Ғафлат (30): Тавба

0

Тавба

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Пайғамбаримиз ва ҳабибимиз Муҳаммад мустафога, у зотнинг покиза оилаларига, саҳобайи киромларига ва мўминлар оналари бўлмиш завжаларига Аллоҳнинг салавоти, саломи ва баракоти бўлсин. Парвардигоро, Ўз фазли караминг ва раҳматинг ила улар қаторида бизларни ҳам мағфират эт. Зеро, Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан.

Муҳтарам ака-укалар, опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Аллоҳ азза ва жалладан дунё ва охиратда сизу бизнинг гуноҳларимизни яширишини сўрайман! Бугунги суҳбатимиз ушбу тўпламнинг энг охирги суҳбатидир.

Ғафлат: унинг белгилари, сабаблари ва давоси ҳақида сўз юритаётган эдик.

Суҳбатимизни ғафлат ва ундан бошқа барча дардга, ошкори-ю, махфийсига дармон бўладиган қуйидаги кучли даво билан якунлашни маъқул топдим. У – тавба қилиш, Аллоҳга ва ҳидоят йўлига қайтиш, истиғфор айтиш.

Ҳа, нафақат ушбу дарддан, балки бошқа ҳар қандай дарддан қутулишнинг тавба қилишдан бошқа йўли йўқ. Ҳар бир одам боласи хатокор, хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир. Тавба Ислом динининг асл моҳияти ҳисобланади. Диннинг барчаси тавба исми остига киради (Диннинг барча қисми тавба номи остида жамланади). Ислом, иймон, эҳсон буларнинг барчаси тавба деган ном остига киради. Шу сабабли Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тавба қилувчиларни яхши кўради.  Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни яхши кўради” (Бақара, 222).

Кўпчилик одамлар тавбанинг асл моҳиятини билиш ва уни илм, амал ва хатти-ҳаракатларида рўёбга чиқариш у ёқда турсин, унинг қадрини ва шарафини билмайди. Аллоҳнинг фазли марҳамати ила буни билган айрим одамлар бундан мустасно, албатта.

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар” (Таҳрим, 8). Бошқа оятда:  “Барчангиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”, деган (Нур, 31). Оятда “Эй гуноҳкор бандалар ёки эй хато-камчиликлари бор бандалар, тавба қилинглар”, деб айтмади. Балки “Барчангиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”, деди.

Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кунда юз марта Аллоҳга тавба қилар ва истиғфор айтар эдилар. Бир ривоятда етмиш мартадан кўп дейилган. Ҳолбуки, у зотнинг олдинги-ю, кейинги барча гуноҳлари кечирилган эди.  Тавба… Гуноҳингиз қанчалар катта бўлмасин, қанчалар кўп бўлмасин, Аллоҳнинг раҳмат эшиги олдига келинг ва Аллоҳнинг ҳузурида хокисорлик ва тавозеъ билан, муҳаббат ва муҳтожлик изҳор этиб, тавба ва истиғфор айтган ҳолда туринг. Шуни аниқ билингки, қай вақтда бўлмасин, хоҳ кечаси, хоҳ кундузи, Аллоҳ таоло сизнинг тавба қилиишингиз ва тўғри йўлга қайтишингиз билан хурсанд бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилмайдиган бўлганларингизда, Аллоҳ сизларнинг ўрнингизга гуноҳ қилиб, кейин тавба қиладиган ва Ўзи уларни кечирадиган бандаларни олиб келган бўлар эди”. “Саҳиҳайнда” ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Бир банда бир гуноҳ иш қилиб қўйиб, “Эй Раббим, мен бир гуноҳ қилдим, Ўзинг шу гуноҳимни кечиргин”, деди. Шунда Aллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ қилиб, сўнг бу ишига жазо берадиган ва уни кечирадиган Рабби борлигини билди, Мен эса бандамни кечирдим”, деди. Сўнгра (яна) гуноҳ қилиб, “Эй Раббим, мен бир гуноҳ қилдим, Ўзинг бу гуноҳимни кечиргин”, деди. Aллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ қилиб, сўнг бу ишига жазо берадиган ва уни кечирадиган Рабби борлигини билди, Мен эса бандамни кечирдим”, деди. Сўнгра (яна) гуноҳ қилиб, “Эй Раббим, мен бир гуноҳ қилдим, Ўзинг ушбу гуноҳимни кечиргин”, деди. Aллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ қилиб, сўнг бу ишига жазо берадиган ва уни кечирадиган Рабби борлигини билди, Мен эса бандамни кечирдим, энди бандам хоҳлаган амалини қилсин”, деди”. Лекин ушбу ҳадисни нотўғри тушуниб қолмайлик. Зеро, тубан одамгина гуноҳ-маъсиятга журъат қилади (қўл уради). Ҳадисда назарда тутилган маъно шуки, банда гуноҳ қилгандан кейин тавба қилиб Аллоҳга юзланади, бироқ бандалиги ва нафси олдида заифлиги туфайли яна гуноҳга қўл уриб қўяди ва бундан қалби изтироб чекади, кўзига ёш келади, бадани титрайди ва тавба-тазаррусини янгилайди.

Бундан (тавба қилишдан) малолланманг. Шуни билингки, то сиз малолланмагунингизча Аллоҳ таоло малолланмайди. Қачон бир гуноҳга қўл уриб қўйсангиз, қачон маъсият домига тушиб қолсангиз, туриб тавба қилинг, Аллоҳга юзланинг ҳамда тавба ва надомат кўз ёшлари ила покланинг. Шуни аниқ билингки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу ишингиздан хурсанд бўлади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Бандам Мен ҳақимда нима деб ўйласа, унга нисбатан шундай бўламан. У Мени эсласа, Мен у билан бирга бўламан. Агар Мени ичида эсласа, Мен ҳам уни ичимда эслайман. Агар Мени одамлар олдида эсласа, Мен ҳам уни улардан кўра яхшироқ бўлган зотлар (фаришталар) олдида эслайман. Менга бир қарич яқинлашса унга бир аршин яқинлашаман, Менга бир аршин яқинлашса унга бир қулоч яқинлашаман, Менга юриб келадиган бўлса унга югуриб бораман”. Бошқа ҳадиси қудсийда: “Эй Одам боласи, модомики, Менга дуо қилиб, (мағфиратимни) умид қилар экансан, қанча ва нима гуноҳинг бўлса ҳам, ҳеч нарсага қарамай сени кечираман. Эй Одам боласи, гуноҳларинг осмонга қадар (етадиган даражада кўп) бўлса ҳам, лекин Менга истиғфор айтиб, тавба қилсанг, ҳеч нарсага қарамай гуноҳларингни кечираман. Эй Одам боласи, ерни қоплагудек гуноҳлар билан, лекин Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ҳузуримга келсанг, ерни қоплагудек мағфират билан келаман (қарши оламан)”, дейилади.

Тавба қилсам кечирадиган, гуноҳ қилсам (кечиришига) умид берадиган, юз ўгирсам чақирадиган, юзлансам яқинлаштирадиган, камчиликка йўл қўйсам кечирадиган, яхшилик қилсам мукофот берадиган Илоҳим, Сен менинг Раҳмонимсан (Маъбудимсан), ғам-қайғуларимни аритгин.

Умидсизликка тушманг, умидингизни узманг, Аллоҳ ҳаққи илтимос қиламан, ҳозироқ туринг, таҳорат олинг, икки ракаат намоз ўқинг, саждада узоқ туринг ва Аллоҳнинг ҳузурида йиғланг, қалбингизни хокисор ва тавозеъли, муҳаббат ва муҳтожли ҳолда тутинг, камчиликка йўл қўйганингиз, ожизлигингиз, муҳтожлигингизни, заифлигингизни эътироф қилинг. Шуни аниқ билингки, Аллоҳ таоло хоҳ кечаси, хоҳ кундузи, ҳеч қачон тавба эшигини ёпиб қўймайди.

Ғафлатнинг давоси ҳақида яна сўз юритишни жуда хоҳлар эдим. Қуръон тиловати, Аллоҳни эслаш, яхши одамлар билан ҳамсуҳбат бўлиш, мусулмон оиланинг роли ва бурчи, масжиднинг роли ва бурчи, таълим йўлининг роли ва бурчи, интернет ва оммавий ахборот воситасининг ушбу воситаларни Аллоҳга яқинлаштирадиган услубда тўғри тартиблаш роли ҳақида…

Азиз биродарлар, ушбу мақолалар тўпламида катта асослар, ғафлатнинг белгилари, бизни ғафлатга туширган энг муҳим сабаблар, Аллоҳнинг изни ила бизни ғафлат уйқусидан турғизадиган энг муҳим даволари ҳақида эслатдим, деб Аллоҳдан умид қиламан.

Суҳбатимиз якунида азиз ака-ука ва опа-сингилларимизга бир муҳим ишни таъкидлаб айтмоқчиман (насиҳат қилмоқчиман) – фитна замонида бу нақадар қийматли таъкидли иш (насиҳат) эканини биласизми – у ҳам бўлса, кечаси туриб намоз ўқишни тарк қилманг. Фарз намозларига маҳкам бўлинг ва таҳажжуд намозини ташлаб қўйманг. Зеро, тун Аллоҳни яхши кўрадиган бандаларнинг қувончи, Аллоҳга муштоқ бўлган бандаларнинг бўстони. Аллоҳнинг шундай бандалари борки, худди подачи кундузи қўйларини боққанидек кундузи сояларни боқадиган ва худди қуш инига интиқлик билан борганидек кун ботишини интиқлик билан кутадиган, кеч кирганда тўшаклар тўшалиб, ҳар бир одам яхши кўрган одами билан ёлғиз қолганда, туриб Аллоҳнинг ҳузурида турадилар, пешоналарини ерга қўядилар, Парвардигорларига муножот қиладилар ва Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва неъматини сўрайдилар. Аллоҳга қасамки, уларга Аллоҳ берадиган биринчи неъмати уларнинг қалбига Ўз нуридан бир парчасини солади. Ҳасан Басрийдан: “Нега таҳажжуд намози ўқийдиган одамларнинг юзи энг нурли юз бўлади?”, деб сўрашди. Шунда у: “Чунки улар тунда Парвардигорлари билан холи қолишди. Аллоҳ уларни Ўз нури билан буркади”, деб жавоб берди. Бу Аллоҳнинг фазли. Пайғамбаримиз дедилар: “Тунги (таҳажжуд) намозини маҳкам тутинглар. Зеро, у сизлардан олдинги солиҳ одамларнинг йўли (одати) ва Раббингизга яқинлаштирадиган, гуноҳларни кечирилишига сабаб бўладиган, гуноҳлардан қайтарадиган амал”.

Шунингдек, дуони унутманглар, дуога беэътибор бўлманглар. Ҳа, кўп дуо қилинг, Аллоҳнинг ҳузурида кўпроқ хокисор бўлинг. Аллоҳ таоло: “Менга дуо қилинглар, албатта дуоларингизни қабул қиламан”, деган. Аллоҳ таолодан истаган барча нарсангизни сўранг, Аллоҳдан бирон нарсани сўрашдан, хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, қўлларингизни кўтариб, ёлвориб дуо қилишдан ҳечам уялманг. Зеро, ибодат бу дуодир… Дуо бу ибодатдир… Дуо бу диндир… Аллоҳ таоло Қуръонни Фотиҳа сурасида дуо билан бошлади ва Ан-Нос сурасида у билан якунлади.

(Шеър мазмуни:) Умид либосини кийдим, ҳолбуки одамлар уйқудалар. Кечаси Раббимга қийинчилигимни шикоят қилдим. Ҳар қандай қийинчиликда умидим бўлган, мусибатларимни аритишда суянадиган Илоҳим, ўзинг биладиган ишлардан Сенга шикоят қиламан. Мен уларни кўтаришга ва аритишга ҳамда уларга сабр қилишга тоқатим етмайди. Хокисорлик ила қўлларимни Ўзингга кўтараман. Зеро, Сен қўллар унга чўзилган энг яхши Зотсан. Эй Раббим, уларни бўш қайтармагин. Зеро, саховатинг барча нарсадан кенгдир.

Қандай тавфиқ бўлса, бу ёлғиз Аллоҳ таолодан, қандай хато-камчилик бўлса, мендан ва шайтондан. Аллоҳ ва Расули бундан пок. Ўзгаларни жаннатга олиб ўтиб, ўзи дўзахга улоқтириладиган “кўприк” бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман.

Пайғамбармиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли оиласи ва саҳобаларига саловат ва саломлар бўлсин. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Ҳассон

Изоҳ қолдиринг