Оилавий муносабатлар (20): Қаттиққўл, қўпол ва бахил бўлишнинг ёмон оқибати

0

Эрнинг хотинига нисбатан қаттиққўл ва қўпол бўлиши айрим ҳолларда хотиннинг ёлғон гапиришига олиб борса, эрнинг бахил бўлиши хотинни ўғриликка етаклайди.

Инсончилик, ҳаммада ҳам камчилик бор, ҳар қандай аёл ҳам бундан холи эмас. Шундай экан, инсонлигига бориб хотин уйда бирон хатога йўл қўйса, ўша заҳоти эридан дакки эшитса, қўпол-қаттиқ муомалага дуч келаверса, хатоларини яширишга, эрига ёлғон гапиришга мажбур бўлиб қолади.

Шу ўринда менга бир келин тарафидан фатво сўраб юборилган хатни ва унда ёзилган воқеани сиз азиз ўқувчига айтиб беришни лозим топдим.

Келин айтади: Мен ўн етти йил олдин катта бир гуноҳ қилиб қўйганман. Қачон ўша ишимни эсласам, дунё кўзимга тор бўлиб кетади, ичим тирналиб, қаттиқ қийналаман. Қисқача айтадиган бўлсам, эрим билан илк турмуш қурган пайтимизда у кишининг оналари, яъни қайнонам билан бирга яшар эдик. Қайнонам менга нисбатан ўта қаттиққўл эдилар. Ҳар бир ишимга тергаб турар, гўё хато қилишимни пойлаб тургандек, бирон хато-качилик қилиб қўйсам, аямай жеркиб ташлардилар. Ҳатто мендан бирон камчилик ўтмаса ҳам яхши муомала кўрмасдим. Киргану чиққанни ҳисоблаб, нима едим, нима ичдим, қанча едим, қанча ичдим, текшириб турардилар. Бир куни товуқ олиб келиш учун мени бозорга юбордилар. Қайнонам товуқни жуда яхши кўрар эдилар. Шуни билганимдан товуқни сотиб олгач, уни рўмолим билан ўраб кўтариб келдим. Аксига олиб, бозордан уйга келгунимча товуқ жонивор йўлда ўлиб қолди. Қўрққанимдан тушкунликка тушиб, нима қилишни билмай қолдим. Энди қайнонамга нима дейман? Шундай шок ҳолатда хато қарор қабул қилдим. Тезда уйга кириб, ошхонага югурдим. Ўлик товуқни сўйиб, майдалаб қозонга босдим. Ҳиди келмасин деб зираворлар сепдим. Табиийки, қайнонамга товуқнинг ўлиб қолганини айтмадим. Овқат пишгач қайнонамни чақириб: “Мана ойижон, товуқ пишди. Ҳаммаси сизга, болалар келиб қолгунича еб олинг”, дедим. Қайнонам қолдирмай товуқ гўштини ҳаммасини еб, шўрвасини ичиб олдилар. Шу қилган гуноҳим кечириладими, тавбам ўтадими?

Жавоб: Ҳа, албатта ўтади. Аллоҳ таоло тавба учун эшик очиб қўйган ва бу эшик қуёш ботар еридан чиқмагунича ёпилмайди. Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилиб қўйган банда тавба қилиб қолиши учун кечаси қўлини ёзиб туради ва кечаси гуноҳ қилган банда тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзиб туради. Аллоҳ таоло деди: “Эй Пайғамбар, кўп гуноҳлар қилиш билан ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Сизлар гуноҳимиз кўп деб Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз бўлманг. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар қанча гуноҳ қилган кишини ҳам агар тавба қилса ва гуноҳларидан қайтса, барча гуноҳини кечиради. У тавба қилувчи бандаларининг гуноҳларини кечирувчи ва уларга раҳмли зотдир” (Зумар, 53).

Бу воқеани келтиришдан мақсадим қаттиқлик ва бераҳмлик одамни нима кўйга солишига, қўполлик нималарга олиб боришига эътиборни қаратиш эди.

Энди эрнинг бахил бўлишига келсак, бу гоҳида хотиннинг ўғрилик қилишига сабаб бўлади. Имом Бухорий ва Муслимда келган ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо айтади: “Ҳинд бинти Утба Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга: Эй Расулуллоҳ, эрим Абу Суфён бахил инсон. Ўзимга ва боламга етарли нафақа бермайди. Рўзғоримга етарли маблағни унга билдирмай олсам бўладими?” деганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингга ва болангга етарлисини ўртача миқдорда олавер”, деб жавоб бердилар”[1].

Имом Бухорий шу ҳадисдан келиб чиқиб: “Эр хотинига нафақа бермаса, хотин эрига билдирмай, урфга кўра ўзи ва боласига етарли маблағни олиши мумкин” номли боб ажратган.

[1] Бухорий (5364), Муслим (1339).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг