Намоз: Имомликка оид мулоҳазалар

0

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Аёл киши эркак кишига имомлик қилиши жоиз эмас. Агар имомлик қилса, намоз ботил бўлади.

  2. Соқов киши, хоҳ туғма соқов бўлсин, хоҳ кейинчалик соқов бўлган бўлсин, имомлик қилишининг ҳукми:

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шунга қарамай, соқов киши имомга ўтмаслиги лозим. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Намозда) одамларга ичларидан Аллоҳнинг китобини кўпроқ ўқигани имомлик қилади», деганлар. Соқов киши эса қироат қилолмайди. Бироқ имомлиги дуруст ёки дуруст эмаслигига келсак, тўғрироқ фикрга кўра, соқовнинг имомлиги дурустдир»[1].

Дарҳақиқат, Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ «Ал-муғний» китобида соқовнинг имомлиги дуруст бўлмаслигини тўғрироқ деган[2]. Менимча, шу фикр тўғрироқдир, валлоҳу аълам.

  1. Фиқҳий масалаларда мухолиф бўлган имомнинг ортида намоз ўқиш дурустдир. Гарчи у муқтадий ҳаром деб эътиқод қилган амални қилса ҳам.

Масалан, туя гўшти тановул қилиш таҳоратни бузади, деб эътиқод қилган намозхон уни тановул қилиш таҳоратни  бузмайди, деб эътиқод қилган имом орқасида намоз ўқийвериши дуруст бўлади. Ёки имом муайян ичимликни ҳалол деб, муқтадий эса ҳаром деб билиши ҳам шу қабилдан ва ҳоказо.

Бунинг далили, имомнинг фикри ё тўғри, ё хато бўлади. Агар тўғри бўлса, яхши. Агар хато бўлса, ҳадисда келганидек: «Агар хато ўқисалар, сизларга савоб, (хатоларининг) гуноҳи эса ўзларига бўлади»[3].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Салаф уламолар ижмоси ва халаф олимларнинг тўғрироқ фикрига кўра, мусулмонлар ўрталаридаги фаръий – фиқҳий ихтилофларга қарамай бир-бирларига иқтидо қилиб намоз ўқишлари жоиздир. Зеро, уламолар ижмосига кўра, имомнинг ижтиҳод билан ўқиган намози дуруст бўлади. У зиммасидаги вожиб – вазифани бажарган ва ажр-савоб олган ислоҳ қилувчилардан саналади… Саҳоба ва тобеинлар разияллоҳу анҳум ўрталарида фиқҳий-амалий масалаларда ихтилоф бўлишига қарамасдан бир-бирларига имомга ўтар эдилар»[4].

  1. Валади зино ва қул каби ўзи учун намози дуруст бўлган ҳар қандай кишининг орқасида намоз ўқиш дурустдир.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Валади зино билан бошқалар ўртасида фарқ йўқ». Ойша разияллоҳу анҳодан валади зино ҳақида сўралса: «Ота-онаси қилган гуноҳнинг унга бирон зарари йўқ», дер эди.

  1. Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо бир ҳарфни бошқасига алмаштириб ўқийдиган, тили араб тилига яхши келмайдиган, ажам тилида сўзлашадиган, (Фотиҳадан бошқа) қироатда кўп хато қиладиган кишиларга иқтидо қилганларнинг намози дурустдир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Аллоҳ бирон бандани имкониятидан ташқари ишга буюрмайди» (Бақара, 286), дейди»[5].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг фикрича, «фа» ёки «та» ҳарфларини нутқ қилишда дудуқланадиган ёки тажвид билан қироат қилмайдиган кишиларнинг имомга ўтиши дурустдир[6].

Шунга қарамай Шайх сўзининг давомида бундай дейди: «Нима бўлганда ҳам, йўқ ҳарфлар қўшилиб қолгани учун баъзи ҳарфларни нутқ қилишда дудуқланадиган кишининг имомга ўтиши макруҳдир. Бироқ шундай киши имомга ўтса, имомлиги дуруст»[7].

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг фикрича, «бир ҳарфни бошқа ҳарфга алмаштириб қироат қиладиган имомнинг орқасида намоз ўқиш дуруст эмас. Бундан фақат махражлари бир-бирига яқин бўлгани учун «зод»ни «зо» («изғи») ҳарфига алмаштирган киши мустаснодир. Шунга кўра, кишининг тилида бир ҳарфни бошқасига алмаштириб юбормайдиган даражада енгил чучуклик бўлса, масалан, «ро» ҳарфини яхши талаффуз қилолмаса, бундай кишининг имомга ўтиши жоиз. Аммо бир ҳарфни бошқасига алмаштириб юборса, масалан, «ғойр» сўзини «ғойғ» дея талаффуз қиладиган бўлса, имомликдан ман қилинади, валлоҳу аълам»[8].

  1. «Фотиҳа» сурасини хато ўқийдиган кишининг имомга ўтиши

Қуръонни хато ўқиш икки тур бўлади.

Биринчиси, маънони ўзгартирадиган хато. Масалан, Фотиҳа сурасидаги «бизларни ҳидоят қил» маъносини англатувчи «иҳдинаа» (اِهْدِنٰا) иборасини «аҳдинаа» (أَهْدِنٰا) деб ўқиса, маъно ўзгаради. Зеро, «аҳдинаа» ибораси «бизларга ҳадя қил» маъносини англатади. Шунингдек, сурадаги «анъамта» (أَنْعَمْتَ) иборасини «анъамту» (أَنْعَمْتُ) деб ўқиш билан ҳам маънога жиддий путур етади.

Иккинчиси, маънони ўзгартирмайдиган хато. Бунга сурадаги «Роббил ааламийн» (رَبِّ الْعٰالَمِينَ) иборасини «Роббал ааламийн» (رَبَّ الْعٰالَمِينَ) деб ўқишни мисол қилиш мумкин.

Шунга кўра, агар инсон Фотиҳа сурасини маънони ўзгартирадиган даражада хато ўқимаса, имомга ўтиши дурустдир. Акс ҳолда, фақат ўзига ўхшаш кишиларгагина имомлик қилиши мумкин. Бу унинг имомга ўтишига тааллуқли ҳукм эди. Аммо бундай киши ўқиган намознинг ҳукмига келсак, агар баъзи аъробийларда (шунингдек, баъзи ажам мусулмонларда) кузатилганидек, хатосини тўғрилашдан ожиз бўлса, у ҳолда намози ҳам, имомлиги ҳам дуруст бўлаверади. Аммо хатосини тузатишга қодир бўлатуриб тузатмаса ва хатоси маънога путур етказадиган даражада бўлса, намози ботилдир[9].

  1. Сийдигини тутиб туролмайдиган киши ўзига ўхшаганларга ҳамда бошқа соғлом кишиларга ҳам имомлик қилиши дурустдир. Чунки бундан ман қиладиган бирон оят ёки ҳадис келмаган. Шундай бўлса-да, қавм ўртасида низо ва ихтилофларга сабаб бўлмаслик учун имомга ўтмагани мақсадга мувофиқдир. Аммо аслини олганда имомга ўтиши дуруст.

  2. Муқтадийлар имомнинг таҳоратсизлиги ёки бадани ё кийимига нажосат текканини билмасдан унинг орқасида намоз ўқисалар, ўқиган намозлари дуруст саналади. Гарчи муқтадийлар намоздан кейин ҳолатдан хабар топсалар ҳам, намозни қайтадан ўқишлари вожиб бўлмайди. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга имом бўлиб намоз ўқийдилар. Агар тўғри ўқисалар, сизларга ҳам, ўзларига ҳам савоб бўлади. Агар хато ўқисалар, сизларга савоб, (хатоларининг) гуноҳи эса ўзларига бўлади»[10], деганлар.

Муқтадийлар намоз асносида имомнинг таҳоратсиз эканини ёки бадани ё кийимига нажосат текканини билиб қолсалар, имомдан ажралишлари вожиб бўлади. Мазкур ҳолатда улардан бири имомнинг ўрнига ўтиб, намозни давом эттириши ҳам жоиз. Имомга ўтган киши намозни бошидан бошламай, балки келган жойидан давом эттиради.

Имомга келсак, агар у намоздан кейин таҳоратсиз намоз ўқиганини билиб қолса, таҳорат олиб, намозни қайтадан ўқиши вожиб бўлади. Аммо намоз асносида билиб қолса, намозни давом эттириши учун ўрнига муқтадийлардан бирини қўйиши, ўзи эса таҳорат олиш учун намоздан чиқиши вожиб бўлади.

Имом бадани ёки кийимига теккан нажосатни намоздан кейин билиб қолса, намозни қайтадан ўқиши вожиб бўлмайди. Аммо намоз асносида билиб қолса, қарайди: агар намоздан чиқмай нажосатни кетказиш иложи бўлса, уни кетказиб, сўнг намозни давом эттираверади. Аммо уни кетказиш намоздан чиқишни тақозо этса, у ҳолда намоздан чиқади, нажосатдан тозаланиб, сўнг намозни қайтадан ўқийди.

  1. Кимда-ким сафда бўшлиқ кўрса, уни тўлдириши мустаҳаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким (сафга келиб қўшилиш ёки ундаги бўшлиқни тўлдириш билан) сафни уласа, Аллоҳ уни (раҳмати ва мағфиратига) улайди»[11]. Яна бундай дейдилар: «Сафларни улаганларга Аллоҳ мақтов айтади, раҳматини туширади, фаришталар улар учун Аллоҳдан истиғфор сўрайдилар»[12].

Намозхонлардан бири иқомат айтилаётган пайтда нафл намоз ўқиётган бўлса ва намозини тугатса бўш жойни тўлдириши тахмин қилинса, бўш жой унга қолдириладими ёки уни кутмасдан бўш жойни тўлдириш лозимми?

Тўғрироқ фикрга кўра, уни кутмасдан бўш жой тўлдирилади. Аммо бу ишдан унинг ранжиши ва натижада ўртага адоват тушишидан қўрқилса, ҳамжиҳатликни сақлаш учун бўш жойни унга қолдириш мақсадга мувофиқдир[13].

  1. Сафларни текислаш асносида сокинлик ва бақир-чақир қилмаслик мустаҳабдир. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Намозда менинг орқамда балоғатга етган доно (илмли) кишилар, сўнг (бу хусусда) улардан қуйироқлар турсин. (Масжидда) бозордаги каби бақир-чақир қилишдан тийилинглар»[14]. Ушбу ҳадисда масжидда бақир-чақир қилиш, талашиб-тортишишдан огоҳлантирилмоқда.

  2. Муқтадий намозда имомдан олдинга ўтиб кетиши ҳаром бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсон (намозда) имомдан олдин бош кўтарса, Аллоҳ унинг бошини эшакнинг бошига ёки шаклини эшакнинг шаклига солиб қўйишидан қўрқмайдими?!»[15]

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадис зоҳири имомдан олдин бош кўтариш ҳаромлигини тақозо этади. Чунки бу ишга энг оғир жазолардан бўлмиш инсонни бирон ҳайвонга айлантириб қўйиш жазоси билан таҳдид этилди. Имом Нававий «Шарҳи муҳаззаб»да бу ишнинг ҳаромлигини қатъий айтган. Намозда имомдан олдинга ўтиб кетиш ҳаромлигига ва бундай қилган киши гуноҳкор бўлишига қарамасдан, жумҳур уламолар фикрича, намози дуруст саналади. Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг фикрича, намози ботил бўлади. Имом Аҳмад бир ривоятда, шунингдек, зоҳирийлар ҳам «тақиқ амалнинг ботиллигини тақозо қилади» деган қоидага кўра шу фикрни ихтиёр қилишган»[16].

Адашиб бошини имомдан олдин кўтариб қўйган киши ҳақида Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бундай дейди: «Агар бошини имомдан олдин кўтариб қўйса, қайтадан бошини қўяди ва бошини кўтаришга кетган вақт миқдорича туриб, сўнг имомга эргашади».

Муқтадийнинг имом билан бир вақтда тенг ҳаракат қилишига келсак, бу ҳақда Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: «Аммо имом билан тенг ҳаракат қилишга келсак, бу ҳақда шариат бирон нарса демаган»[17], дейди.

Менимча, ҳадис имомга эргашиш вожиблигига далолат қилган ва бундан муқтадий имом билан тенг ҳаракат қилиши жоиз эмаслигини тушуниш мумкин.

  1. Масбуқ – намознинг бир ёки ундан кўпроқ ракаатига кечикиб қўшилганлар имом салом бергандан кейин бировлари имом бўлиб, намоздан қолганини ўқиб қўйишлари жоиздир[18].

  2. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом ижтиҳодий масалага оид бирон амални қилса, муқтадийлар гарчи бу амални жоиз деб билмасалар ҳам, имомга эргашадилар. Масалан, имом бомдодда қунут дуосини ўқиса ёки уч ракаатлик витрни улаб, бир ташаҳҳуд билан ўқиса, қавм ҳам унга эргашиб шундай қиладилар. Бомдод намозида қунут ўқишни жоиз деб билган киши бу амални жоиз эмас деб билган кишига иқтидо қилса, қунутни тарк этишда имомга эргашади»[19].

  3. Имом намозни шошиб тез ўқийдиган бўлса, тўғрироқ фикрга кўра, бунинг учун жамоат тарк этилмайди. Имомнинг тезлиги сабаб муқтадий намоздаги вожиб амалларни бажаришга улгурмаслиги бундан мустаснодир. Ибн Журайждан ривоят қилинади: «Атодан сўрадим: «Имом намозни маромига етказиб ўқимайди. Унинг орқасида намоз ўқимасам бўладими?» Ато деди: «Йўқ, орқасида намоз ўқийвер. Қўлингдан келганча ўзинг маромига етказ. Мен учун (маромига етказиб ёлғиз ўқилган намоздан кўра шошилиб ўқилган) жамоат намози суюклироқдир. Имом бошини рукудан кўтарса, рукуни маромига етказмаса, сен ўзинг маромига етказ. Имом бошини саждадан кўтарса, саждани маромига етказмаса, сен ўзинг маромига етказ…»[20]. Худди шунга ўхшаш сўз Алқамадан ҳам нақл қилинган.

Бу ҳукм имом энг кам кўринишда бўлса ҳам намознинг вожибларини адо этган намозга тегишлидир.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар масжид имоми муқтадий намознинг вожибларини адо этолмайдиган даражада тез намоз ўқиса, у ҳолда бу масжидда жамоат намозига қатнашмаса узрли бўлади. Лекин жамоат намози ўқиладиган бошқа бирон масжид топса, ўша масжиддаги жамоат намозига қатнашиши вожиб бўлади»[21].

  1. Намозда мусҳафга қараб ўқиш жоизми?

Ойша разияллоҳу анҳога қули Заквон мусҳафга қараб имомлик қилар эди[22].

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадис намозда мусҳафга қараб қироат қилиш жоизлигига далил қилинди. Бошқа уламолар мусҳафга қараб қироат қилиш намозда кўп ҳаракат бўлгани учун ман қилдилар»[23].

Ибн Ҳазмнинг фикрича, инсон мусҳафга қараб имомлик қилиши ҳалол эмас, мазкур ҳолатда имомнинг ҳам, унинг мусҳафга қараб қироат қилаётганини билатуриб унга иқтидо қилганларнинг ҳам намози ботил бўлади[24].

Иброҳим Нахаий айтади: «Уламолар кишининг мусҳафга қараб қироат қилган ҳолда одамларга имомлик қилишини ва натижада ўзларини аҳли китобларга ўхшатишларини макруҳ санашар эди».

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғрироқ фикрга кўра, Ойша разияллоҳу анҳо қилганидек, бу иш жоиздир. Чунки гоҳида шундай қилишга эҳтиёж туғилади»[25].

Юқоридаги ҳукм имомнинг мусҳафга қараб ўқишга эҳтиёжи туғилган ҳолатга тегишлидир. Аммо бунга эҳтиёж бўлмаса, бу ишнинг жоизлигига бирон далил йўқ. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Қуръонни бир бошидан хатм қилишдаги каби намозда сураларни тартиби билан қироат қилишга ҳеч қандай эҳтиёж ёки зарурат йўқ. Энди муқтадий ёки ёлғиз намоз ўқиган кишига келсак, уларга бу ишнинг жоизлигини кўрсатадиган саҳоба ёки тобеинлардан бирон асар келмаган. Тўғриси, улар бу ишдан четланишлари лозим. Чунки ҳар қандай ибодат жоиз бўлиши учун муайян далилга муҳтождир.

  1. Имом Аҳмаддан «Рамазонда бунча-бунча пул берсанглар, сизларга имомлик қиламан» дейдиган қори имомлар ҳақида сўралганда: «Аллоҳдан офият сўраймиз, бундай кишининг орқасида ким намоз ўқийди?!» деб жавоб берган. Аммо одамлар шартлашмасдан рамазонда имомлик қилгани учун имомга бирон нарса берсалар, зарари йўқ.

  2. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом намозни икки марта ўқиб бериши, иккинчисида қазо ёки бошқа бирон намозни ният қилиши жоиз эмас. Уламолар бу ишнинг макруҳ бидъат эканига иттифоқ қилишган»[26].

[1] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/320-бет.
[2] «Ал-муғний», 2/194-бет.
[3] Бухорий ривояти, 694.
[4] «Мухтасар ал-фатово ал-мисрийя», 73-бет.
[5] «Ал-муҳалло», 4/306-бет.
[6] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/349-бет.
[7] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/349-бет.
[8] «Мажмуъ ал-фатово», 23/250-бет.
[9] Масалага оид тафсилотлар билан танишиш учун қаранг: «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/343-349-бетлар.
[10] Бухорий ривояти, 694.
[11] Ҳасан. Абу Довуд (666) ва Насоий (2/93, қисқартилган ҳолда) ривоят қилган.
[12] Ҳасан. Ибн Можа (995), Аҳмад (6/63), Ибн Хузайма (1550) ривояти.
[13] Қаранг: «Аш-шарҳ ал-мумтеъ».
[14] Муслим (432), Абу Довуд (675), Термизий (228), Ибн Можа (976) Абу Масъуд Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[15] Бухорий (691), Муслим (427), Абу Довуд (623), Термизий (582), Насоий (2/96), Ибн Можа (961) ривояти.
[16] «Фатҳ ал-Борий», 2/183-бет.
[17] «Фатҳ ал-Борий», 2/184-бет.
[18] Масалага оид тафсилотлар билан танишиш учун қаранг: «Ал-муҳалло», 4/338-бет.
[19] «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 130-бет.
[20] Ибн Ҳазм «Ал-муҳалло»да (4/301) ривоят қилган.
[21] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/451-бет.
[22] Бухорий муаллақ тарзда ривоят қилган, 2/184. Ушбу муаллақ ҳадисни Ибн Абу Шайба ва бошқалар санади туташ тарзда ривоят қилишган.
[23] «Фатҳ ал-Борий», 2/185-бет.
[24] «Ал-муҳалло», 4/314-бет.
[25] Шайх Ибн Бознинг «Фатҳ ал-Борий»га ёзган изоҳига қаранг, 2/185-бет.
[26] «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 126-бет.

Изоҳ қолдиринг