Умавийлар: Муовия розияллоҳу анҳу (1)

0

Насл-насаби ва туғилиши

Муовия розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исми – амийрулмўъминин Абу Абдураҳмон Муовия ибн Абу Суфён ибн Сахр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушамс ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб. Муовия розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келишидан беш йил олдин таваллуд топган. У узун бўйли, ранги оқ, чиройли ва ҳайбатли киши бўлган.

Муовия розияллоҳу анҳу ёшлигидаёқ ота-онаси унинг келажаги буюк одам бўлиб етишишини билишар эди. Абу Суфён Муовия розияллаҳу анҳунинг эмаклаб юрганига қараб хотини Ҳиндга: “Ўғлим жуда ҳам ақлли, кўрасан, у қавмига бошлиқ бўлади”, – деди. Шунда Ҳинд: “Фақат қавмигами?! Бутан арабларга бошлиқ бўлмаса, ўлгани яхши”, – деди.

Отаси Абу Суфённинг исломга кириши

Абу Суфён розияллоҳу анҳу жоҳиллик даврида исломга қарши қаттиқ курашган эди. Унинг исломга қарши қилган ишлари сийрат китобларида айтилган. Шундай бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уни ҳидоятлади. У Макка фатҳидан бироз олдин исломни қабул қилди. Макка фатҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳурматини жойига қўйиб: “Ким Абу Суфённинг уйига кирса, у омонда”, – деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ишлари биз учун катта ибрат. Абу Суфён розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан олдин у ердаги энг обрўли кишилардан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга Абу Суфён исломни қабул қилгани билан унинг обрўйи камайиб қолмаслигини билдириб қўйдилар. Абу Суфён розияллоҳу анҳу мансабни қаттиқ яхши кўргани боис исломни қабул қилмай юрган эди. У исломни қабул қилганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қалбидаги мана шу омилларни инобатга олдилар. Токи унинг қалбида исломга нисбатан ҳасад қолмасин. Бугунги кунимиздаги уламолар ҳам инсонлар билан муомала қилар эканлар, шу нарсага риоя қилишлари керак.

Абу Суфён розияллоҳу анҳу исломни қабул қилганидан кейин барча жангларга қатнашди ва исломга катта хизмат кўрсатди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайн жангида, Тоиф қамалида иштирок этди. У Тоиф қамалида бир кўзидан, Ярмук жангида эса иккинчисидан ҳам ажралиб қолди. Абу Суфён розияллоҳу анҳу исломга қарши қилган курашларини унутмади. Шу боисдан исломга киришидан олдин келтирган зараридан кўра каттароқ хизмат қилиш учун бор кучини сарфлади.

Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижрий ўттиз биринчи йил саксон уч ёшида вафот этди. Жанозасини ўғли Муови розияллоҳу анҳу ўқиди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг