Намоз: Қиёмга қодир бўлмаган ёки қавм суймаган кишининг имомга ўтиши

0

Имом ўтириб намоз ўқиса муқтадий нима қилади?

Имом бирон касаллик сабабли ўтириб намоз ўқишининг иккита ҳолати бор:

Биринчи ҳолат: имом намознинг бошиданоқ ўтириб намоз ўқиши

Агар имом намознинг бошиданоқ ўтириб намоз ўқиса, муқтадийлар ҳам унинг орқасида ўтириб намоз ўқишлари вожиб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Имомларингизга эргашинглар. Агар у туриб намоз ўқиса, сизлар ҳам туриб намоз ўқинглар. Агар у ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам ўтириб намоз ўқинглар»[1].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шу фикр тўғридир. Имом ўтириб намоз ўқиса, муқтадийлар ҳам ўтириб намоз ўқиши вожиб бўлади. Агар улар туриб намоз ўқисалар, намозлари ботил бўлади»[2].

Иккинчи ҳолат: имом намозни туриб бошлаб, сўнг намоз асносида ўтириб олиши

Имом намозни тик туриб бошласа-ю, сўнг бирон сабаб билан ўтиришга мажбур бўлса ва намозни ўтирган ҳолда давом эттирса, мазкур ҳолатда муқтадий намозни туриб ўқиши жоиз бўлади. Зеро, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин хаста бўлиб ётган кунларидан бирида масжидга чиқдилар. Одамлар Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқишар эди. У зот бориб Абу Бакрнинг чап томонида ўтирдилар. Абу Бакр Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб, одамлар эса Абу Бакрга иқтидо қилиб намоз ўқидилар»[3].  Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ўтирган бўлганлари учун одамларни ҳам ўтиришга буюрмадилар.

Шунинг учун айрим уламолар, жумладан, Имом Шофеий имом ўтириб намоз ўқиганда муқтадийлар ҳам ўтириб ўқиши тўғрисидаги ҳадисни насх – бекор бўлган, дейишган. Имом Аҳмад насх даъвосини қабул қилмаган, балки мавзуга оид икки ҳадисни, юқорида айтиб ўтганимиздек, бир-биридан фарқли икки ҳолатга тегишли эканини айтиб, уларни бир-бирига мувофиқлаштирган[4].

Эслатма:

Имом намозда руку ва сажда қилишга қодир бўлмаса, имо-ишора билан намоз ўқийди. Бундай имомнинг ортида намоз ўқиш дуруст. Фақат муқтадийлар имомга эргашиб имо-ишора билан эмас, балки руку ва саждаларни тўлиқ адо этиб намоз ўқийдилар.

Қавм ёмон кўрадиган кишининг имомга ўтиши

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда: «Уч тоифа инсонлар борки, уларнинг намози қулоқларидан юқорига ўтмайди (яъни намози қабул бўлмайди)», дедилар ва улардан бири сифатида «Қавми ёмон кўргани ҳолда уларга имом бўлган киши»ни[5] айтдилар.

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур бобда келган ҳадислар бир-бирини қувватлаб, инсон уни ёқтирмаган қавмга имом бўлиши ҳаромлигига далил бўлади. Баъзи уламолар бу ишни ҳаром деган бўлса, бошқалар макруҳ дейишган. Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бундай кишининг имомга ўтиши ҳаром ёки макруҳ бўлиши учун қавм уни бирон шаръий сабабга кўра диний жиҳатдан ёмон кўриши лозим. Аммо дунёвий сабабларга кўра ёмон кўришнинг аҳамияти йўқ. Шунингдек, уламолар уни қавмнинг аксари ёқтирмаслигини ҳам шарт қилишган. Шунга кўра, бир, икки ёки уч киши имомни ёқтирмаслиги билан унинг имомга ўтиши ҳаром ёки макруҳ бўлиб қолмайди»[6].

[1] Муслим (417), Абу Довуд (603), Ибн Можа (1239), Насоий (3/9) ривояти.
[2] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/425.
[3] Бухорий (198, 687, 665, 683), Муслим (418), Термизий («Аш-шамоил»да), Насоий (2/101), Ибн Можа (1234) ривояти.
[4] Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», 2/176.
[5] Ушбу ҳадиснинг бир-бирини қувватлайдиган бир неча ривоятлари бор. Қаранг: Албоний. «Саҳиҳ ат-тарғиб ват-тарҳиб», 484-487; Шавконий. «Найл ал-автор», 3/216-217-бетлар.
[6] Шавконий. «Найл ал-автор», 3/217-218-бетлар.

Изоҳ қолдиринг