Тарк қилинган суннатлар: одамлар ўртасини ислоҳ қилиш

0

Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга шундай дедилар: “Рўза тутиш, намоз ўқиш ва садақа қилишдан ҳам афзал ишни сизларга айтайми?”. Саҳобалар: “Ҳа, (айтинг), эй Расулуллоҳ!” – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар ўртасини ислоҳ қилиш. Чунки ўртадаги алоқаларнинг носоз бўлиши ҳақиқий мусибат” – дедилар” (Термизий ривояти).

Одамлар орасини ислоҳ қилиш энг катта суннатлардан биридир. Келишмай қолган инсонларнинг ўртасини ислоҳ қилиш учун киши вақитини, молини, ҳатто обрў-эътиборини ҳам ўртага қўяди. Келишмовчилик эса инсоннинг ажралмас хулқларидан бири бўлиб, ҳеч ким ўзини бу дарддан холиман деб айта олмайди.

Ҳаётда эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликка кўп рўбарў келамиз. Агар одамлар орасинин ислоҳ қиладиган кишилар бўлмаса, эр-хотин ўртасидаги арзимаган келишмовчилик сабабидан қанча-қанча оилалар бузилиб кетган бўларди. Агар одамлар ўртасини ислоҳ қиладиган кишилар ўртада фитнага сабаб бўладиган ишларни тагига етишмаса, арзимаган хатолар сабабидан қанча-қанча ака-укалар, ўртоқлар ёки қариндошлар бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетишар эди.

Биз ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, бу ишнинг савоби қанча эканини тушунтириб бера олмаймиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ўртасини ислоҳ қилишнинг савоби нафл рўза, нафл намоз ва нафл садақаларнинг савобидан ҳам катта эканини баён қилганлар. Биз бу савобга нафақат эр-хотин, ака-ука, ота-бола ва ўртоқлар, шериклар ҳамда қўни-қўшнилар ўртасиниислоҳ қилиш билан, ҳатто кўчада тортишиб қолган икки нотаниш ўртасини ислоҳ қилиш орқали ҳам эришишимиз мумкин.

Шунингдек, ўзимиз бошқалар билан тортишиб қолганимизда ўртани ислоҳ қилиш ниятида келган ислоҳчиларни яхши қабул қилиб, уларнинг насиҳатларига қулоқ солишимиз, ислоҳ қилиш ниятида биздан баъзи нарсаларга кўз юмишимизни ёки баъзи шартларга рози бўлишимизни талаб қилсалар шунга рози бўлишимиз, қолаверса, уларнинг ҳақларига дуо қилишимиз ҳам бизни шу савобдан насибадор қилиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Ўртани ислоҳ қилиш динимизни сақлашга хизмат қилганидек, одамлар ўртасида фитна қўзғаш динимизнинг йўқолиб боришига сабаб бўлади. Шундай экан, келинг, фитна ва фитначилар кўпайиб кетган бир вақтда қўлимиздан келганича одамлар ўртасини ислоҳ қилишга ҳаракат қилайлик, динимизни сақлашга ва бу улуғ суннатни одамлар ўртасида қайта “тирилтириш”га ўз ҳиссамизни қўшайлик!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг