Рамазон тарихи ва одоблари (7): Рўзанинг одоб ва аҳкомлари

0

Рўзанинг одоб ва аҳкомлари

Ҳар бир улуғ амалнинг ҳаққини тўла адо этиш ва ажру савобига эришиш учун риоя қилиниши керак бўлган одоб ва аҳкомлари бўлгани каби рўзанинг ҳам ўзига хос одоб ва аҳкомлари бор. Юқорида унинг айрим одоблари, жумладан, рўзада барча аъзолар иштирок этиши лозимлиги, мусулмон киши Аллоҳ қайтарган нарсаларнинг ҳаммасидан ва ҳатто баъзи ҳалол ва жоиз ишлардан ҳам тийилиши кераклиги ҳақида айтиб ўтилди.

Рўзага доир ҳукмларни китоблардан, фиқҳ дарсликларидан топиш мумкин, савол-жавоб ва фатволар орқали ҳам билиб олса бўлади. Бироқ бу ерда баъзи умумий ҳукмлар борки, рўзадорларга эслатиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Улар егулик-ичкиликларига, гап-сўз ва иш-ҳаракатларига доир ҳукмлардир.

Аллоҳнинг тоат-ибодатига ёрдам бўлиши учун Рамазонда ҳалол ризқ топишга ҳаракат қилиш ушбу ҳукмлар жумласидан. Бу ўз навбатида инсонни ҳалол касбга одатланишига ва йил бўйи шубҳали нарсалардан тийилишига ёрдам беради, олди-сотди ишларида ўлчов-тарозида уриб қолмайдиган, алдамайдиган ва хиёнат қилмайдиган қилиб тарбиялайди. Аслида ҳалол таом доимо вожиб бўлса-да, Рамазонда унинг вожиблиги таъкидлироқдир. Чунки рўзадор одам учун ҳалолдан тийилиб, ҳаромдан ризқланиши асло жоиз эмас.

Ундан сўнг саҳарлик ва ифторлик борасидаги одоб ва аҳкомлар келади.

Рамазондаги саҳарлик ушбу умматга хос бўлган хусусиятлардан. Ўтган умматларнинг рўзаларида саҳарлик таомига ижозат бўлмаган. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзаси ўртасидаги фарқ саҳарлик тановул қилишдир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Биздан аввалги умматлар рўзасида, шунингдек, Исломнинг илк даврида рўзадорга ухлаб қолган пайтидан, ё хуфтон намозини ўқиганидан сўнг ейиш-ичиш ва жинсий алоқа ҳаром қилинган эди. Уйқу ёки намоздан қай бири юз бериши билан мазкур ишларнинг ҳаромлиги ҳосил бўлар, хуфтон намозидан то эртаси кун ботгунга қадар рўза ҳолатида бўлинар, ифтор муддати бор-йўғи шом билан хуфтон оралиғида эди. Агар кун ботгач, хуфтондан илгари ухлаб қолган бўлса емоқ-ичмоқдан маҳрум қоларди.

Бир куни бир киши даласидан уйига шомдан сўнг етиб келди. Аёли унга таом ҳозирлагунича кўзига уйқу ғолиб келиб, ухлаб қолди ва шу сабаб кечани оч ўтказишга мажбур бўлди. Эртасига шу ҳолида рўзасини давом эттириб, кун яримлаганда ҳолсизликдан ҳушидан кетиб қолди.

Бошқа бир киши уйига кечроқ келганида аёли у келгунича ухлаб қолганини айтди, бироқ у аёлининг гапини бир баҳона деб гумон қилиб, у билан қўшилди. Сўнг ўзига хиёнат қилганини англаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб берди. Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оғир ботди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

«Аллоҳ сизлар ўзларингга хиёнат қилаётганларингни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарса (фарзанд)ни талаб қилингиз! Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара, 187).

Шу оят билан илгариги тақиқ бекор бўлди, еб-ичиш ва аёллар ҳалол қилинди. Аслида, тун бўйи еб-ичиш мумкин бўлса-да, бироқ хоссатан саҳарлик таоми тановул қилиш рўзанинг ажралмас қисми қилиб белгиланди. Бу Аллоҳ таоло тарафидан бизларга марҳамат қилиб берилган рухсат бўлгани боис саҳарликни имкон қадар охирги вақтигача кечиктириш афзал ҳисобланади. Саҳарлик хусусида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган:

«Саҳарлик қилингиз, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ).

«Албатта, саҳарлик Аллоҳнинг сизларга ато этган баракотидир, уни тарк қилмангиз!» (Насоий ривояти).

«Саҳарлик қилиш билан кундузнинг рўзасига, қайлула (кундузги уйқу) билан тунги намозга мадад олингиз» (Ибн Можа, Ҳоким, Ибн Хузайма ривоятлари).

Саҳарликни эрта тамомлашдан қайтариб, шундай деганлар: «Умматим модомики ифторни тезлатиб, саҳарликни кечиктирар экан, яхшилик устида давом этаверади» (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳарлик бир луқма таом ёки бир қултум сув билан бўлса-да ҳосил бўлади:

«Саҳарлик тановул қилиш баракадир, гарчи бир қултум сув ичиш билан бўлса-да уни тарк қилмангиз! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ва малоикалари саҳарлик қилувчиларга салавот-салом йўллаб турадилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Салафларнинг саҳарликлари билан азон ўртасида эллик оят қироат қилиш миқдорида вақт бўларди. Бироқ саҳарликни бомдодга бир неча лаҳза қолгунча ҳам давом эттириш мумкин.

Ифторни эса тезлатиб, кун ботиши биланоёқ оғизни очиш лозим. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар модомики ифторликни тезлатар эканлар, яхшилик устида давом этаверадилар», деганлар.

Аниқроқ ишонч ҳосил қилиш мақсадида ифторни кечиктириш дуруст эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юлдузлар кўриниб қолгунча кечиктиришдан огоҳлантирганлар. Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда: «Умматим модомики юлдузлар кўрингунча ифторини кутиб турмас экан, менинг суннатимда давом этаверади», деганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Анас разияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни бир оз сув билан бўлса-да оғиз очмагунларича шом ўқиганларини кўрмадим», дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Нима билан оғиз очиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Биронтангиз оғиз очса, хурмо билан очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир» (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч дона хурмо билан оғиз очганлари ёки ўт тегмаган нарса билан оғиз очганлари ҳақида ҳам ривоятлар келган.

Оғиз очиш пайтида ўқиладиган махсус дуо ва зикрлар бор. Ҳадисларда рўзадор одамнинг оғиз очиш пайтдаги дуоси ижобат бўлиши айтилган.

“اَللّهُمَّ إِنِّي لَكَ صُمْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ”.

«Аллоҳумма инний лака сумту ва ала ризқика афторту» (Эй Раббим, албатта мен Сен учун рўза тутдим ва Сенинг берган ризқинг билан ифтор қилдим) дуоси мазкур дуолардандир.

Оғиз очишга шошилиш банда ўзининг нақадар ожиз ва заиф эканини ифода этишидир. Аллоҳнинг ноз-неъматларидан тийилиб тураркан, изн келганидан кейин ҳам яна ўзини тийиб туравериши бандага ярашмайдиган иш. Аксинча, ифтор вақтини интиқиб кутиши, Аллоҳнинг ўзига берган неъматини тановул қилишга хурсандлик билан шошилмоғи лозим. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: оғиз очган вақтида бир хурсанд бўлади, Раббига йўлиққан пайтида рўзаси сабабли иккинчи бор хурсанд бўлади» (Имом Бухорий ривояти).

Рўзадор киши бошқа бир рўзадорни ифтор қилдириши мустаҳаб амаллардан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир рўзадорни ифтор қилдирса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади. Бироқ бу рўзадорнинг ажридан ҳам ҳеч нарсани камайтирмайди», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Саҳарлик билан ифтор оралиғида рўзадор рўзани бузиш эҳтимоли бўлган: таҳоратда бурунга қаттиқ сув тортиш, қон олдириш каби ишлардан тийилиши лозим бўлади.

Шунингдек, ўзини мажбурлаб қусишдан сақланиш керак, чунки бу рўзани бузади. Аммо ихтиёрсиз равишда қусиш рўзани бузмайди.

Шунингдек, ўз нафсини бошқара олишига ишонмаган одам аёлини қучиш, эркалатиш каби ишлардан тийилиши керак. Ойша разияллоҳу анҳо айтганлар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида аёлларидан бўса олардилар, қай бирингиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра шаҳватини жиловлай олувчироқ?!».

Рўзадор одам кўп Қуръон ўқиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар йили Рамазонда бир бор Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назарларидан ўтказиб олардилар, охирги йили икки марта ўтказиб олганлар.

Шунингдек, кўп садақотлар қилиш лозим. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан шундай ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кeтардилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Сўзимиз охирида Аллоҳдан бизларни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўраймиз.

Ва саллаллоҳу ва саллама ва борака ала саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.

Изоҳ қолдиринг