Оилавий муносабатлар (22): Эр-хотин ўртасида рухсат бўлган ёлғон ҳақида

0

Эр хотинига марҳаматли бўлиши, унинг кўнглини кўтарадиган, дилини шод қиладиган ва қалбига муҳаббат уруғини сепадиган сўзлар билан эркалаши лозим. Шунингдек, хотин ҳам эрига ширинсўз бўлиши, кўнглини олиши, эрининг қалбида илиқлик, муҳаббат пайдо қиладиган ишларни қилиши керак. Эҳтиёж туғилса эр-хотин бир-бирига ёлғон гапириши ҳам мумкин. Масалан, эр хотинига бўлган муҳаббатини аслидан кўра ошириб изҳор қилиши, гарчи у қадар чиройли бўлмаса-да ҳусн-жамолини мақташи, хотин ҳам эрини бироз муболаға қилиб бўлса-да эркаклик фазилати ва ҳоказо хислатларини айтиб мақташи жоиз. Буларнинг барига оила мустаҳкам бўлиши, келишмовчиликлар олдини олиш ва оила ислоҳи учун рухсат берилган. Бўлар-бўлмасга ёлғон гапиришга ҳеч ким учун рухсат берилмаган.

“Саҳиҳ Муслим”да Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муайт разияллоҳу анҳодан ҳадис ривоят қилинган, унда у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим дейди: “Одамлар орасини ислоҳ қиладиган (ёлғон сўзларни ишлатиб бўлса ҳам), яхшиликни гапирадиган ва яхши сўзларни етказадиган киши каззоб эмас[1].

Аммо ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлишига, бировларнинг моли ноҳақ еб кетилишига сабаб бўлувчи ёлғон ҳаромдир.

Асмо бинти Язид айтади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ёлғон уч ўриндагина мумкин: эр хотинини рози қилиш учун ёлғон гапириши, урушда ёлғон гапириш ва одамлар орасини ислоҳ қилиш учун ишлатилган ёлғон[2].

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Эрнинг хотинига ва аксинча хотиннинг эрига ёлғон гапириши деганда муҳаббат изҳор қилиш, бажариш вожиб бўлмаган ваъда ва шу каби сўзларни тушунмоқ лозим. Аммо эр ё хотиннинг ҳаққини поймол қилиш ва ўзига тегишли бўлмаган нарсаларни олишда алдов ишлатиш мусулмонларнинг ижмоси билан ҳаромдир. Валлоҳу аълам”[3].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ “Муҳалло” китобида бундай деган: “Эр-хотин ўртасида муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўладиган сўзларда ёлғон ишлатишнинг зарари йўқ”[4].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Эрнинг аёлига ёлғон гапириши унга ваъдалар бериши, орзу-умидлар билан юпатиши, қалбидагидан кўра кўпроқ муҳаббат изҳор қилишидир. Шундай қилса аёли билан ҳаёти давомли бўлишига, унинг хулқ-атвори ўнгланишига эришади”[5].

[1] Муслим (2605).

[2] Термизий (1939), Аҳмад (6/454, 459, 460).

[3] “Шарҳи Муслим” (5/465).

[4] “Ал-Муҳалло” (10/75).

[5] “Авнул-Маъбуд” (13/263).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг