Рамазон тарихи ва одоблари (5): Рўзанинг фарз қилиниши (4)

0

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

«Рўза қалқондир. (Қай бирингиз рўза тутган бўлса,) фаҳш сўзларни сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. (Аллоҳ айтади: Рўзадор) емоқ-ичмоғини ва шаҳватини Мен учун тарк қилади. Рўза Мен учун, мукофотини ҳам Ўзим бераман».

Имом Насоий ривоятида: «Рўза қалқондир, модомики уни тешиб қўймаса».

Имом Табароний ривоятида бунга қўшимча: «Қандай қилиб синдиради?» деб сўралганда: «Ёлғон ёки ғийбат билан», дедилар.

Бу эса жамики гуноҳлардан тийилиш лозимлигига ишора бўлса ажабмас. Зотан, ҳадисда айтилганиидек:

«Кимки ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳиллик (бақир-чақир)ни тарк этмас экан, Аллоҳ унинг емоқ-ичмоқни тарк этишига муҳтож эмас» (Имом Бухорий ривояти).

Рўзадордан нафақат ёлғон ва жаҳолатни тарк этиш талаб қилинди – зотан бу ундан рўзадан бошқа пайтлар ҳам талаб қилинган иш – балки ундан ўзи қилишга тўла ҳақли бўлган бир иш, яъни ўзига тажовуз қилган кимсага жавоб қайтармаслик ҳам талаб қилинди. Агар биронтаси у билан уришса ё уни ҳақорат қилса, аслида унга жавоб беришга ҳақли ва бу унинг учун мубоҳ иш бўлса-да, бундан воз кечади. Зеро, рўзанинг ҳаққи муқаддам қўйилади. Емоқ-ичмоқ ва бошқа мубоҳ ва ҳалол нарсаларни тарк этгани каби ўзини сўккан одамга жавоб қайтариш ҳаққини ҳам тарк этади ва «Мен рўзадорман» деб, яъни бундай жоҳилона ишлардан тийилганман, деб жавоб беради, аҳмоқ ва тажовузкор кимсалар билан тенглашишдан ўзини сақлайди. Чунки рўзадор киши намунавий инсон ва барча аъзолари билан бировга зиён етказмайдиган беозор мусулмондир. Чунки унинг қалбини тақво эгаллаган ва ундан ихлос, муҳаббат ва хушу балқиб туради, адовату нафратдан, кину ҳасаддан мусаффодир. Унинг гап-сўзларига ҳам тақво ғолиб келиб, ёлғон ва ғийбатдан, сўкиш ва ҳақоратлардан ва ҳатто ўзини сўккан одамга жавобдан ҳам тилини тияди, «Мен рўзадорман» деб, ёмонликка яхшилик билан жавоб беради. Шунингдек, унинг кўзига ҳам тақво ғолиб бўлиб, ҳаромга қарашдан тўсади, қулоғи ва бошқа аъзоларида ҳам худди шундай ҳолат юз беради.

Қуйироқда рўзадор одам қилиши ёки қилмаслиги лозим бўлган ишларнинг баёни келади.

Рўзани Аллоҳ таоло бошқа амаллардан алоҳида қилиб, ҳадиси қудсийда: «фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман» деб Ўзига хослаганининг ўзи унинг фазилатига кифоя қилади.

Амаллар ичида рўзанинг алоҳида ўрни бор. Мусулмонлар рўзанинг энг афзал ибодат эканига иттифоқ қилганлар. Унинг самараларидан энг улуғи тақво ҳосил қилиши экани юқорида айтиб ўтилди.

Аллоҳ таоло бошқа амаллар ичидан уни Ўзига хослаб, мукофотини ҳам Ўзидан бошқаси беролмаслигини баён қилгани рўзанинг манзилати нақадар олий ва даражаси қанчалар юқори эканига далил бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: Аллоҳ таоло айтади: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, қилинган ҳар бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаригача мукофотланади, фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман» ( Имом Аҳмад ривояти).

Ушбу ҳадис рўзанинг фазилатини яққол намоён этади ва унинг Аллоҳ наздидаги мартабаси қай даражада эканини кўрсатади. Ҳадис икки масалани – амалларнинг ажри бир неча баробар қилиб берилишини ва рўзанинг Аллоҳ ҳузуридаги қиймати қанча эканини ўз ичига олган. Биринчи масалани олсак, ҳар бир яхши амал учун 10 дан 700 баробаргача мукофот берилади, дейилди. Бу Исро ва Меърож кечасида қарор топган умумий асос бўлиб, шу кеча Аллоҳ таоло бу умматга 50 вақт намозни фарз қилган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайта-қайта мурожаат қилишлари билан охир-оқибат 5 вақтга тўхталинган ва Аллоҳ таоло Унинг ҳузурида айтилган сўз ўзгартирилмаслигини ва ҳар бир яхшиликка 10 баробар зиёда қилиниб, шу 5 вақт намозга 50 вақт намоз ажри берилишини ваъда қилган эди. Шу билан Исломда ҳар бир яхши амал учун Аллоҳнинг ҳузурида кўпайтириб берилувчи ажрнинг энг кам миқдори масаласи қарор топди. Ажр миқдорининг кўпайиши эса амалга ва амал соҳибининг ҳолига қараб бўлади ва баъзиларга 100, баъзиларга 700, баъзиларга эса ундан-да кўп, миқдорини Аллоҳнинг ўзигина биладиган ажрлар берилиш мумкин.

Мисол учун, Аллоҳ йўлидаги жиҳоднинг манзилати улуғ бўлгани боис унга мол сарфлаш 700 баробар ва ундан ҳам ортиқ ажр берилувчи амаллар сирасига киради:

«Аллоҳ йўлида молларини инфоқ қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир» (Бақара, 261).

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Амаллар Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида етти турлидир: икки амал борки, (икки нарсани) вожиб қилади, икки амал борки, ўзининг баробарида (савоб ё гуноҳ берилади), бир амал борки, ўн баробар (савоб берилади), бир амал борки, етти юз баробар (савоб берилади), бир амал борки, унинг савобини Аллоҳ азза ва жалладан бошқаси билмайди. Вожиб қилувчи икки амал шуки, ким Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ширк келтирмай дунёдан ўтса, унга жаннат вожиб бўлади. Ким Аллоҳга ширк келтириб дунёдан ўтса, унга дўзах вожиб бўлади. Ким бир ёмон иш қилса, битта гуноҳ ёзилади, ким бир яхши амал қилишни ният қилиб, кейин уни қилмаган бўлса, унга битта савоб ёзилади. Ким бир яхши амал қилса, унга ўнта савоб берилади. Ким молини Аллоҳ йўлида сарфласа, сарфлаган нафақаси бир дирҳами етти юз дирҳам, бир динори етти юз динор миқдорида зиёда қилинади. Аллоҳ учун рўза тутган одамнинг савобини Аллоҳ азза ва жалладан бошқаси билмайди» (Имом Байҳақий “Шуаб ал-иймон”да ривоят қилган).

Демак, ҳадис маъносига кўра, амаллар тафовутига қараб ё жаннатни, ё дўзахни вожиб қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас» (Нисо, 48).

Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким чин кўнгилдан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган бўлса, жаннатга киради», деганлар (Имом Табароний ривояти).

Икки хил амал борки, уларнинг мукофоти ўзининг мислича: битта ёмонликнинг жазоси, агар тавба қилмаган бўлса, битта гуноҳ. Битта яхшилик қилишга азм қилишнинг мукофоти, уни қилолмаган тақдирда, битта савоб. Агар қилса ўнта савоб.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Аллоҳ таоло деди: «Агар бандам бир яхшиликни ният қилиб, кейин уни қилмаса, Мен унга битта савоб ёзаман. Агар қилса, ўнтадан етти юзтагача савоб ёзаман. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, уни қилмаса, унга ҳеч нарса ёзмайман. Агар ўша ёмонликни қилса, унга битта гуноҳ ёзаман» (Имом Муслим ривояти).

Энди Аллоҳ йўлида мол сарф қилишнинг мукофоти – ибодатдаги ихлосга қараб, ушбу амал эгаларининг рағбат ва ниятларига, Аллоҳ ҳузуридаги ажрга интилишларига қараб, Аллоҳга бўлган иймонларидан келиб чиқиб, ўзлари муҳтож бўлсалар-да, ўзгаларни ўзларидан муқаддам қўйишларига қараб юзларча марта ортиб бораверади. Чунки муҳтожлик ва камбағаллик вақтида қилинган инфоқ бой-бадавлат ҳолда қилинган инфоқдан афзалдир. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам инфоқнинг афзали ҳақида сўзлар эканлар, камбағал одамнинг қийналиб қилган инфоқи соғлик пайти ва ёшлик даврида қилган инфоқидан афзалроқ эканини, шунингдек, бой бўлишни орзу қилиб, камбағалликдан қўрқиб турган кишининг инфоқини алоҳида таъкидлаганлар. Чунки бундай инсон нафсининг бахиллигига ғолиб келган бўлади:

«Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топувчидирлар» (Ҳашр, 9).

Чунки инфоқ молнинг оз-кўплигига қараб эмас, кўнгилдаги ният ва ҳис-туйғуларга қараб ўлчанади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир дирҳам юз минг дирҳамдан ўзиб кетди», дедилар. Шунда бир киши: «Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Бир кишининг кўп моли бор, унинг бир чеккасидан юз минг олиб, садақа қилди. Яна бир кишининг бор-йўғи икки дирҳами бор, у ўшанинг бирини садақа қилди», дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Бу ерда бир дирҳамнинг юз минг дирҳамдан ортиқлиги унинг жинси яхшироқ бўлгани ёки қиймати ортиқ бўлгани учун эмас. Гарчи бу бир дирҳам сарфланаётган мол нисбатига олиб қаралганда юз мингдан бирга тўғри келса-да, бошқа тарафдан қаралганда иккидан бирни ташкил этади, яъни у эгасининг бор молининг тенг ярмидир. У шу бир дирҳамини инфоқ қилиш билан гўё бор мол-давлатининг тенг ярмини инфоқ қилган бўлди. Аммо юз минг сарф қилган инсоннинг қилган бу инфоқи унинг молининг арзимас бир бўлаги бўлиб, бу унинг молига ҳатто таъсир ҳам кўрсатмаган ва ҳатто молининг камайганини умуман ҳис қилмаган бўлиши ҳам мумкин.

Қилинган бир яхши амалнинг етти юз баробар ва ҳатто юз минг баробаргача зиёда қилиниши ҳақидаги бу гаплар ҳар қандай яхши амалга тегишлидир.

Аммо рўзанинг ажри буларнинг ҳаммасидан юқори ва у хоссатан Аллоҳ таолонинг мана бу ояти остига дохил:

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари беҳисоб тўла-тўкис қилиб берилур» (Зумар, 10).

Изоҳ қолдиринг