Рамазон тарихи ва одоблари (6): Рўзанинг фарз қилиниши (5)

0

Ҳадиси шарифда айтилишича: «Рўза сабрнинг ярмидир» (Имом Термизий ривояти).

Энди рўзанинг манзилати бошқа ибодатларга нисбатан олий бўлиши ва уни Аллоҳ таоло Ўзига хослаб: «Фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман» дейишининг сабаблари ҳақида сўз юритамиз.

Аслида, мўмин кишининг барча амаллари Аллоҳ учун ва уларга бериладиган ажру савоблар ҳам ёлғиз Ул Зотнинг ўзи тарафидан бўлгани ҳолда, Аллоҳ таоло рўзани алоҳида хослаб, Ўзига нисбатлади. Бу хусусда уламолар томонидан турли фикрлар билдирилган.

Баъзилар: Бу худди Аллоҳ таоло Каъбани Ўзига хослаб “Байтуллоҳ” деганига ўхшаган “изофаи ташриф”дир, дейдилар.

Баъзилар айтади: Сабаби, рўзадорнинг устида Аллоҳдан бошқа кузатувчи йўқ, ҳадисда айтилганидек: «емоқ-ичмоғини Мен учун тарк қилади».

Баъзилар айтади: Қиёмат куни одамларга бир-бирларидан ҳақлари олиб берилганда бошқа амалларидан қўлга киритган ажру савоблари кетиб қолиши мумкин, аммо рўзанинг ажри ўз эгасида қолади ва Аллоҳ таоло: «Фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман»,  дейди.

Баъзилар айтади: Рўзани Аллоҳ таоло Ўзига хослашининг сабаби шуки, рўзадор бу амали билан Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат – яъни емаслик ва ичмаслик сифати билан безанади.

Абу Умома разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, мени бир ишга буюрингки, Аллоҳ у билан мени фойдалантирсин» деб сўраганида: «Рўзага маҳкам бўл, зеро унга тенглашадиган амал йўқ», деганлар (Насоий ривояти).

“Саҳиҳайн”да Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатнинг бир дарвозаси борки, унинг номи “Райён”дир. У дарвозадан рўзадорлар чақирилади. Ким рўзадорлардан бўлса, ундан киради. Ким ундан кирса, асло чанқамайди», дедилар.

Рўзанинг Аллоҳ таоло ҳузурида тутган бу манзилати уни ҳар қандай нуқсонлардан асраб, муҳофаза қилган кишиларга насиб бўлади. Юқорида ўтган ҳадиси шарифда айтилганидек: «Рўза қалқондир, модомики уни (ёлғон ёки ғийбат билан) тешиб қўймаса».

Рўза шахсларга, ундаги одобларга қаттиқ риоя қилиш ва ихлосга қараб ҳам тафовутли бўлади. Рўза фақат емоқ-ичмоқдан тийилишгина эмас, балки ҳар қандай қайтарилган ишлардан тийилиш ҳамдир. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айрим рўза тутган одам бўладики, рўза тутиб очлик ва ташналикдан бошқа нарсага эга бўлмайди» деганлар (Ибн Можа ривояти). Яъни тили, кўзи, қулоғи, қалби ва умуман барча аъзоси рўза тутмас экан, унинг рўзаси очлик ва ташналикдан бошқа самара келтирмайди. Чунки рўза аслида бутун баданнинг кун бўйи адо этадиган ибодатидир. Рўзадор тўла бир ой тонгдан шомгача нафси билан курашади. Рўзага қўшимча ҳар куни тунги намозни, рамазон сўнгида эса закотни адо этади. Шу билан бу муборак ой Исломнинг учта рукни билан хосланди.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Жаннат бир йил мобайнида Рамазон ойи учун зийнатланади. Ҳурлар бир йил мобайнида Рамазон ойи учун зийнатланади. Рамазон ойи киргач, жаннат: «Эй Раббим, бу ойда бандаларинг ичидан бизга кирувчиларни қилгин» деб дуо қилади. Ҳурлар: «Эй Раббимиз, бу ойда бандаларинг ичидан бизларга жуфтлар қилгин» деб дуо қиладилар. Ким Рамазон ойида нафсини (ҳаром-ҳаришдан) тийса, ҳаром ичкилик ичмаса, бирон мўминга бўҳтон қилмаса, бирон гуноҳга қўл урмаса, Аллоҳ уни ҳар кеча юзта ҳурга уйлантиради, унга жаннатда олтин, кумуш, ёқут ва забаржаддан қаср бино қилади. Агар дунёнинг ҳаммасини йиғиб шу қасрга жойланса, унинг ичида битта эчки боғланадиган жойни эгаллайди. Ким бу ойда маст қилувчи ичимлик ичса ва бирон мўминга бўҳтон қилса ва гуноҳ ишга қўл урса, Аллоҳ унинг бир йиллик амалини бекор қилади. Рамазон ойида сусткашлик қилишдан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг ойидир. Аллоҳ сизлар учун ўн бир ойни еб-ичиб, лаззатланадиган  қилди, фақат шу Рамазон ойини ўзи учун қилди. Рамазон ойида ҳушёр бўлинглар!» (Табароний “Ал-муъжам ал-авсат”да келтирган).

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ойни риоя қилишга, унинг ҳаққини тўла ўташга муваффақ айласин ва Ўзининг жаннатларига дохил қилсин.

Изоҳ қолдиринг