Зулқарнайн деганда Искандар Македонский назарда тутиладими?

0

Савол:

Зулқарнайн деганда Искандар Македонский назарда тутиладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Қурайш кофирлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Зулқарнайн ҳақида сўрашган. Шунда “Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. “Сизларга у ҳақда ибратли воқеалар айтиб бераман”, денг” ояти тушган[1] (Каҳф, 83). Оятда айтилган Зулқарнайн солиҳ, одил, мусулмон подшоҳ бўлган. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ернинг машриқию мағрибига тўрт киши ҳукмрон бўлган. Уларнинг иккиси мўмин, иккиси кофир. Икки мўмин подшоҳ Довуд алайҳиссаломнинг ўғли Сулаймон алайҳиссалом ҳамда Зулқарнайндир. Икки кофир подшоҳ эса Бухтанассар ҳамда Намруд ибн Канъон. Булардан бошқа ҳеч ким бутун ер юзига подшоҳ бўлмаган” (Табарий “Тафсир”да (5/433) ривоят қилган). Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ  айтади: “Аллоҳ таоло Зулқарнайнни айтиб, уни адолатли экани билан мақтаган. У машриқу мағрибга борган ва барча минтақага ҳукмрон бўлиб, уларга адолат билан ҳукм қилган” (“Ал-бидоя ва ан-ниҳоя”, 2/122). Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ  ҳам унинг пайғамбар, фаришта ёки подшоҳ бўлгани ҳақида ихтилоф борлигини ва аксар уламолар уни подшоҳ бўлганини қўллаб-қувватлашини айтган.

Баъзилар Мисрдаги Искандарийя (Александрия) шаҳрига асос солган, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа туркий миллатларга қарши юриш қилган, Форс империясини мағлуб этиб, уни ўз мамлакатига қўшиб олган машҳур саркарда Искандар Македонский Иккинчини Қуръонда айтилган Зулқарнайн деб ўйлайди. Лекин бу хато маълумот. Бу ҳақда Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Юнонистонлик Искандар Исо алайҳиссалом замоналарига яқин вақтда яшаб ўтган. У билан Иброҳим алайҳиссалом  орасида қарийб икки минг йил бор. Балки мазкур Искандар ҳам кўп жойни қўлга киритгани учун олдин ўтган подшоҳга ўхшатилгани ёки Форс империясини мағлуб этиб, уларнинг подшоҳини ўлдиргани ва улкан икки империя: Рим ҳамда Форс империясини қўлга киритгани учун шундай лақаб олгандир. Тўғриси шуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда воқеаларини айтиб берган Зулқарнайн олдин ўтган. У билан македониялик Искандар орасида бир қанча фарқлар бор. Биринчиси, юқорида айтиб ўтганим. Иккинчиси, Искандар кофир бўлган. Унинг устози Аристотель бўлган. Айнан у Искандарнинг ишларига бош-қош бўлган. Унинг кофир бўлганида эса ҳеч қандай шубҳа йўқ. Учинчидан, Зулқарнайн араблардан бўлган, Искандар эса юнонлардан” (“Фатҳ ал-Борий”, 6/382). Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ  айтади: “Азрақий ва бошқаларнинг айтишича, Зулқарнайн Иброҳим алайҳиссаломнинг қўлларида исломни қабул қилган, Иброҳим алайҳиссалом ҳамда Исмоил алайҳиссаломлар билан бирга Каъбани тавоф қилган.

Римликлар унга оид воқеа-ҳодисалар асосида ўзларига тақвим тузиб олишган. Искандарийя шаҳрининг асосчиси, македониялик Искандар бўлса Зулқарнайндан узоқ йиллар сўнг ўтган. У Исо алайҳиссаломдан қарийб уч юз йил олдин ўтган. Файласуф Аристотель унинг ёрдамчиси бўлган…

Биз бунга алоҳида урғу бериб ўтдик. Чунки кўпчилик бу икки шахсни бир инсон деб ўйлайди. Аристотельни Қуръонда айтилган Зулқарнайннинг вазири деб билади ва шу тушунча сабабли катта хатоликлар, чеки йўқ тушунмовчиликлар келиб чиқади. Аслида, Қуръонда айтилган Зулқарнайн мўмин ва солиҳ банда ҳамда адолатли подшоҳ бўлган. Македониялик Искандар эса мушрик, ёрдамчиси файласуф бўлган. Бу икки шахс орасида икки минг йилдан ортиқроқ вақт бор. Бу икки шахсни ишларнинг ҳақиқатини билмайдиган нодонгига ажратолмаслиги мумкин” (“Ал-бидоя ва ан-ниҳоя”дан (2/122-225) қисқатириб олинди).

Хулоса шуки, Қуръони каримда воқеалари айтиб ўтилган Зулқарнайн бошқа шахс, Искандар Македонский бошқа шахс. Зулқарнайн мўмин, адолатли подшоҳ бўлган. Искандар эса юлдузлар ва бутларга ибодат қиладиган мушрик ва золим подшоҳ бўлган, валлоҳу аълам.

[1] Оят тафсири ва воқеа тафсилоти ҳақида маълумот олиш учун “Қиёмат аломатлари” номли туркум мақолаларга мурожаат қилинг.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг