Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Салом исмининг маъноси

0

Салом араб тилиги “саломат” сўзидан олинган бўлиб, тинчлик, омонлик ва саломатлик маъноларини ифодалайди. Фурқон сурасининг 63-оятида ҳам худди шу маънода келган: “Раҳмоннинг бандали ерда тавозе билан юрадиган, агар уларга жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоб қилишса “Омон бўлинглар” дейдиган инсонлардир”. Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар Фиръавнга: “Биз Раббинг ҳузуридан сенга мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашганларга тинчлик-омонлик бўлсин!” – дейишганида ҳам худди шу маъно назарда тутилган. Мусулмон киши учун ҳақиқий тинчлик-омонлик фақат жаннатда бўлади. Шу боисдан жаннат “Дорус салом”, яъни “Омонлик уйи” деб аталган.

Мусулмонлар бир-бирлари билан кўришганларида “Сизга саломатлик бўлсин” маъносини ифодалаш ниятида “Ассалому алайкум” дейдилар.

Аллоҳ таолонинг Салом исми ҳақида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Салом – зоти, сифати ва қилган ишларида комил бўлгани учун барча айбу нуқсонлардан пок дегани”.

Бу исм мўминлар унинг азобидан омонда қолишини ифодалайди, деган фикрлар ҳам бор.

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Уламолар ўртасида Аллоҳ таолонинг Салом исми арабча “саломат” сўзидан олинганида хилоф йўқ. Бироқ бу исм нима маънони ифодалаши ҳақида уламоларимиз уч хил фикр айтганлар:

  1. барча айбу нуқсонлардан пок;

  2. қиёмат куни жаннатда бандаларига салом берувчи;

  3. одамлар У зот зулм қилишидан омонда”.

Салом исмининг имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтган ҳар уччала маъноси ҳам Аллоҳ таолода бор эканида шак-шубҳа йўқ. Зеро, У барча айбу нуқсонлардан пок, жаннатда Ўз бандаларига салом берадиган, асло ва асло ҳеч кимга зулм қилмайдиган зотдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “(Мўминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом бўлур. (Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб: 44).

Фойда

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳга салом бўлсин!” дейишдан қайтарганлар. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи Саломдир. Биз саломдан назарда тутаётган тинчлик ва омонлик Аллоҳ таолонинг қўлида. Шундай экан, бизнинг “Аллоҳга салом бўлсин!” деган гапимиз гўёки “Аллоҳни сақласин!” дегандек бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бундай дейишдан қайтарганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам худди шу маънони ифодалайди: “Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Аллоҳ таоло Хадичага салом айтди” – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хабарни Хадича онамизга айтганларида у киши: “Аллоҳ таоло Саломдир. Сизга ҳам, Жаброилга ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати ҳамда баракоти бўлсин!” – дедилар” (Насоий ривояти). Демак, Аллоҳ таолога салом айтиш мумкин эмас, салом айтиб юборган кишининг саломига алик олишда эса бу хабарни етказган одамга ҳам салом бериш одобдандир.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг