Ғафлат (26): Иймонни янгилаш

0

Иймонни янгилаш

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога, у зотнинг покиза оилаларига, саҳобайи киромларига ва мўминлар оналари бўлмиш завжаларига Аллоҳнинг салавоти, саломи ва баракоти бўлсин. Парвардигоро, Ўз фазли караминг ва раҳматинг ила улар қаторида бизларни ҳам мағфират эт. Зеро, Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан.

Муҳтарам ака-ука ва опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Ғафлат ҳақида, унинг, белгилари, сабаблари ва муолажаси ҳақидаги суҳбатимиз давом этади. Ҳануз бу дарднинг, балки барча дарднинг давоси ҳақида сўз юритаётган эдик. Ҳа, бугунги суҳбатимизда бир бебаҳо дори-дармон ҳақида сўзлайман. У ғафлат ва бошқа хатарли касалликлар давосининг асоси ва негизидир. У ҳам бўлса иймонни янгилаш… Иймонни янгилаш. Ҳа, иймон пайдо бўлганидан кейин уни янгилаб туриш керак. Зеро, иймон деганимиз тил билан айтиш, қалбда эътироф қилиш, ташқи аъзолари билан амал қилишдан иборатдир, у тоат-ибодат билан зиёда бўлади, гуноҳ, маъсият, хато ва камчиликлар билан ноқис бўлади. Бу аҳли суннат ва жамоат уламоларининг эътиқодидир. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Турли шаҳарларда мингта (минглаб) олим билан учрашдим. Уларнинг барчаси бир овоздан, иймон – сўз, эътиқод ва амалдан иборат ҳамда у зиёда бўлади ва камаяди, деб айтишган”.

Иймоннинг рукнлари бор… Иймоннинг рукнлари бор. Уларни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Жаброил алайҳиссалом ҳадиси”да айтиб ўтганлар: “Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, элчиларига, охират кунига ва қадарнинг яхши ва ёмони Аллоҳдан эканига иймон келтиришинг”.  Мана шулар иймоннинг рукнлари ҳисобланади.

Иймоннинг таъми бор. Саҳиҳи Муслимда Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳни Раббим, Исломни диним, Муҳаммадни Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбари деб билса, иймон таъмини тотибди”, дейилган.

Иймоннинг лаззати бор. “Саҳиҳайн”да Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейлган: “Уч хислат кимда бўлса, иймон лаззатини тотади. Аллоҳ ва Унинг элчиси унга бошқа ҳамма нарсадан севимли бўлиши,  бир одамни фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, Аллоҳ куфрдан қутқарганидан кейин куфрга қайтишни худди оловга ташланишини ёмон кўргандек ёмон кўриши”.

Иймоннинг нури бор. Ҳа, унинг нури бўлади. Абу Нуайм ва Дайламий ҳасан санад билан Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Худди ойни (баъзан) тўсиб қўядиган булутлар бўлгани каби ҳар бир қалбда (баъзан иймон нурини) тўсиб қўядиган булутлар бўлади. Ой ёришиб турганда булут келиб уни тўсса, ер юзи қоронғулашади. Агар булутлар кетса ёришади”. Осмоннинг қоқ ўртасида турган ойнинг нурини ерга тушишидан булутлар тўсгани каби гуноҳ ва маъсият булутлари қалбдаги иймон нурини тўсади. Осмондаги булутлар тарқаса ойнинг нури ерга тушади. Гуноҳлар булути ҳам тавба-тазарруъ, Аллоҳнинг ҳидоятига қайтиш орқали тарқаса, қалбда иймон нури порлай бошлайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Зинокор зино қилган пайтда мўмин ҳолида зино қилмайди. Ўғри ўғирлик қилган пайтда мўмин ҳолида ўғирлик қилмайди. Одам маст қилувчи нарсани ичган пайтда мўмин ҳолида ичмайди”. Бошқа ҳадисда эса: “Агар банда бир гуноҳга қўл урса, қалбида бир қора доғ ўйиб қўйилади. Агар тавба қилса, истиғфор айтса, гуноҳни ташласа, қалби сайқалланади – тиниқ ва силлиқ ойна каби бўлиб қолади –  агар қайтса – яъни гуноҳга – қора доғ ҳам қайтади. Агар кўпайтирса, яъни гуноҳ ва маъсиятларни, қора доғ ҳам каттаради. Мана шу рон (занг)дир. Бора-бора бу занг қалбни қоплаб қолади. Аллоҳ таоло у ҳақда бундай деган: “Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари қилган гуноҳлари қоплаб олгандир! Ҳеч шак-шубҳа йўққи, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорларидан тўсилувчидирдар” (Мутаффифийн, 14-15). Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ.

Демак, азизлар, иймон тоат-ибодат билан зиёда бўлар экан. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ мўминларнинг иймонлари зиёда бўлиши учун уларнинг дилларига сакинат-ором туширган зотдир” (Фатҳ 4). Бошқа оятда: “Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар” (Анфол, 2). Бу масаланинг далиллари кўп. Энг кучли далиллардан бўлган икки ҳадисни айтиб ўтаман ва шу билан суҳбатимизни якунлаймиз.

Биринчиси Ҳоким, Табароний ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ичингиздаги иймон худди кийим эскиргани каби эскиради – яъни кийим тўзгандек тўзийди – Аллоҳдан қалбингиздаги иймонни янгилашини сўранглар”. Аллоҳдан қалбингиздаги иймонни янгилашини, уни қалбингизга мустаҳкам ўрнатишини, қалбингизни иймон билан ҳидоят қилишини сўрадингизми?! Зеро, ким Аллоҳга иймон келтирса, унинг қалбини ҳидоятга бошлайди. Агар қалб иймоннинг таъми ва лаззатини тотса, ҳар қандай дардига даво беради.

Келинг, бу масалага оид энг кучли ҳадисни айтиб ўтайлик. Ҳадисни имом Муслим Ҳанзала Усайдий разияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Бу саҳоба Пайғамбаримизнинг ваҳийни ёзиб борадиган котибларидан бири бўлган. У айтади: “Бир куни Абу Бакр билан учрашиб қолдим. Мен унга: “Эй Абу Бакр, Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди”, дедим. “Нега ундай деяпсан?!”, деди. “Пайғамбаримизнинг ҳузурида бўлганимизда у зот бизга жаннат ва дўзахни эслатадилар. Ҳатто биз уларни худди кўриб тургандек бўлиб кетамиз. Аммо у зотнинг ҳузуридан чиққач хотин ва бола-чақаларимизга аралашиб, кўп нарсани эсимиздан чиқариб юборамиз” дедим. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Қасамки, биз ҳам шундай ҳолатга тушамиз”, деди. Биргалашиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бордик. Ҳанзала деди: “Ë Расулуллоҳ, Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди”. У зот: “Нега ундай деяпсан?!”, дедилар. “Ë Расулуллоҳ, ҳузурингизда бўлганимизда бизга жаннат ва дўзахни эслатасиз. Ҳатто биз уларни худди кўриб тургандек бўлиб кетамиз. Бироқ ҳузурингиздан чиққач хотин ва бола-чақаларимизга аралашиб, кўп нарсани эсимиздан чиқариб юборамиз”, дедим. Пайғамбаримиз дедилар: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлгандек ҳолатда ва зикрда ҳамиша бўлсангиз, ётган жойларингизда ва кўчаларда фаришталар сиз билан қўл бериб кўришган бўлар эди. Лекин гоҳ ундай, гоҳ бундай, гоҳ ундай, гоҳ бундай, гоҳ ундай, гоҳ бундай ҳолатда бўласиз”, дедилар.

Қалбингизни ундаги иймонни янгилаш билан парвариш қилинг, иймонни кучайтирадиган омилларга рўбарў қилинг. Масалан, зикр, Қуръон тиловати, намоз, тавба, истиғфор, илм давралари, солиҳ инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш, имкон борича фитна ва гуноҳ маъсият бор жойлардан узоқлашиш.

Аллоҳ азза ва жалладан қалбимиздаги иймонни янгилашини, иймонни қалбимизда зийнатлашини, бизга куфр, фисқу фужур ва гуноҳни ёмон кўрсатиб қўйишини, қалбларимизни ғафлат уйқусидан уйғотишини сўрайман. Шубҳасиз, бу Унинг қўлида ва У бунга қодирдир. Пайғамбаримиз Муҳаммадга саловат ва саломлар бўлсин!

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи баракотуҳ.

Изоҳ қолдиринг