Ғафлат (23): Ғафлатнинг энг катта сабаблари

0

Ғафлатнинг энг катта сабаблари

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Пайғамбаримиз ва ҳабибимиз Муҳаммад мустафога, у зотнинг покиза оилаларига, саҳобайи киромларига ва мўминлар оналари бўлмиш завжаларига Аллоҳнинг салавоти, саломи ва баракоти бўлсин. Парвардигоро, Ўз фазли караминг ва раҳматинг ила улар қаторида бизларни ҳам мағфират эт. Зеро, Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ғафлат, унинг кўринишлари, сабаблари ва даволари ҳақида суҳбатимиз давом этмоқда. Ғафлат дунёю охиратдаги ҳамма балонинг асоси, ҳар бир дарднинг сабабчисидир. Ғафлатнинг сабаблари кўп. Айримларига тўхталиб ўтдик. Аммо ҳали айтилмаган сабаблари ҳам кўп. Улар тўғрисида ҳам батафсил суҳбатлашсак қанийди!

Мисол учун, ғафлат сабаблари орасида энг хатарлиларидан бири бу бўшлиқдир! Қалбдаги бўшлиқ, ақлдаги бўшлиқ, ҳиссиётдаги бўшлиқ, бадандаги бўшлиқ…

Шунингдек, ҳозирда ғафлатнинг энг катта сабабларидан яна бири интернетдир. Интернетни икки тиғли қуролга ўхшатиш мумкин. Инсон ундан дини ва дунёси учун фойдали ишларда фойдаланиши ҳам, ёки ўзини Аллоҳдан узоқлаштирадиган ҳамда уни дунёга келишидан кўзланган асосий мақсаддан чалғитадиган ғафлат сабаблардан бирига айлантириши ҳам мумкин. Қолаверса, инсон интернетни ўзини шаҳват денгизига чўктирадиган ва шубҳалар тўрига ташлайдиган офат қилиб олиши ҳам мумкин.

Ғафлат сабабларидан яна бири одамлар ҳаётида масжидларнинг аҳамияти камайишидир. Ҳозирда масжидлар ўзининг ҳақиқий вазифасини бажара олмаяпти. Аксар ёшлар масжиддан узоқлашиб кетмоқда. Чунки улар бу маскандан ўзлари истаган нарсани топа олмаяптилар, ақлларини қониқтирадиган, кўнгилларини ёриштирадиган ва муаммоларини ҳал қиладиган ечимни тополмаяптилар. Аксар ёшларимиз ва фарзандларимиз масжидларни ташлаб кетишяпти, Аллоҳ ҳолимизга раҳм айласин!

Ғафлатнинг хатарли сабабларидан яна бири таълим ва тарбия услублари оқсашидир. Ҳозирда таълим дастурларимиз фарзандларимизга маълумот, маърифат ва билим бера олаётгандир, аммо бу дастурлар уларни кўзлари Аллоҳдан қўрқиб ёшланадиган этиб тарбия қилолмаяпти, қалбларига тақвони жойлолмаяпти. Ҳа, таълим дастурларини қайтадан кўриб чиқишга эҳтиёжимиз бор. Фарзандларимиз қалбига аввал-бошдан улуғ динимизнинг ана шу буюк асосларини жойлашимиз ва устунларини ўрнатишимиз лозим. Аллоҳга қасамки, ёшларимиз айниб кетмасликлари учун бугун шу айтилган нарсаларга нақадар муҳтожмиз! Акс ҳолда, кўриб турганимиздек, аксар ёшларимиз шубҳалар тўрига илашиб, одамларни кофирга, фосиққа, бидъатчига чиқариб юришибди. Бундан ҳам ёмони, бегуноҳ одамларнинг қонини ҳалол санайдиган бўлиб кетишяпти. Чунки биз уларни ёшлик чоғларидан динимизнинг асослари, ўзгармас пойдевор ва устунларига биноан тарбиялай олмаяпмиз.

Шунингдек, ғафлатнинг ўта хатарли сабабларидан яна бири борки, уни эслаб ўтмай иложим йўқ. У оила истеъфосидир!

– Нима дедингиз?

– Оила истеъфоси, деяпман.

– Оила ҳам истеъфога чиқиши мумкинми?!

Афсуски, шундай! Ҳозирда юртимиз, балки умматимиз оилаларидан аксарига назар ташлайдиган бўлсак, фарзанд тарбиясидан қалбни ўртаб юборадиган жамоавий истеъфо берилганига гувоҳ бўламиз! Ҳа, қалбларни ўртаб юборадиган истеъфо! Аксар оталар фарзандлари тарбиясидан бошқа нарсалар билан машғул, аксар оналар фарзандлари тарбиясидан бошқа ишлар билан банд! Мана бу ҳолатга нима дейсиз: Тасаввур қилинг, аёл оқшом ишдан келган эрининг қўлига хат тутқазиб: “Дадаси, мен бугун сиздан фарзанд тарбиясидан истеъфо сўрайман”, деса, эрнинг бунга муносабати қандай бўлади?! Кейин отанинг ўзи ҳам ушбу истеъфо хатини ёзиб, аёлига “мен ҳам фарзанд тарбиясидан истеъфо бераман”, деса, бунга аёлнинг муносабати қандай бўлади?! Энди эшитинг: бугун аксар хонадонларга диққат билан разм солган инсон тарбияга оид мазкур фожеавий истеъфога шоҳид бўлади! Дарҳақиқат, аксар оталар ва оналар фарзандлари тарбиясидан бошқа ишларга шўнғиб кетишган. Ҳатто бутун оила жам бўладиган дастурхон атрофида таомдан аввал ё кейин, ёки таом асносида десам ҳам муболаға қилмаган бўламан, оиланинг барча аъзоси қўлидаги телефон билан, ўзининг хос олами билан овора эканини кўрасиз.

Ҳаёт ташвишлари ичра ташлаб ёлғиз,

Ота-онаси вафот этган етим эмас.

Етим улки, онаси бор ­- вақти тиғиз,

Отаси бор, аммо фарзанд ғамин емас.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, ўзингизни ва аҳли оилангизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзах ўтидан сақланг” (Таҳрим, 6).

Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагилардан сўраласиз. Давлат бошлиғи раҳбар ва у халқидан сўралади. Эр киши оиласида раҳбар ва у оиласидан сўралади. Аёл киши эрининг уйида раҳбар ва у қўл остидагилардан сўралади. Хизматчи хўжайинининг мол-мулкида раҳбар ва у қўл остидагилардан сўралади. Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагилардан сўраласиз”.

“Саҳиҳи Муслим”да Маъқил ибн Ясор разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Қай бир бандани Аллоҳ бир қавмга бошлиқ қилса, у ўз қўли остидагиларга хиёнат билан яшаб ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади”.

Ғафлат сабаблари кўп. Аммо бу тўғрида ортиқ гапирмоқчи эмасман. Чунки навбатдаги суҳбатларимизда Аллоҳнинг изни билан ушбу хатарли иллатнинг даволари ҳақида сўз юритмоқчиман. Аллоҳ таолодан мазкур суҳбатларимизни ўзининг юзи учун холис ва ер юзидаги бутун Ислом уммати учун фойдали қилишини сўрайман. Келгуси мақолаларда аср вабоси бўлмиш ушбу хатарли дард – ғафлатнинг даволари ҳақида сўз юритамиз, иншооллоҳ.

Аллоҳ таолодан қалбларимизни ғафлат уйқусидан уйғотишини ва барчамизни Ўзига йўлиққунимизга қадар ҳақ устида собитқадам қилишини сўрайман.

Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг