Ғафлат (21): Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиш

0

Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиш

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг оиласи ва асҳобларига, мўминлар оналари бўлмиш покиза завжаларига Аллоҳнинг салавоти, саломи ва баракоти бўлсин. Раббим У зотлар қаторида бизларни ҳам ўз фазлу марҳамати ва раҳматидан дариғ тутмасин. Зеро, У раҳмлиларнинг раҳмлисидир.

Муҳтарам ака-укалар ва муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Ғафлат сабаблари тўғрисида суҳбатимизни давом эттирамиз. Бугун кўпчилигимиз бепарво бўлган ғафлат сабабларидан бири бўлган Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиш ҳақида сўз юритамиз.

Аллоҳнинг инъомларини кўриб ўзини яхши инсон деб ўйлайдиган, аслида арқони узун ташлаб қўйилган, фитнага йўлиққан, алданган, ўзи эса бундан бехабар одамларнинг сон-саноғи йўқ. Аллоҳнинг ҳалимлиги аслида синов эканини билмаган қанчадан-қанча одамлар борки, ўзлари бундан ғафлатдадирлар. Аллоҳнинг гуноҳ ва айбларни сатр қилиш сифати билан синалаётган кўплаб одамлар борки, аслида қопқонга тушаётганларини билмайдилар.

Ўйладинг ҳеч битмайди ушбу фаровон кунлар,

Тақдир сенга яширган ёмонликдан қўрқмадинг.

Алдандинг давомий деб ушбу осуда тунлар,

Мусибат сокин тунда келишини билмадинг.

Аллоҳ таоло айтади: “Қишлоқлар аҳолиси Бизнинг азобимиз уларга тунда, ухлаётган ҳолларида келишидан омондамиз, деб ўйлайдиларми?! Ёки қишлоқлар аҳолиси уларга азобимиз чошгоҳ пайтида, айни улар дунё ишлари билан машғул бўлиб турган пайтларида келишидан омондамилар?! Улар Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиб қолдиларми?! Аллоҳнинг макридан фақат ҳалок бўлувчи қавмларгина хотиржам бўлишади” (Аъроф, 97-99). Аллоҳнинг макридан фақат ҳалок бўлувчи қавмларгина хотиржам бўлишади!

Бир тоифа одамларни мағфират умиди алдаб қўйган. Натижада улар дунёдан ҳеч бир савобсиз ўтиб кетишади. Улар: “Биз Аллоҳга яхши гумон қиламиз”, дейишади. Ҳасан Басрий айтади: “Улар ёлғончидирлар. Агар яхши гумон қилганларида эди, яхши амал ҳам қилар эдилар”. Ҳа, қанчадан-қанча гуноҳга ботган, Аллоҳ таолодан ғофил бўлган, охиратдан ғафлатда қолган, буюк Аллоҳ ҳузурида турадиган қиёмат кунидан ғофил бўлган кимсалар борки, улар Аллоҳнинг макридан, кутилмаганда келиб қолиши мумкин бўлган азобидан хотиржам юраверадилар. Ваҳоланки, Аллоҳ банда билан унинг қалби ўртасини тўсиб қўйишга қодир эканини билмайдилар. Аллоҳ таоло айтади: “Билингларки, Аллоҳ инсон билан унинг қалби ўртасини тўсиб қўйишга қодир зотдир” (Анфол, 24). Қалб доимо айланиб, ўзгариб тургани учун “қалб” деб аталган.

Қалбингиз ўзгаришидан эҳтиёт бўлинг! Аллоҳга қарши исён қилар экансиз, Унинг макридан асло хотиржам бўлманг. Агар бирор банда Аллоҳга осий бўлишига қарамай Аллоҳ унга у яхши кўрадиган неъматларни тортиқ қилишда давом этаётганини кўрсангиз, билингки, бу Аллоҳнинг янада каттароқ жазо сари етаклашидир. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳ таолонинг буйруқларидан юз ўгирган пайтларида (Биз уларни азоб ва жазога поғонама-поғона етиб боришлари учун ризқнинг) барча эшикларини уларга очиб қўйдик. Улар Биз ато этган яхшиликлар билан мағрурланиб қолишган пайтда тўсатдан уларга азоб туширдик. Шунда улар бирданига ноумид ҳолга тушдилар. Золим бўлган у қавм йўқ қилиб ташланди, улардан ҳеч ким қолмади. Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, (Ўз дўстларига ёрдам бериб, душманларини ҳалок қилди)” (Анъом, 44-45).

Шунинг учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтар эдилар: “Одам болаларининг қалби Раҳмон бармоқларидан икки бармоқ орасида худди бир қалб каби бўлади. У зот қалбларни Ўзи хоҳлаганидек буриб туради”. Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган.

Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоятида эса бундай дейилади: “Ё Расулуллоҳ, қалблар ўзгартириб туриладими?” деб сўрадим. У зот дедилар: “Одам болаларининг қалби Аллоҳ азза ва жалла бармоқларидан икки бармоқ орасида худди бир қалб мисоли туради. Аллоҳ хоҳласа уни ҳақда собит қилади, хоҳласа адаштириб, буриб юборади”. “Эй Раббимиз, бизларни Ўз динингга ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни (Ўзингга иймон келтиришдан) буриб қўймагин, бизларга Ўз фазлингдан кенг-мўл раҳмат ато этгин. Албатта, Сен кўп фазлу марҳамат ато этувчи, истаган бандангга ҳисобсиз инъом қилувчи Зотсан” (Оли Имрон, 8).

Аллоҳга осий бўлиб турган ҳолингизда Аллоҳнинг макридан омондаман деб ўйламанг, Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлманг. Заифлиги ва инсонлигига бориб бирор гуноҳга қўл уриб қўйган кишига келсак, бу ишдан ҳеч бир кимса омонда эмас. Бегуноҳлик фазилатини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари билан қабрга олиб кетганлар. Шундай экан, банда кўз ёш тўкса, тавба кўз ёшлари кийимларини ҳўл қилса, оёғини гуноҳ ўчоғидан тортса, Аллоҳга чиройли гумон қилган ҳолида Раббига қайтса, хоҳ кундузи ё кечаси бўлсин, бундай одамнинг тавбасидан Аллоҳ хурсанд бўлади. Зеро, одамзотнинг барчаси хатокор, хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир. Аллоҳ қай вақт бўлишидан қатъи назар тавба қилган бандасини ҳузуридан ҳайдамайди, тавба эшигини унинг юзига ёпмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, агар гуноҳ қилмасангиз Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қиладиган, сўнг гуноҳлари учун тавба қиладиган ва Аллоҳ уларни кечирадиган бошқа бир қавмни келтиради”. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай дейди: “Бандам мен ҳақимда қандай гумон қилса мен ўшандайман. Мени эслаган пайтида у биланман. Агар у мени бир ўзи эсласа, мен ҳам бир ўзим эслайман. Агар мени бир жамоат ичра ёд этса, мен ҳам уни у жамоатдан кўра яхшироқ бўлган жамоат ичида ёд этаман. Агар менга бир қарич яқинлашса, мен унга бир газ яқинлашаман. Агар менга бир газ яқинлашса, мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у мен томон юриб келса, мен унга югуриб пешвоз чиқаман”. Имом Аҳмад ривоятида: “Бандам мен ҳақимда хоҳлаганча гумон қилсин. Яхши гумон қилса, яхшиман, ёмон гумон қилса, ёмонман”, дейилган.

Аллоҳга осий бўлиб турган ҳолингизда Аллоҳнинг макридан асло хотиржам бўлманг. Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлманг. Тавбангизни янгиланг, Аллоҳга қайтинг. Кучингиз ва имкониятингиз етганича амал қилинг ҳамда Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлинг. Агар оёғингиз тойиб кетса, дарҳол тавбага шошинг. Шуни аниқ билинг-ки, модомики жонингиз бўғзингизга тиқилмаган экан, Аллоҳ таоло тавба эшигини асло юзингизга ёпмайди.

Аллоҳ таолодан бизларга иймон устида хотима топишни насиб қилишини сўраймиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг аҳли оиласи ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоти, саломи ва баракоти бўлсин.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг