намозни (афзал) вақтида ўқи. Сўнг амирлар билан жамоат намозига дуч келиб қолсанг, (улар билан ҳам) намоз ўқи. Зеро, бу сен учун нафл бўлади»[14], деганлар.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам амирлар (ёхуд намоздаги имомлар) тўғрисида бундай деганлар: «Сизларга имом бўлиб намоз ўқийдилар. Агар тўғри ўқисалар, сизларга ҳам, ўзларига ҳам савоб бўлади. Агар (қасддан) хато ўқисалар, сизларга савоб, (хатоларининг) гуноҳи эса ўзларига бўлади»[15].

  • Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муҳаллаб: «Ушбу ҳадисда тақводор орқасида ҳам, агар қўрқилса фожир орқасида ҳам намоз ўқиш жоизлиги ифода этилмоқда», деди»[16].

Ҳадисда фожир кишидан қўрқилсагина унинг орқасида намоз ўқиш жоизлигини ифода этадиган далил йўқ. Балки у мутлақ тарзда фожир кимсанинг орқасида намоз ўқиш жоизлигини ифода этади.

  • Саҳобалар фосиқ ва золим амирларга иқтидо қилиб намоз ўқиганлар. «Саҳиҳи Бухорий»да Убайдуллоҳ ибн Адийдан ривоят қилинишича, у қуршовда қолган Усмон разияллоҳу анҳунинг олдига кириб бундай дейди: «Сиз омма халқ имоми (халифаси)сиз. Бошингизга ўзингиз кўриб турган ишлар тушиб турибди. Одамларга фитначилар бошлиғи имом бўлиб намоз ўқимоқда. Биз эса унинг ортида намоз ўқишни гуноҳ санаб, тортиниб турибмиз». Шунда Усмон разияллоҳу анҳу унга деди: «Албатта намоз одамлар қиладиган энг яхши амалдир. Одамлар яхши амал қилсалар, сен ҳам улар билан яхши амал қил, агар ёмон амал қилсалар уларнинг ёмон амалларидан четлан»[17].

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу гап жамоатни тарк этишдан кўра орқасида намоз ўқиш макруҳ бўлган имомнинг ортида намоз ўқиш афзалроқ эканини ифода этади»[18]. Ибн Умар разияллоҳу анҳумо Ҳажжож ва Нажда ибн Омир Хорижийнинг орқасида намоз ўқиган.

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Саҳобалар разияллоҳу анҳумдан биронтаси Мухтор (ас-Сақафий), Убайдуллоҳ ибн Зиёд ва Ҳажжожнинг орқасида намоз ўқишдан тийилганини билмаймиз. Ҳолбуки, улардан кўра фисқ-фасоди каттароқ фосиқ бўлмаган».

Яна айтади: «Рўза, ҳаж ва жиҳод ҳам шундай. (Амирлардан) ким мазкур амаллардан бирини қилса, унга қўшилиб амал қиламиз. Ким бизни гуноҳга чақирса, унинг чақириғига итоат этмаймиз ва гуноҳ ишда унга ёрдам бермаймиз»[19].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Демак, тўғри фикрга кўра, фосиқ кишининг ортида намоз ўқиш дуруст. Бир инсон соқолини қирган, сигарет чекадиган, судхўрлик билан шуғулланадиган, зино қиладиган ёки ўғирлик қиладиган кишининг орқасида намоз ўқиса, намози дуруст бўлаверади»[20].

Эслатмалар:

  1. Юқорида келтирилган ҳукмлар ҳукумат тарафидан тайинланган имомларга тегишлидир. Албатта бундай фосиқ имомларни имкони борича имомликдан бўшатиш лозим бўлади. Фақат уларни бўшатиш ортидан каттароқ зарар келиб чиқиши бундан мустасно. Мусулмон юртлардаги мутасадди раҳбарлар фосиқ ва бидъатчи имомларни вазифаларидан четлатишлари мақсадга мувофиқдир[21].

Абу Довуд Соиб ибн Халлод разияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис бундай фосиқ имомларни вазифасидан четлатиш лозимлигини кўрсатадиган далиллардан биридир. Соиб ибн Халлод разияллоҳу анҳу айтади: «(Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келган делегациядан) бир киши ўз одамларига имомлик қилди ва қибла томонга туфлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўриб қолдилар. (Улар намоз ўқиб бўлишгач), у зот: «Бу одам сизларга имомлик қилишга ярамайди», дедилар. Кейинроқ у яна қавмига имом бўлиб намоз ўқимоқчи бўлган эди, одамлари уни имомликдан ман қилдилар ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (у ҳақда айтган) гапларини айтдилар. Шунда ҳалиги одам (қавмининг гапи рост ёки ёлғонлигини аниқлаш учун) буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтди. У зот: «Ҳа, (сени имомликдан ман қилишни уларга мен буюрдим)», дедилар. Ровий айтади: «Ўйлашимча, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам («Ҳа», деган сўзларидан ташқари яна): «Зеро, сен Аллоҳ ва Расулига озор бердинг», дедилар»[22].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳаром ишларга муккасидан кетган ва ҳаромга доимий қўл урадиган кишиларни имомликка тайинлаш жоиз эмас. Аммо шунга қарамай улар имомликка тайинланса, жума ва жамоат намозлари каби унинг иштирокисиз адо этилмайдиган намозларда эҳтиёж юзасидан уларнинг орқасида намоз ўқилаверади. Агар ундан бошқа тақводор кишининг ортида намоз ўқиш имкони бўлса, албатта афзалроқдир»[23].

  1. Агар намозхон бидъатчи ва фосиқ бўлмаган бирон имомнинг орқасида намоз ўқишга имкон топса, шу имомнинг орқасида намоз ўқиши афзалдир. Шунга кўра, маҳаллада иккита масжид бўлса, бирининг имоми суннат ва тақво устида, бошқасиники эса бидъат ва фисқ устида бўлса, гарчи масжиди узоқроқ бўлса ҳам, тақводор имомнинг орқасида намози ўқиши мақсадга мувофиқдир.

  2. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Иқтидо қилиш дуруст бўлиши учун имомнинг эътиқодини билиш, «Эътиқодинг нима?» деб уни синаб кўриш шарт эмас. Балки инсон ҳолати номаълум бўлган имомнинг ортида намоз ўқийверади»[24].

[1] Бухорий (4302), Абу Довуд (585, 587), Насоий (2/80) ривояти.
[2] Абу Довуд (1229), Аҳмад (4/430), Байҳақий (3/135) ривояти. Ҳадис санадида заиф ровий бўлмиш Али ибн Зайд бор. Бироқ Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳам шундай қилганлари собит бўлган. Мазкур асарни Молик «Муватто»да (1/149) саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
[3] Аҳмад ривояти, 1/216, 1/337. Шунга ўхшаш асарни Абу Авона ҳам ривоят қилган, 2/340.
[4] Ҳасан. Абу Довуд (595), Аҳмад (3/192) ривояти. Шунингдек, ушбу ҳадисни қувватлайдиган бошқа бир ҳадисни Ибн Ҳиббон (2134) Ойша разияллоҳу анҳодан ҳасан санад билан ривоят қилган. Қаранг: «Ал-ирво», 2/311.
[5] Бухорий (425, 865), Муслим (33), Насоий (2/80) ривояти.
[6] Бухорий (700), Муслим (465), Термизий (583), Насоий (2/97) ривояти.
[7] Шофеий (1/57), Дорақутний (1/275), Байҳақий (3/86), Абдураззоқ ривояти. Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (2/195-196-бетлар) саҳиҳ деган.
[8] «Фатҳ ал-Борий», 2/195-бет.
[9] Саҳиҳ. Абу Довуд (575), Термизий (219), Насоий (2/112) ривояти.
[10] Муслим (648), Насоий (2/75, 2/113) ривояти. Шунингдек, ҳадис мазмунини қувватлайдиган бошқа бир ҳадис мавжуд бўлиб, уни Абу Довуд (432), Насоий (2/75), Ибн Можа (1255) Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилишган.
[11] «Ал-муҳалло», 4/316-317-бетлар.
[12] Ушбу ҳадис «Таҳажжуд намозига оид айрим одоблар» мавзусида тўлалигича келтирилади.
[13] Жобир разияллоҳу анҳунинг ҳадисини Муслим (3010), Абу Довуд (634) ривоят қилган. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг ҳадиси эса «Таҳажжуд намозига оид айрим одоблар» мавзусида тўлалигича келтирилади.
[14] Ҳадис тахрижи юқорида келтирилди.
[15] Бухорий ривояти, 694.
[16] «Фатҳ ал-Борий», 2/188.
[17] Бухорий ривояти, 695.
[18] «Фатҳ ал-Борий», 2/190.
[19] «Ал-муҳалло», 3/302.
[20] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/308.
[21] Қаранг: «Мажмуъ ал-фатово», 23/342.
[22] Абу Довуд (481), Аҳмад (4/56), Ибн Ҳиббон (1636) ривояти. Шайх Албоний ҳасан деган.
[23] «Мухтасар ал-фатово ал-мисрийя», 74-бет.
[24] «Мажмуъ ал-фатово», 23/351-бет.

Изоҳ қолдиринг