Ғафлат (22): Жума намозини тарк қилиш

0

Жума намозини тарк қилиш

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Пайғамбаримиз ва ҳабибимиз Муҳаммад мустафога, у зотнинг покиза оилаларига, саҳобайи киромларига ва мўминлар оналари бўлмиш завжаларига Аллоҳнинг салавоти, саломи ва баракоти бўлсин. Парвардигоро, Ўз фазли караминг ва раҳматинг ила улар қаторида бизларни ҳам мағфират эт. Зеро, Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан.

Муҳтарам ака-ука ва опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан ғафлат сабаблари тўғрисидаги суҳбатимиз давом этмоқда. Замонамизга келиб ғафлат сабаблари кўпайгандан кўпайди. Умид қиламанки, бу мавзуда узоқ қолиб кетмайман. Бироқ шундай бўлса-да, муҳтарам ўқувчилар рухсати билан кўпчилигимиз ва аксар фарзандларимиз бепарво қарайдиган ғафлат сабабларидан бири ҳақида гапирмасак бўлмас. Бугунги суҳбатимиз ғафлатнинг энг хатарли сабабларидан бири ҳақида бўлади. У ҳам бўлса жума намозини тарк қилишдир.

Наҳотки жума намозига бепарволик ғафлат сабабларидан бўлса?! Ҳа, шундай! Нафс хоҳишига кўра гапирмайдиган ростгўй Пайғамбаримиз нима деганларига қулоқ тутинг. Бу ҳадисни Имом Муслим Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Умардан қуйидагича ривоят қилади (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин): Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Одамлар ё жума намозларини тарк этишдан тўхтайдилар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига тамға босади”. Нақадар оғир гап! “Одамлар ё жума намозларини тарк этишдан тўхтайдилар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига тамға босади, кейин ғофиллар сафидан жой оладилар”. Жума намозини тарк этишнинг натижаси ғафлатдир, қалбга муҳр босилишидир!

Ҳозирда жума намозини зое қиладиган кишилар кўпчиликни ташкил этади. Жума намозини зое қиладиган мусулмон қолган фарз намозларини ўз вақтида ўқийди, деб ўйлайсизми?! Ваҳоланки, жума намози ҳафтада бир марта ўқиладиган намоздир. Энди шу биргина намозни муҳофаза қилолмаган одам қолган намозларни ўз вақтида адо этармиди?! Қасамки, ундай эмас! “Одамлар ё жума намозларини тарк этишдан тўхтайдилар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига тамға босади, кейин ғофиллар сафидан жой оладилар”. Қалбга тамға урилишининг маъноси қалб ҳидоятга муваффақ бўлишдан тўсилиши демакдир, Аллоҳ асрасин. Натижада қалб яхшиликни қабул қилмайдиган, ёмонликни рад этмайдиган бўлиб қолади. Ё Аллоҳ! Ҳозирда шу сифатга эга бўлган, ҳидоятга муваффақ бўлишдан тўсилган, яъни ҳидоятдан маҳрум бўлган қалблар нақадар кўп бўлмаса! Шунингдек, тамға урилган қалб ёмонликни қайтармайди, фитнани қайтармайди, гуноҳни қайтармайди, шаҳватни қайтармайди, шубҳани қайтармайди. Қолаверса, яхшиликни қабул қилмайди. Қуръон оятидан таъсирланмайди, пайғамбар насиҳатидан ибрат олмайди. Чунки унга тамға урилган, муҳр босилган. Шунинг учун Имом Аҳмад ва бошқалар Абул Жаъд аз-Зомрийдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким жума намозини ёки кетма-кет уч жумани узрсиз тарк қилса, Аллоҳ унинг қалбига тамға босади”. Ислом умматига мансуб бўлатуриб жума намозини зое қиладиган барчага шундай дея ҳайқиргим келади: “Ким кетма-кет уч жума намозини тарк этса…” ­­– Диққат қилинг эй фарзандларим, биродарларим ва опа-сингилларим – “Ким уч жума намозини кетма-кет, бепарволик билан узрсиз тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига тамға босади”. “Қалбга тамға босиш” қалбга муҳр уриш демакдир. Ундай қалб на яхшиликни қабул қилади, на фитнани ва на ёмонликни рад этади. Бинобарин, уламоларимиз жума намозига шошиш вожиблигига, хутба вақтида олди-сотди қилиш ҳаромлигига иттифоқ қилганлар. “Эй иймон келтирганлар, жума куни намозга чақирилганда хутбани тинглашга ва намозни адо этишга боринг ҳамда савдо-сотиқни йиғиштиринг. Бу иш сизлар учун яхшироқдир. Намозни адо этиб бўлгач, ерда тарқалинг ва саъй-ҳаракатларингиз билан Аллоҳнинг ризқини талаб қилинг. Барча ҳолатингизда Аллоҳни зикр қилинг. Шояд дунёю охират яхшилигига эришсангиз” (Жума, 9-10).

Эҳ, жума қандай кун эканини англасак эди! Аллоҳга қасамки, унинг қадрини билмаймиз, фазилатидан бехабармиз! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “На Аллоҳга яқин бирор фаришта, на осмон, на ер, на шамоллар, на тоғлар ва на денгиз борки, барчаси жума кунидан қўрқиб туради”. Ё Аллоҳ! Бу ҳадисни аввал ҳам эшитганмисиз? “На бирор муқарраб фаришта, на осмон, на ер, на шамоллар, на тоғлар ва на денгиз борки, барчаси жума кунидан қўрқиб туради”. Шунинг учун ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қуёш чиққан энг яхши кун жума кунидир. Шу куни Одам яралди, шу куни жаннатдан туширилди, қиёмат ҳам шу куни қойим бўлади”.

Абу Довуд саҳиҳ санад билан Авс ибн Авс разияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Энг афзал кунларингиздан бири жума кунидир. Шу куни Одам яралди ва шу куни жаннатдан ерга туширилди. Шу куни сур чалинади ва шу куни барча одам ўлади. Шу куни менга кўп салавот айтинглар, чунки сизларнинг салавотларингиз менга етказилади”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, чириб кетган бўлсангиз сизга бизнинг салавотларимиз қандай етказилади?” дейишди. У зот: “Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг жасадларини ейишни ерга ҳаром қилди”, дедилар”. Шундай экан, пайғамбарлар саййиди, тақводорлар имоми бўлган зотнинг жасадини ер қандай есин?!

Жума улуғ кундир. Бу кунда эрта уйғонинг, ғусл қилиб покланинг, “Каҳф” сурасини тиловат қилинг, масжидга эрта боринг, имом хутба қилаётганда жим қулоқ тутинг, Расулуллоҳга кўп салавот ва салом айтинг. Ушбу улуғ кунда қўлларингизни дуога очиб, хокисорлик билан Аллоҳга юзланинг. Айниқса, жума куни қуёш ботишидан аввалги вақтни ғанимат билинг. Тўғрироқ фикрга кўра, дуолар ижобат бўладиган, Аллоҳ ҳеч бир дуони ижобатсиз қолдирмайдиган вақт айнан шу вақтдир.

Аллоҳдан қалбларимизни ғафлат уйқусидан уйғотишини ҳамда жума кунининг баракаси, фазилати ва шарафидан бизларни маҳрум қилмаслигини сўрайман. Албатта У бунга қодир бўлган зотдир!

Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли оиласи ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту саломи ва баракаси бўлсин.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг