Оилавий муносабатлар (21): Яхши гумон билан бирга эҳтиётли бўлиш

0

Эр хотинига нисбатан яхши гумонда бўлиши лозим ва шу билан бирга бузғунчилик ва шариатга хилоф ишларга сабаб бўлувчи ҳолатлардан уни узоқ тутиши зарур.

Аллоҳ таоло хотинга нисбатан яхши гумонда бўлишга ундаб деди: “Мўмин ва мўминалар бу бўҳтонни эшитган пайтларида бир-бирларига яхши гумонда бўлиб, бир-бирларини бу бўҳтондан саломат деб гумон қилсалар бўлмасмиди?!” (Нур, 12).

Бошқа оятда бундай деган: “Эй иймон келтирганлар, мўминларга нисбатан кўп ёмон гумонлардан сақланинглар. Баъзи ёмон гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот, 12).

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Агар биронтангиз сафарда узоқ қолиб кетса, уйига ярим кечаси келмасин[1]. Яъни аёлини ўзига оро бермаган ҳолда кўриб, ундан кўнгли қолмасин деб шундай дедилар.

Эҳтиётли бўлишга келсак, икки “Саҳиҳ”да Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳу айтган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бегона аёллар олдига ёлғиз киришдан сақланинглар”, деб айтганларида ансорлардан бир киши: “Эй Расулуллоҳ, эрнинг ака-укалари ҳақида нима дейсиз?” деб сўради. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эрнинг ака-укаси ўлимдир”, дедилар[2]. Яъни улардан бўладиган хатар бегона эркаклар хатаридан кўпроқдир. Кўпчилик бунга бепарво қараганидан, эрининг ака-укаси, жиянлари ё амакиси кабилар билан хиёнат ҳолатлари содир бўлиб туриши йўқ эмас.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч бир киши номаҳрам аёл ҳузурига ёлғиз ўзи кирмасин. Кирса фақат маҳрами билан бирга кирсин”, дедилар[3].

Яхши гумонда бўлиш ва эҳтиёткорлик оқила аёл Асмо бинти Умайс билан содир бўлган воқеада аниқ намоён бўлади. Имом Муслим “Саҳиҳ”ида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Бани Ҳошимлик бир неча эркак Асмо бинти Умайснинг ҳузурига кирган эдилар, Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳам кириб келди[4], ўшанда Асмо унинг никоҳида эди. Абу Бакр уларни кўриб, бу ҳолни ёқтирмади ва буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб: “Лекин бирон ножўя нарса кўрмадим, фақат яхшиликни кўрдим”, деди[5]. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло уни (яъни Асмони Абу Бакр қалбига келган нарсадан) поклаб қўйди”, дедилар ва минбарга чиқиб: “Бугундан кейин ҳеч ким эри уйда йўқ бўлган хонадонга бир ўзи кирмасин. Кирса ёнида бир ёки икки киши билан кирсин”, дедилар”[6].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Асмо бинти Умайсдан ёмон гумонларни кетказиш, у ножўя иш қилмайдиган покдомон аёл эканини баён қилиш билан бирга, умматларига улар эҳтиёт бўлишлари лозим бўлган, шайтони лаиннинг васваса қилишига имкон қолдирмайдиган йўлни кўрсатиб кетдилар. Зеро, эр-хотинни ажратадиган, оилаларни бузадиган, уйларни хароб қиладиган сабаблардан бири шубҳа ва васвасадир. Эр киши хотини ҳақида доим шубҳа билан яшаши дуруст бўлмайди. Лекин, шу билан бирга “Хотинимдан кўнглим тўқ” деб, хотинини билганини қиладиган, хоҳлаган ерига бориб-келадиган ва истаган одами билан хилватда қоладиган даражада ўз ҳолига ташлаб қўймайди.

Шу ўринда Асмо бинти Умайс разияллоҳу анҳо ҳақида Ибн Саъд “Табақот”да (8/222) Омир Шаъбийдан ривоят қилган ва Ибн Ҳажар “Исоба”да (8/16) саҳиҳ деган ривоятни келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдим. Омир Шаъбий айтади: “Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу Асмо бинти Умайсга уйланди. Асмонинг Жаъфар ибн Абу Толибдан бир ўғли ва Абу Бакр Сиддиқдан бир ўғли бор бўлиб, иккисининг ҳам исми Муҳаммад эди. Бир куни шу икки ўғил бир-бирига: мен сендан кўра, отам эса сенинг отангдан кўра улуғроқ, деб мақтаниб қолишди. Буни эшитган Али разияллоҳу анҳу Асмога: “Улар ўртасида ўзинг ҳукм қил”, деди. Асмо: “Мен араблар ичида Жаъфардан кўра яхшироқ йигитни ва Абу Бакрдан кўра яхшироқ эркакни кўрмадим”, деди. Али разияллоҳу анҳу: “Бизга ҳеч нарса қолдирмадинг-ку? Бундан бошқа гап айтган бўлганингда сени ёмон кўриб қолган бўлардим”, деди. Шунда Асмо: “Мана шу уч одамнинг энг пастроғи бўлганингизда ҳам барчангиз яхши инсонсиз”, деди.

Шаъбий бу воқеага бевосита гувоҳ бўлмаган бўлса-да, уни Асмонинг ўзидан ё бўлмаса унинг ўғилларидан эшитган бўлса керак.

[1] Бухорий (5244).

[2] Бухорий (5232), Муслим (1711).

[3] Бухорий (5233), Муслим (978).

[4] Абу Бакр разияллоҳу анҳу Асмо бинти Умайсга эри Жаъфар ибн Абу Толибнинг вафотидан сўнг уйланган эди. Абу Бакр вафотидан сўнг унга Али разияллоҳу анҳу уйланган.

[5] Бани Ҳошимлик эркаклар Асмонинг шаҳид бўлган эри Жаъфарнинг қариндошлари бўлган. Улар етим қолган жиянлари ҳолидан хабар олгани кирган бўлишган.

[6] Муслим (4/16).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг